December 29, 2025

Долзарб 100 кунлик доирасида маҳаллийлаштириш ва кооперация куни ўтказилди

Давлатимиз раҳбарининг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномасида иқтисодий тараққиётнинг устувор йўналишларидан бири сифатида маҳаллий маҳсулотлар улушини ошириш вазифаси белгилаб берилган.

Ушбу вазифалар ижроси доирасида “Ўзбекнефтгаз” АЖда самарадорликни янги босқичга олиб чиқишга қаратилган долзарб 100 кунлик тадбирлар режаси асосида маҳаллийлаштириш ва кооперация куни ўтказилди.

Унда Жамият тизими эҳтиёжлари учун импорт ҳисобидан харид қилинаётган маҳсулот ва хизматларни маҳаллий корхоналар билан мақсадли ўзлаштириш масалалари муҳокама қилинди.

Хусусан, “TPE-CNC” МЧЖ ва “Ўзбекнефтгаз” АЖ мутахассислари ўртасида видеоконференцалоқа ташкил этилди. Унда тизим корхоналаридаги таъмирлаш-механика цехлари фаолиятини такомиллаштириш имкониятлари атрофлича кўриб чиқилди.

Мулоқот давомида жамият Бошқарув раиси томонидан маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш, улар билан доимий ва шаффоф ҳамкорликни йўлга қўйиш, шунингдек, харидлар жараёнида иқтисодий жиҳатдан мақсадга мувофиқ лойиҳаларни амалга ошириш бўйича изчил чора-тадбирлар кўрилаётгани таъкидланди.

Учрашув якунида маҳаллий корхона томонидан ижобий натижа берган лойиҳалар бўйича маълумот тақдим этиш ва уларни жойига чиққан ҳолда ўрганишга келишиб олинди. Шунингдек, тизим корхоналаридаги таъмирлаш-механика цехларида мавжуд 200 дан ортиқ ускуна ва қурилмаларни техник аудитдан ўтказиш, уларнинг рўйхатини шакллантириш ҳамда марказлашган таъмирлаш-механика цехини ташкил этиш бўйича таклифларни ҳамкорликда ишлаб чиқишга қарор қилинди.

Маълумот учун: “TPE-CNC” МЧЖ 2002 йилда ташкил этилган бўлиб, Германия технологиялари асосида электроқурилмаларни таъмирлаш, рақамли бошқарув ускуналарини ишлатиш, мутахассислар тайёрлаш ҳамда ремуҳандислик йўналишида фаолият юритади. Корхона автосаноат, металлургия, автомобилсозлик ва мудофаа соҳаларидаги корхоналарда таъмирлаш-механика цехларини модернизация қилиш бўйича амалий тажрибага эга.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Ахборот хизмати