Синовдан ўтган маҳаллий маҳсулот учун 182 млн сўмлик шартнома тузилди
“Ўзбекнефтгаз” АЖ маҳаллий ишлаб чиқарувчилар билан ҳамкорликни кучайтириб, импорт ўрнини босувчи маҳсулот ва хизматларни ўзлаштириш ишларини жадаллаштирмоқда.
Қашқадарё вилоятидаги қатор ишлаб чиқариш объектларига маҳаллий компаниялар – “EASY860” МЧЖ, “Lab Creator” ҚК МЧЖ ва “Rapid Rise Technoprom” МЧЖ раҳбар ва мутахассислари билан учрашувлар бўлиб ўтди. Унда газ қазиб чиқариш ҳамда қайта ишлаш жараёнларида қўлланадиган маҳсулот ва хизматларни маҳаллийлаштириш масалалари муҳокама қилинди.
Ишлаб чиқарувчилар томонидан сувни тозалаш учун коррозияга қарши кимёвий реагентлар, лаборатория жиҳозларини таъмирлаш, бурғулаш ва қудуқларни капитал таъмирлаш ускуналарини ишлаб чиқариш бўйича таклифлар берилди.
Жумладан, “EASY860” томонидан ишлаб чиқарилган ва саноат синовларидан муваффақиятли ўтган антисколант маҳсулоти учун 182 млн сўмлик шартнома тузилди. “Lab Creator” томонидан лабораториялардаги хромотографларни таъмирлаш хизматлари бўйича таклифлар билдирилди. Шу билан бирга, “Rapid Rise Technoprom” қудуқларни капитал таъмирлаш учун зарур ускуналарни маҳаллийлаштириш ишлари режалари муҳокама этилди.
Ушбу ҳамкорлик соҳада маҳаллий ишлаб чиқариш улушини ошириш, импорт харажатларини қисқартириш ва иқтисодий самарадорликка эришишда муҳим қадам бўлмоқда.