May 16, 2025

Энергетика форуми ўз ишини фаол давом эттирмоқда

Пойтахтдаги “Миллий кўргазмалар маркази – CАЕх”да “Ўзбекистон нефт ва гази – ОГУ 2025” 27-халқаро кўргазмаси ҳамда Ўзбекистон халқаро энергетика форумининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди. Айни дамда Форум пленар сессияларга бўлинган ҳолда давом этмоқда.

Пленар сессиянинг биринчи қисми вазирлар мулоқотига бағишланиб, унда халқаро ва минтақавий энергетика соҳасининг етакчи расмийлари, мутахассислари ҳамда бизнес вакиллари иштирок этди.

Сессияга Ню-Йорк университетининг Абу-Дабидаги филиали профессори ва CNN телеканали лойиҳа бош муҳаррири Жон Дефтериос модераторлик қилди.

Пленар мажлисда ягона энергетика бозори доирасида минтақавий ҳамкорлик стратегияси, энергетика соҳасидаги самарали ва иқтисодий жиҳатдан манфаатли ечимлар юзасидан минтақавий мулоқот, замонавий энергетика бозорини шакллантириш учун қулай бизнес муҳитини яратиш, барқарор ва “яшил” энергия ишлаб чиқариш соҳасида давлатларнинг ўрни, яшил иқтисодиётга ўтиш бўйича амалга оширилаётган стратегиялар каби муҳим мавзулар муҳокама қилинди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов, Туркманистон Давлат вазири, “Туркменгаз” давлат консерни раиси Максат Бабаев, Перм ўлкаси губернатори Дмитрий Махонин, Малайзия Энергетика ва сув трансформациялари вазирлиги (PETRA) Бош котиби Дато Хаджи Мад Зайди Мохд Карли, Саудия Арабистони, Туркия, Озарбайжон Энергетика вазирларининг ўринбосарлари каби юқори мартабали меҳмонлар нутқ сўзлади.

Форум ўз ишини турли мавзулардаги муҳокамалар ва тақдимотлар билан давом этирмоқда. Унинг доирасида энергетика соҳасидаги минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган муҳим келишувлар, инвестисион таклифлар ва лойиҳаларни тақдим этиш режалаштирилган.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Ахборот хизмати