July 28, 2022

“Ўзбекнефтгаз”: Маҳаллий ишлаб чиқарувчилар, журналист ва блогерлар иштирокида 2022-2023 йиллар учун маҳсулот ва хизматлар эҳтиёжи тақдимоти ўтказилди

Бош саҳифа Русский

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаевнинг ташаббуси билан илк марта етакчи маҳаллий ишлаб чиқарувчилар, журналист ва блогерлар иштирокида акциядорлик жамияти тасарруфидаги корхоналарнинг 2022-2023 йиллар учун маҳсулотлар, бутловчи буюм ва материаллар ҳамда хизматларга бўлган эҳтиёжлари тақдимоти ўтказилди.

Тармоқ флагмани бўлган Шўртан газ кимё мажмуасида ўтказилган мазкур тадбирга 150 дан ортиқ маҳаллий ишлаб чиқариш корхоналари вакиллари, 20 дан ортиқ – “Ўзбекистон 24", "Ёшлар", "Менинг юртим", "Севимли", "Зўр-ТВ" телеканалларини, "Янги Ўзбекистон", "Правда Востока", "Даракчи" газеталарини, "kun.uz", "daryo.uz", "xabar.uz", "UzNews.uz", Human.uz, Jahon.uz, Geolog.uz каби оммавий сайтлар, Ўзбекистон миллий ахборот агентлигининг журналист ва блогерлар таклиф этилди.

Шуни таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида жорий йил 11 мартда ўтказилган йиғилиш давомида берилган топшириқлар асосида айни пайтда “Ўзбекнефтгаз” АЖ тизимида маҳаллийлаштириш, импортни қисқартириш ҳамда саноат кооперацияси алоқаларини кенгайтириш йўналишида янгича тартибда ишлар ташкил этилмоқда.

Бугунги тадбирда дастлаб тадбиркор ва журналистларга "Ўзбекнефтгаз" АЖнинг 2022 йил учун товарларга бўлган эҳтиёжлари тўғрисида маълумот берилди.

Маълумот ўрнида: Жорий йилда тизим корхоналари томонидан 1,9 трлн сўмлик маҳсулотлар хариди амалга оширилиши кўзда тутилган бўлиб (хизматлардан ташқари), шундан 520 млрд сўм – жорий таъмирлаш ишлари, 54,2 млрд сўм – қудуқларни таъмирлаш, 619 млрд сўм – бурғилаш ишлари, 742 млрд сўм излов қидирув ишлари доирасида йўналтирилади.

Таҳлиллар асосида шуни айтиш мумкинки, жамиятнинг импорт маҳсулотларга бўлган эҳтиёжининг асосий қисмини мустаҳкамловчи қувурлар, насос-компрессор қувурлари ва бурғулаш долотолари ташкил қилади.

Жамият эҳтиёжи доирасида асосий импорт маҳсулотлардан бўлган бурғилаш долота маҳсулотларини Германиянинг “ONS Frankrfurt GmbH” компанияси билан тегишли “йўл харитаси” асосида маҳаллийлаштириш юзасидан ишлар амалга оширилмоқда ва жорий йилнинг июль ойида дастлабки партия тажриба-саноат синовлари учун етказиб берилди.

2023 йил учун 2,27 трлн сўмлик товар моддий бойликлари хариди учун бошланғич эҳтиёж шакллантирилганлиги ва якуний эҳтиёжлар рўйхати қонунчиликда белгиланган тартибда махсус электрон порталларга жойлаштирилиши маълум қилинди.

Сўнгги йилларда тизим корхоналари харидларида маҳаллий корхоналар улушини босқичма-босқич кенгайтириб бориш бўйича амалий ишлар олиб борилаяпти. Натижада, тармоқнинг умумий харидлари ҳажмида маҳаллий маҳсулот ва хизматлар улуши 2018 йилдаги 17 фоиздан 2021 йилда 28 фоизгача ортди.

Сўнгги 3 йилда жами 450 га яқин турдаги янги маҳсулотлар ўзлаштирилди, шундан тармоқ корхоналари томонидан 63 турдаги маҳсулотлар, кооперация асосида эса 380 турдан ортиқ маҳсулот ва хизматлар.

Тадбиркорлар билан доимий алоқани йўлга қўйиш мақсадида, маҳаллий корхоналар орасида илк марта тармоқ Виртуал кўргазмаси (ung-cooperation.uz) янгича дизайнда ташкил этилиб, унда мавжуд маҳсулотлар бўйича барча зарур маълумотлар қайта янгиланди, хусусан 4 минг турдан ортиқ маҳсулотнинг тўлиқ техник топшириқномалари порталга жойлаштирилди.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ жорий йилдан бошлаб ҳафтанинг душанба-сешанба кунлари саноат кооперацияси ва маҳаллийлаштириш кунлари ўтказилмоқда. Унда департаментлар, корхоналар техник мутахассислари ҳамда маҳаллий ишлаб чиқарувчилар иштирокида бевосита мулоқот ташкил қилинаяпти.

Тизимли равишда маҳаллий ишлаб чиқарувчилар вакилларини “Ўзбекнефтгаз” АЖ корхоналарига ташрифлари ҳам амалга оширилиб, унда “маҳсулотбай” режимида саноат кооперациясини кенгайтириш масалалари кўриб чиқилмоқда. Хусусан, 28 февраль куни “Ўзбекистон ЖТЛ” заводига, 2 июнь куни Бухоро нефтни қайта ишлаш заводига ана шундай ташрифлар уюштирилди.

Ўтган йили ишга туширилган “Uzbekistan GTL” заводи эҳтиёжлари учун маҳсулот ва хизматларни маҳаллийлаштириш доирасида I ярим йилликда қиймати 21 та ҳамкорлик меморандумлари имзоланди. Айни пайтга келиб, мазкур меморандумлар ижроси доирасида қиймати 74,5 млрд. сўмлик 59 та шартномалар имзоланиб, ижрога қаратилди.

Шўртан газ кимё мажмуасида илк бор ташкил этилган бугунги тақдимотда заводнинг бевосита механика-таъмирлаш цехида алоҳида “шоу-рум" ташкил этилди. Унда тизим корхоналари учун зарур бўладиган 50 га яқин турдаги товар гуруҳига мансуб бўлган жами 2500 дан ортиқ турдаги моддий-техник ресурслар намойиш этилди. Хусусан, импортда сезиларли улушга эга бўлган кенг ассортиментдаги қувурлар, кимёвий реагентлар, назорат-ўлчов буюмлари, метрология ускуналари бўйича ҳам алоҳида муҳокамалар ташкил этилди.

Учрашувда Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи, Шўртан газ кимё мажмуаси, “Uz-kor gaz chemical" қўшма корхонаси, “Ўзнефтгаз бурғилаш ишлари” МЧЖ каби корхоналарнинг, шунингдек тизимдаги барча нефть-газ қазиб чиқариш бошқармаларининг ҳам маҳсулот ва хизматлар эҳтиёжи бўйича алоҳида тақдимотлар ўтказилди.

Бевосита тақдимотларда “Ўзбекнефтгаз” АЖ билан кооперация ҳамкорлигини ўрнатиш истагида бўлган Тошкент вилояти Чирчиқ шаҳрида рўйхатдан ўтган “Cold fire” МЧЖ томонидан маҳаллийлаштирилган ёнғин ўчириш асбоблари учун фойдаланиладиган кимёвий реагентлар намойиши ҳам ўтказилди.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати

#нефть#газ#энергия#скважин#инвестиция#добыча#углеводород#экономика#завод#нефтебаза#қудуқ#кон#иқтисод#аёқш

|web-sayt|facebook|instagram|telegram|vk.com|YouTube|twitter|