January 6, 2023

“Ўзбекнефтгаз”: Бошқарув раиси бошчилигида 2023 йилда амалга ошириладиган ишлар, прогноз кўрсаткичларининг бажарилиши, аҳолини табиий ва суюлтирилган газ, нефть маҳсулотлари билан узлуксиз таъминлаш ишларига доир йиғилиш ўтказилди

Бош саҳифа Русский

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқарув раиси Меҳриддин Абдуллаев бошчилигида 2022 йил давомида амалга оширилган ишлар, қазиб чиқариш, қайта ишлаш, 2023 йилда прогноз кўрсаткичларининг бажарилиши, қиш мавсумида аҳолини табиий ва суюлтирилган газ, нефть маҳсулотлари билан узлуксиз таъминлаш ишларига доир танқидий йиғилиш ўтказилди.

2022 йилда масъулларнинг барчаси ҳам ўзига юклатилган вазифани тўлиқ бажармагани, ўз вазифасини бажариш давомида масъулиятсизликка йўл қўйганлик ҳолатларининг мавжудлиги кескин танқид қилинди. 2023 йилда эса барча ўзига белгиланган кўрсаткичларни бажариши, бу борада ҳамма шароит яратиб берилгани билдириб ўтилди.

Энг аввало барча йўналишларда ишларни узлуксиз ташкил этиш, бурғилаш, капитал таъмирлаш, қазиб чиқариш ва қайта ишлашга доир масалалар энг аввало биринчи бўлиб молиялаштирилиши лозимлиги таъкидланди. Ишлаб чиқаришга доир мавжуд талабларни бажармаганлик учун ҳар бир раҳбарнинг шахсий жавобгарлиги белгиланди.

Бошқарув раиси яқин 10 кунликда ҳаво ҳароратининг кескин совуб кетиши айтилаётган бир даврда, “Ўзбекнефтгаз” АЖ жамоаси учун ҳам бу бир синовли давр эканлигини, шу боис ишларни тўғри ва узлуксиз ташкил этиш, фаолият олиб бораётган ШТАБлар фаолиятини кучайтириш, табиий газ қазиб чиқариш учун конларда, қудуқларда вахта усулида фаолият олиб бораётган ишчи-ходимларни шароитларини янада яхшилаш, уларни махсус кийимлар, етарли озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминланганликлари ҳолатини қисқа фурсатда ўрганиш бўйича топшириқлар берилди.

Ўрганишлар давомида аниқланган ҳолатлар бўйича ШТАБга ахборот бериш ва агар камчиликлар қайд этилса зудлик билан бартараф этиш чораларини кўриш бўйича вазифалар белгилаб олинди.

Бошқарув раиси 2023 йилда геология қидирув ишлари бўйича мутлоқо янги иш тизими ташкил қилиш, геофизиклар ва бу йўналишдаги тажрибали мутахассислар билан ҳамкорликда график қилиб олиб, шу асосда янги лойиҳаларни ишлаб чиқиш лозимлиги билдирилди.

Шунингдек, ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш мақсадида 35 та қудуқни капитал таъмирлаш, Сиқув компрессор станцияларини ўз вақтида ишга тушириш, бурғилаш учун 5 та янги ускунларни харид қилиб олиш режалаштирилди. Табиий газ қазиб чиқариш ҳажмини 2,5-3 млрд. куб метрга ошириш бўйича масъулларга топшириқлар берилди.

Ўз навбатида Жамият ва унинг тасарруфидаги корхоналар фаолияти давомида электр энергияни тежаш, электр энергия бўйича барча ишларни доимий назоратга олиш кераклиги белгиланди ва шу аснода 2023 йил Ўзбекнефтгаз АЖ учун “Тежамкорлик ва иқтисод қилиш йили” деб эълон қилинди.

Бошқарув раиси томонидан истеъмолчиларни автобензин билан ўз вақтида ва узлуксиз таъминлаш бўйича масъулларга вазифалар берилди ҳамда Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи томонидан ишлаб чиқариш ҳажмини ошириб бориш бўйича кўрсатмалар берилди.

Йиғилиш якунида барча департамент бошлиқлари янги йилдан янгича йўналишда иш ташкил қилиш, оператив ва тезкор қарор қабул қилиш орқали натижадорликни ошириш лозимлиги таъкидлаб ўтилди.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати

#нефть#газ#энергия#скважин#инвестиция#добыча#углеводород#экономика#завод#нефтебаза#қудуқ#кон#иқтисод#аёқш

|web-sayt|facebook|instagram|telegram|