“Ўзбекнефтгаз” АЖ интернет фойдаланувчиларини фирибгарлар тузоғидан огоҳлантиради
“Ўзбекнефтгаз” АЖ томонидан ўз ваколатлари доирасида Интернет жаҳон ахборот тармоқларидаги материаллар таҳлил қилинганда, “Ўзбекнефтгаз” номидан инвестиция киритиш ва даромад олиш ҳамда пул маблағларини жалб қилиш бўйича турли хизматлар таклиф қилинаётганлиги аниқланмоқда.
Айниқса, сўнгги вақтларда фирибгарлар ўз мақсадларига эришиш учун “Ўзбекнефтгаз” АЖ номидан фойдаланишнинг янги турли усулларини ўйлаб топишмоқда.
Нефть ва газ савдосидан пул ишлаш имконини берувчи мавжуд бўлмаган Ҳукумат қарорларини мавжуд бўлмаган платформаларга жойлаштириб, унга бағишланган мақолаларда одамларга ушбу лойиҳаларда қатнашиб, катта даромадга эга бўлишлари мумкинлиги ваъда қилинмоқда.
Фирибгарлар фойдаланувчилар сохталикни сезмасликлари учун видео роликлардан фойдаланишмоқда. Шунингдек, лойиҳада фаол иштирок этишга ундовчи машҳур санъаткорларнинг суратлари ва лойиҳа ҳамда акцияларда иштирок этиб, бойиб кетгани ҳақидаги ёлғон интервьюлар нашр этилмоқда.
Шу кунларда ҳам www.facebook.com ижтимоий тармоғи орқали фойдаланувчиларга фото ва матн кўринишида тақдим этилаётган реклама хусусидаги ахборотларда “2022 йилда аҳолини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш мақсадида, “Ўзбекнефтгаз”га 2 млн сўмдан бошлаб инвестиция киритинг ва ҳар ой 9-16 млн сўмдан дивидент олинг” каби мазмунда маълумотлар берилган ҳамда рўйхатдан ўтиш учун ҳаволалар кўрсатилган.
Фойдаланувчиларни ишонтириш мақсадида, компания логотипи, видеороликлар, давлат рамзлари ва шахслари ва бошқа маълумотлар кўрсатилган. Шунингдек, фуқаронинг шахсий ва банк картасига оид маълумотларни киритиш сўралган.
Бунда, ишончни суистеъмол қилиш, фирибгарлик йўли билан ва ахборот технологиялардан фойдаланган ҳолда кибер жиноятчиликни амалга ошириш, шунингдек, “Шахсга доир маълумотлар тўғрисида” Ўзбекистон Республикаси Қонуни талабларига зид равишда шахсга доир маълумотларни трансчегаравий узатиш аломатлари мавжуд.
Юқоридаги каби фаолиятларда Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 1412, 168, 1881 ва 278-моддаларида назарда тутилган жиноят аломатлари, хусусан мулкий манфаат бериш бўйича зиммага мажбурият олиш йўли билан жисмоний ва юридик шахсларнинг пул маблағларини ва (ёки) бошқа мол-мулкини жалб этишга доир ноқонуний фаолиятни амалга ошириш, мазкур фаолиятда иштирок этишга жалб қилиш мақсадида ушбу фаолиятни реклама қилиш, шу жумладан, оммавий ахборот воситаларидан ёхуд Интернет жаҳон ахборот тармоғидан фойдаланган ҳолда реклама қилиш, фирибгарлик жиноятини ахборот технологиялардан фойдаланиб, содир этиш каби кибер жиноятчилик белгилари мавжуд.
“Ўзбекнефтгаз” АЖ бугунги кунда фирибгарлар учун энг жозибадор воситага айланиб бормоқда десак ҳам муболаға бўлмайди. Кузатувларимизга кўра, йил бошидан буён “Ўзбекнефтгаз” АЖ номидан фирибгарлар томонидан ўнлаб сохта эълонлар берилди.
"Ўзбекнефтгаз" АЖ, унинг шўъба корхоналари ва ташкилотларининг ахборот ресурслари бўлмаган веб-сайтларда эълон қилинган ҳар қандай маълумотлардан фойдаланишда огоҳ бўлишга чақирилмоқда.
“Ўзбекнефтгаз” АЖ раҳбарияти номи ва логотипидан фойдаланган ҳолда тармоқ фойдаланувчиларининг ҳуқуқлари бузилишини ва интернет фирибгарлиги қурбони бўлишини олдини олиш, салбий оқибатларни бартараф этиш, аҳолининг молиявий даромадлари йўқолиши каби ҳодисалар ва турли таҳдидларга чек қўйиш, аҳолини инвестиция муҳитига, “Ўзбекнефтгаз” АЖ фаолиятига бўлган ишончини йўқотмаслик мақсадида, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигига юқоридаги каби ҳолатларни тезкор равишда бартараф этиш ва алоқадор шахсларга нисбатан тегишли чоралар кўрилишида амалий ёрдам сўраб мурожаат йўлланди.
“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати
#нефть#газ#энергия#скважин#инвестиция#добыча#углеводород#экономика#завод#нефтебаза#қудуқ#кон#иқтисод#аёқш
|web-sayt|facebook|instagram|telegram|vk.com|YouTube|twitter|