October 27, 2022

“Ўзбекнефтгаз”: Муқобил энергия манбалари ҳисобига 19,4 млн. кВт*соат электр энергияси ва 17,9 млн. м3 ёқилғи гази иқтисод қилинди

Бош саҳифа Русский

Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқаруви раисининг топшириғига биноан, жамият тасарруфидаги корхона ва бошқармаларда Энергия ресурсларидан оқилона фойдаланиш, иқтисод қилиш, энергия тежамкор ускуналарни жорий қилиш ҳамда сифатли ва узлуксиз энергия ресурслари билан таъминлаш бўйича бир қатор тизимли чора-тадбирлар ишлаб чиқилди.

Ушбу тадбирларнинг амалга тадбиқ қилишга Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 10 июлдаги “Иқтисодиётни энергия самарадорлигини ошириш ва мавжуд ресурсларни жалб этиш орқали иқтисодиёт тармоқларининг ёқилғи-энергетика маҳсулотларига қарамлигини камайтиришга доир қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарор асос бўлиб хизмат қилмоқда.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Ишлаб чиқаришни техник тартибга солиш департаментининг Бош энергетик бўлими назорати остида жорий энергия ресурсларини тежаш бўйича ишлаб чиқилган ташкилий-техник тадбирлар режасига асосан, Қуёш фотоэлектр станцияси, Қуёш фотоэлектр панеллар ва Қуёш сув иситгичлар ўрнатиш шунингдек, энергия тежовчи мосламалар ўрнатиш, электр қурилмаларнинг ишчи ҳолатини яхшилаш ишлари амалга оширилди.

Электр қурилмаларни иш вақтини камайтирувчи мосламаларни ўрнатиш ва юкламаларни камайтириш ҳамда иш режимини тизимли назоратга олиш ҳисобига 2022 йил бошидан ҳозирги кунга қадар 19,4 млн.кВт*с электр энергияси тежалиб, 8,7 млрд сўм иқтисод қилинди.

Шу билан бир қаторда, технологик қурилмаларнинг иссиқлик ҳимояларини яхшилаш, энергия самарадор ва тежамкор мосламаларни жорий қилиш, иссиқлик энергиясидан иккиламчи фойдаланиш, буғ қозонлар ва қиздириш печларини режим-карталар асосида ишлатиш ҳамда тасдиқланган энергия ресурслар истеъмоли меъёрларига риоя қилиш бўйича тизимли мониторинг жорий қилиш ҳисобига йил бошидан буён 17,9 млн куб метр ёқилғи гази тежалиб, 3,6 млрд сўм иқтисод қилинди.

Тизимдаги бошқарма ва корхоналарда электр энергияси ва ёқилғи газини тежаш ишлаб чиқилган ушбу ташкилий-техник тадбирларнинг бажарилишини назоратга олиш ва ижросини таъминлаш орқали умумий ҳисобда 12,3 млрд сўм фойда қилишга эришилди.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати

#нефть#газ#энергия#скважин#инвестиция#добыча#углеводород#экономика#завод#нефтебаза#қудуқ#кон#иқтисод#аёқш

|web-sayt|facebook|instagram|telegram|vk.com|YouTube|twitter|