August 31, 2022

“Ўзбекнефтгаз”: Мустақиллик куни муносабати билан байрам тадбирлари ўтказилиб, кўмакка муҳтож оилалар ҳолидан хабар олинди

Бош саҳифа Русский

1991 йил 31 августда қўлга киритилган Ўзбекистон Республикасининг давлат мустақиллиги кўп минг йиллик тарихимиздаги ҳеч қачон унутилмайдиган, қадр-қиммати ва аҳамияти асрлар ўтгани сайин тобора ортиб борадиган буюк тарихий воқеадир.

Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг дастлабки йилларидан соҳанинг янги ҳаёти –нефть ва газ саноати ривожланишининг янги босқичи бошланди. Ёрқин келажак сари, таъбир жоиз бўлса, иқтисодий мустақиллик сари дадил одимлар ташланди. Зеро, иқтисодий мустақилликка эришмай туриб, сиёсий истиқлолга эришиб бўлмаслигини мамлакат раҳбариятидан тортиб оддий халқ вакилигача барча яхши тушунарди. Шу боисдан, бу соҳада жадал ва ҳамжиҳатлик билан тарихий қадамлар ташланди. Бугун эса нефт-газ саноати мамлакатимиз иқтисодиётининг етакчи тармоғига айланди.

Истиқлолимизнинг ўттиз бир йиллигини муносиб кутиб олиш ва ушбу қутлуғ санани юксак савияда нишонлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2022 йил 1 августда “2022 йилги Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз бир йиллиги байрамига тайёргарлик кўриш ва уни юқори савияда ўтказиш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Ушбу қарорнинг ижросини таъминлаш мақсадида “Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқаруви ва Бирлашган касаба уюшма қўмитаси ҳамкорлигида тизимдаги нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармалари, қайта ишлаш заводлари ҳамда корхоналарда “Янги Ўзбекистонда эл азиз, инсон азиз” деган бош ғояни ўзида мужассам этган ҳолда байрам тадбирлари ташкил қилинди.

Хусусан, Ўзбекистоннинг иқтисодий қудратини мустаҳкамлаш, юртимиз тараққиёти ва халқимиз фаровонлигини таъминлашга муносиб ҳисса қўшиб келаётган ишчи-ходимлар учун Жамият тизимидаги барча корхоналарда байрамона дастурхонлар ёзилди, миллий таомимиз - ош дастурхонларга тортилди, Қуръони карим оятларидан тиловатлар қилинди.

Самарали меҳнат, албатта, муносиб рағбатга муносибдир. Ўз навбатида бу эътибор ва эътироф яқин келажакда ходимларнинг янада самарали ва истиқболли фаолият юритишига чорлайди. Шу маънода, мамлакатимизда нефть ва газ саноати тармоғининг юксалиши йўлидаги кўп йиллик самарали хизматларини эътиборга олиб, Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 31 йиллиги ҳамда нефт ва газ саноати ходимларининг касб байрами муносабати билан, жамият тизимидаги нефт ва газ қазиб чиқариш бошқармалари, қайта ишлаш заводлари ҳамда тизим корхоналарида самарали меҳнат қилиб келаётган 215 нафар ходим “Ўзбекнефтгаз” АЖнинг Фахрий ёрлиқлари билан тақдирланди.

Байрам муносабати билан “Ўзбекнефтгаз” АЖ тизимидаги нефт ва газ қазиб чиқариш бошқармалари, қайта ишлаш заводлари ва тизим корхоналари ҳамда касаба уюшма қўмиталари томонидан соханинг меҳнат фаҳрийлари, кам таъминланган, боқувчисини йўқотган, ногиронлиги бўлган ижтимоий кўмакка муҳтож оилаларнинг 1197 нафарининг ҳолидан хабар олиниб, бир нечта турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари беғараз ёрдам сифатида тарқатилди.

Муборак газни қайта ишлаш заводида меҳнат қилиб келаётган ишчи-ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий қўллаб-қувватлаш мақсадида 20 нафар фарзандларининг суннат тўйлари ўтказиб берилди. Тўй болаларнинг юртимизга ҳиссасини қўшадиган муносиб фарзанд бўлиб вояга етишига тилаклар билдирилди.

Шунингдек, Жамият тизимида фаолият олиб бораётган ишчи ходимларнинг ногирон бўлган 63 нафар ҳамда Муборак туманидаги кам таминланган оилаларнинг 30 нафар фарзандларига янги ўқув йили бошланиши арафасида мактаб формалари ва ўқув қуроллари учун беғараз ёрдамлар кўрсатилди.

“Янги Ўзбекистонда эл азиз, инсон азиз” бош шиори остида Муборак газни қайта ишлаш заводи томонидан Қарши давлат университети профессор ва ўқитувчилари билан ҳамкорликда “Муқаддас Ватанда азиздир инсон” мавзусида тадбир ташкил қилинди. Тадбирда давомида атроф-муҳитни, она заминни ардоқлаш, унинг неъматларини, бугунги тинч ҳаётни қадрлаш, шукроналик туйғуси билан яшашга каби мавзуларда маърузалар тингланди.

Маълумки, ўз Ватанининг бетакрор ва сўлим гўшаларига саёҳат қилиш, асрларга тенгдош бўлган тарихий обидаларини зиёрат қилиш, гўзал табиатнинг бебаҳо инъомларидан баҳраманд бўлиш инсон маънавиятини янада юксалтиришга хизмат қиладиган омиллардан саналади. Қолаверса, сўнгги йилларда тараққий этаётган ички туризм ривожига муносиб ҳисса қўшиш мақсадида байрам арафсида 369 нафар ишчи-ходимлар учун республикамизда жойлашган қадимий ва тарихий қадамжоларга саёҳатлар ташкил этилди.

Ўз навбатида, байрам муносабати билан жойларда ишчи-ходимлар ўртасида спортнинг футбол, волейбол, стол тениси, шахмат-шашка ва бошқа турлари бўйича мусобақалар ташкил этилди ҳамда мусобақа ғолиблари эсдалик совғалари билан тақдирланди.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати

#нефть#газ#энергия#скважин#инвестиция#добыча#углеводород#экономика#завод#нефтебаза#қудуқ#кон#иқтисод#аёқш

|web-sayt|facebook|instagram|telegram|vk.com|YouTube|twitter|