January 6, 2023

“Ўзбекнефтгаз”: Бухоро нефтни қайта ишлаш заводига "ANAB" аккредитациясига эга халқаро сертификат топширилди

Бош саҳифа Русский

“Ўзбекнефтгаз” АЖ тасарруфидаги Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи “International Aerospase Quality Group” (IAQG) - Халқаро аэрокосмик сифат гуруҳининг тенг ҳуқуқли аъзосига айланиб, авиация ёқилғиси етказиб берувчиси сифатида “ОASIS” халқаро маълумотлар базасига киритилди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан “Ўзбекнефтгаз” АЖга топширилган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш орқали импорт ўрнини босувчи маҳсулотларни маҳаллийлаштириш борасида илмий-тадқиқот институтлари билан ҳамкорлик алоқалари кучайтирилмоқда.

Хусусан, Бухоро нефтни қайта ишлаш заводида авиация ёқилғиси ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш ва Ўзбекистон самолётларини юқори сифатли авиаёқилғи билан узлуксиз таъминлаш имкониятлари кенгайиб бормоқда.

Хусусан, Бухоро нефтни қайта ишлаш заводида “Uzbekistan GTL”дан олиб келинаётган синтетик хом-ашёдан “Джет” русумли ярим синтетик авиация ёқилғиси ишлаб чиқариш лойиҳаси муваффақиятли амалга оширилди.

Аввал хабар қилинганидек, 2022 йилнинг 14 ноябридан 2 декабрига қадар мазкур заводда “AS 9100D” менежмент тизими (Сифатни бошқариш тизими. Авиация, космик ва мудофаа ташкилотларига қўйиладиган талаблар) халқаро стандарти талабларига мувофиқлиги бўйича сертификатлаш аудити ўтказилган эди.

Сертификатлаштириш аудити DNV (Det Norske Veritas) сертификатлаштириш органи томонидан Италиялик аудиторларни жалб қилган ҳолда “Managament certification” МЧЖ мутахассислари ёрдамида ўтказилди.

Аудитнинг асосий мақсади сертификатлаштириш кўламини кенгайтириш ва “Джет А-1” авиа ёқилғиси ва “Джет” ярим синтетик авиация ёқилғисини ишлаб чиқариш ва сотиш билан боғлиқ бошқарув тизимининг мувофиқлигини баҳолашдан иборат эди.

Аудитнинг муваффақиятли натижаларига кўра, “DNV” сертификатлаштириш органи Бухоро нефтни қайта ишлаш заводини “ANAB” томонидан аккредитациядан ўтган ва жаҳон миқёсида эътироф этилган халқаро сертификатни олиши учун тавсия қилишга қарор қилди.

2022 йил 28 декабрь куни “Managament certification” МЧЖ директори Раҳимжон Ҳакимов Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи раҳбари Акбар Фазиловга ANAB аккредитациясига эга жаҳонда эътироф этилган халқаро сертификат ва эсдалик “Сифат белгиси”ни топширди.

Маълумот учун қайд этиш лозимки, “ANAB” - Шимолий Америкадаги энг йирик аккредитация органи бўлиб, 75 дан ортиқ мамлакатларда хизмат кўрсатади.

Эндиликда Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи Ўзбекистон Республикасининг “OASIS” маълумлотлар базасига киритилган ягона корхонаси бўлиб, “Airbus”, “Honeywell”, “Lufthansa” каби авиация соҳасида дунёнинг энг йирик компаниялар билан бир хил рўйхатга киритилди.

Энг муҳими, эришилган натижа сармоядорларни жалб этиш истиқболларини яратади, шунингдек, республикамиз ва нефть-газ саноатининг жаҳондаги мавқеини юксалтиради.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати

#нефть#газ#энергия#скважин#инвестиция#добыча#углеводород#экономика#завод#нефтебаза#қудуқ#кон#иқтисод#аёқш

|web-sayt|facebook|instagram|telegram|