“Ўзбекнефтгаз”: АИ-80 русумли автобензин нархини кескин ошишининг олдини олиш бўйича белгиланган “ноль” ставкадаги акциз солиғининг муддати 1 мартга қадар амал қилади
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 12 декабрдаги “Куз-қиш мавсумида истеъмолчиларни автобензин маҳсулотлари билан узлуксиз таъминлаш ва уларнинг нархлари кескин ошишининг олдини олиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-440-сонли қарорига асосан, 2022 йил 10 декабрдан 2023 йил 1 мартга қадар импорт қилинадиган, маҳаллий корхоналар томонидан ишлаб чиқариладиган ва тадбиркорлик субъектлари томонидан якуний истеъмолчиларга сотиладиган АИ-80 русумли автобензин маҳсулоти учун акциз солиғи “ноль” ставкада қўлланиши белгиланган.
Шунингдек, Вазирлар Маҳкамаси томонидан 2022 йил 15 декабрда тасдиқланган “Куз-қиш мавсумида истеъмолчиларни АИ-80 русумли автобензин билан узлуксиз таъминлаш ва уларнинг нархлари кескин ошишининг олдини олиш” чора-тадбирларида 2022 йил 9 декабрдан 2023 йил 1 мартга қадар “Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси” АЖнинг алоҳида биржа секцияси орқали
АИ-80 русумли автобензин маҳсулотини сотиш нархининг ўсиши биржа савдосига чиқариш нархига нисбатан кўпи билан 5 фоизгача миқдорда белгиланган.
Натижада, 2022 йил 1-12 декабрь кунлари 1 тонна АИ-80 русумли автобензин учун ўртача биржа нархи 8 096 минг сўмни ташкил қилган бўлса, 13 декабрдан бошлаб 6 295 минг сўмни ташкил қилган ёки 1 801 минг сўмга арзонлашди.
Ўз ўрнида АЁҚШларда 1 литр АИ-80 русумли автобензиннинг нархи ўртача 6 800 - 7 500 сўмдан 5 700 - 6 000 сўмгача, ёки ўртача 1 100 сўмга арзонлашди.
Акциз солиғи “ноль” ставкада қўлланиши ва биржа савдоларида “спред” жорий этилиши даврида (2022 йил 12 декабр – 2023 йил 22 февраль) республика истеъмолчиларига 386 минг тонна (ўртача кунлик 5 300 тонна), ёки ўтган йилларнинг мос даврига нисбатан 188,6 минг тоннага кўп АИ-80 русумли автобензин етказиб берилди.
2023 йил 1 мартда юқоридаги тартибларнинг амал қилиш муддати (имтиёзли давр) якунлангандан кейин акциз солиғи ҳисобланиши ва биржада нархларнинг эркин (ўсиш даражаси чекланмасдан) шаклланиши ҳисобига АИ-80 русумли автобензин нархи ошиши кутилмоқда.
Бунда, 1 мартдан бошлаб биржа савдоларига жойлаштириладиган 1 тонна маҳаллий АИ-80 русумли автобензин бошланғич нархи 6 863 000 сўмдан, импорт автобензини нархи 8 036 000 сўмдан шаклланиб, биржа савдолари якуни билан нархлар ўртача 8 150 000 сўмни (1 литр учун 6 100 сўм) ташкил этиши кутилмоқда.
Бунда, нархлар ўзгариши ҳисобига “Ўзбекнефтгаз” АЖ тасарруфидаги АЁҚШларда 1 литр АИ-80 русумли автобензиннинг чакана нархи маҳаллий маҳсулот учун 6 800 сўмдан, импорт маҳсулоти учун 7 000 сўмдан шаклланади.
Маълумот учун: Республика ҳудудида 2022 йил декабрь ва 2023 йил январь-февраль ойларида об-ҳаво ҳарорати кескин совиб кетиши ҳамда автомобилларга газ қуйиш шохобчалари фаолиятига чекловлар жорий этилганлиги аҳолининг АИ-80 русумли автобензинига бўлган талаби таклифга нисбатан кескин ошишига олиб келди.
“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати
#нефть#газ#энергия#скважин#инвестиция#добыча#углеводород#экономика#завод#нефтебаза#қудуқ#кон#иқтисод#аёқш