May 16, 2025

Нефт ва газ соҳасида таълим-илм-фан ҳамкорлиги

“Ўзбекнефтгаз” АЖ ҳамда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ўртасида нефт ва газ саноатини юқори малакали кадрлар билан таъминлаш, таълим ва ишлаб чиқариш ўртасида мустаҳкам алоқа ўрнатиш, илмий изланишлар ва инновасион ғояларни амалиётга жорий этишни кўзда тутувчи Ҳамкорлик меморандуми имзоланди.

Ҳамкорликдан кўзланган асосий мақсад – Президент раҳбарлигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида белгиланган вазифалар ижросини таъминлашдир. Бу ҳамкорлик “тармоқ–корхона–олийгоҳ” занжири асосида нефт ва газ соҳасида таълим-ишлаб чиқариш интеграциясини назарда тутади.

Ҳамкорлик доирасида қатор йўналишларда амалий тадбирлар режалаштирилган:

• “Ўзбекнефтгаз” АЖ ва хорижий таълим муассасалари билан биргаликда ташкил этиладиган бакалавриат ва магистратурага қабул жараёнларини ҳамкорликда шакллантириш;

• Дуал таълим тизимини жорий этиш, яъни назарий билимни олийгоҳда, амалий кўникмаларни эса корхоналарда олиш тизимини йўлга қўйиш;

• Илмий ишлар ва тадқиқотларни саноатга интеграциялаш, ёш олимларни қўллаб-қувватлаш;

• “Рақамли нефт-газ” каби илғор технологиялар йўналишида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш;

• Танловлар ва кўргазмалар орқали энг яхши илмий лойиҳаларни молиялаштириш.

• Таълим жараёнларига саноат мутахассисларини жалб этиш, илмий мавзуларни шакллантириш.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ эса талабалар ва илмий ходимлар учун ишлаб чиқаришда амалий стажировка имкониятларини яратади, иқтидорли талабаларга стипендиялар жорий этади ҳамда илмий-тадқиқот натижаларини тажриба синовидан ўтказиш ва тижоратлаштиришда иштирок этади.

Ушбу меморандум нефт ва газ саноатини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқишда муҳим қадам бўлиб, таълим, фан ва ишлаб чиқариш ўртасида узвий боғланишни шакллантиришга хизмат қилади. Ҳамкорликдан кўзланган натижа – рақобатбардош кадрлар, амалий фойда берувчи илмий ишланмалар ва инновасион ечимлар орқали соҳанинг барқарор ривожланишини таъминлашдир.

"Ўзбекнефтгаз" АЖ Ахборот хизмати