December 7, 2022

“Ўзбекнефтгаз” АЖ томонидан 893,4 минг тонна ёки прогнозга нисбатан 139,0 минг тоннага кўп автобензин ишлаб чиқарилди

Бош саҳифа Русский

Маълумки, бугунги кунда республикамизда йиллик ишлаб чиқариш қувватлари умумий 9 млн тоннага тенг бўлган 2 та йирик нефтни қайта ишлаш заводлари, “Sanoat Energetika Guruhi” тасарруфидаги Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи (6,5 млн тонна), “Ўзбекнефтгаз” АЖ тасарруфидаги Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи (2,5 млн тонна) фаолият юритади.

Ушбу заводларда 10 дан ортиқ қазиб чиқарувчиларнинг углеводород хом ашёси қайта ишланиб, тайёр нефть маҳсулотлари ишлаб чиқарилади, жумладан “Ўзбекнефтгаз” АЖ, “Sanoat Energetika Guruhi”, “ЛУКОЙЛ Узбекистан Оперейтинг Компани”, “Epsilon” компаниялари ва бошқалар.

Мазкур ўринда шуни қайд этиш лозимки, республика истеъмолчиларининг нефть маҳсулотларига бўлган ўсиб бораётган талабини тўлиқлигича қондириш учун маҳаллий углеводород хом ашёси етарли эмас.

Шу сабабли, қазиб чиқарувчилар томонидан углеводород хом ашёси импорти ҳамда тадбиркорлик субъектлари томонидан тайёр нефть маҳсулотлари импортини амалга оширишга талаб мавжуд.

Автобензин ёқилғиси мисолида сўз юритиладиган бўлса, 2022 йилда республика ичида автобензинга талаб 1 млн. 405 минг тоннани ташкил этса, шундан 812 минг тоннаси (ёки 58 %) Ўзбекнефтгаз, 306 минг тоннаси (22 %) “Sanoat Energetika Guruhi”, 237 минг тоннаси (17 %) тадбиркорлик субъектлари томонидан тайёр импорт ҳисобига ва 50 минг тоннаси (4 %) бошқа қазиб чиқарувчилар томонидан таъминланиши режалаштирилган.

Бунда, мазкур 1 млн. 405 минг тонна автобензин маҳсулотининг 560 минг тоннасининг (40 %) нархи жаҳон бозорларидаги углеводород хом ашёси (нефть – Brent) ва тайёр автобензин нархларига тўғридан-тўғри боғлиқ.

Шу билан бирга, автобензин маҳсулотига ортиб бораётган талабни ишлаб чиқариш миқдорларини ошириш ҳисобига қоплаш мақсадида “Ўзбекнефтгаз” АЖ томонидан прогноз кўрсаткичлари бажарилиб келинмоқда. Бу эса ўз ўрнида нархларнинг барқарорлигини таъминлашга ижобий таъсирини кўрсатади. Жорий йилнинг 11 ойлигида “Ўзбекнефтгаз” АЖ томонидан 893,4 минг тонна ёки прогнозга нисбатан 139,0 минг тоннага кўп автобензин ишлаб чиқарилди.

Шунингдек, “Ўзбекнефтгаз” АЖ тасарруфидаги Бухоро нефтни қайта ишлаш заводининг автобензин маҳсулоти бўйича ишлаб чиқариш қувватларидан фойдаланиш даражаси 152 % ни ташкил қилди. Республика истеъмолчиларини нефть маҳсулотларига бўлган эҳтиёжларини қоплаб бориш мақсадида “Ўзбекнефтгаз” АЖ томонидан хом ашёни импорт қилиш борасида мунтазам ишлар олиб борилмоқда.

Бунда, Brent нефти котировкаси шу кунларда 80 долларни ташкил этган бўлсада, жорий йил октябрь ойи учун ўртача 94 долларни, ноябрь ойи учун ўртача 92 долларни ташкил этган. Бундан ташқари, чет давлатларда жойлашган нефть ва газ конларидан ортилган хом ашё логистика жиҳатидан темир йўл транспорти орқали Бухоро заводигача етиб келишига ва қайта ишланиб биржа савдоларига жойлаштирилиб, истеъмолчиларга етказиб берилишига вақт талаб этилади.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ томонидан биржа савдоларига АИ-80 автобензини 1 тоннаси учун 6,9 млн сўм (ёки 1 литри учун 5 300 сўм) нархда жойлаштириб борилмоқда. Бунда, бугунги кунда биржа савдолари якунларига кўра мазкур нарх 8,2 – 8,3 минг сўмгача (1 литри учун 6 300 – 6 400 сўм) шаклланмоқда ёки бошланғич нархга нисбатан 18 % – 20 % кўп. Ушбу нарх ошишига қуйидаги омиллар ўз таъсирини ўтказмоқда.

Республикадаги автотранспорт воситаларининг 65 % қисми мотор ёқилғиси сифатида метан газдан фойдаланишини инобатга олган ҳолда, жорий йилда республикада автобензинга бўлган талаб 1 млн 405 минг тоннани (ёки суткасига ўртача 3,8 минг тонна), метан газга талаб 4 000 млн метр кубни (ёки суткасига ўртача 10,9 млн метр куб) ташкил этади.

Бугунги кунда, суткасига ўртача 10,9 млн метр куб метан газ реализация қиладиган автомобилларни газ билан тўлдириш компрессор станциялари фаолиятида чекловлар ўрнатилиши шароитида автобензинга бўлган талаб мос равишда ортиб бормоқда. Хусусан, Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржасининг АИ-80 автобензини савдоларида маҳсулот сотиб олмоқчи бўлган иштирокчилар сонининг 21,7 фоизга кўпайиши ва бунинг натижасида талабнинг 50 фоизга ошиши кузатилмоқда.

Шунга кўра, 7 декабрдан бошлаб биржа савдоларига чиқариладиган АИ-80 автобензини ҳажмлари ўртача 40-50 фоизга ошириш чоралари кўрилади.Жорий йилнинг 11 ойида тадбиркорлик субъектлари томонидан 216 минг тонна автобензин импорт қилиниши режалаштирилган бўлиб, амалда 107 минг тонна (ёки 109 минг тоннага кам) бажарилган.

Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, 2022 йил давомида жаҳон биржаларидаги Brent нефти нархи кескин тебраниб, 132 долларгача ёки 1,5 баробарга қимматлашгани кузатилди. Жаҳон бозоридаги мазкур кескин тебранишларни ички бозордаги ёқилғи нархларига таъсирини минималлаштириш ва уларнинг барқарорлигини таъминлаш мақсадида, Ўзбекнефтгаз тасарруфидаги автомобилларга ёқилғи қуйиш шохобчалари орқали сотилаётган Аи-80 автобензин нархи бир маромда таъминланиб келинмоқда ва бугунги кун ҳолатига 1 литри учун 6 800 сўмни ташкил қилмоқда.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати

#нефть#газ#энергия#скважин#инвестиция#добыча#углеводород#экономика#завод#нефтебаза#қудуқ#кон#иқтисод#аёқш

|web-sayt|facebook|instagram|telegram|vk.com|YouTube|twitter|