“Ўзбекнефтгаз”: Жорий йилда маҳаллий ишлаб чиқарувчилар билан ҳамкорликда 16 хил турдаги янги маҳсулотларни ўзлаштиришга эришилди
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 24 январдаги ПҚ–99-сонли “Республикада ишлаб чиқаришни ривожлантириш ва саноат кооперациясини кенгайтиришнинг самарали тизимини яратиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори белгиланган талаблардан келиб чиқиб “Ўзбекнефтгаз” АЖ тизимида маҳаллийлаштириш ва саноат кооперацияси алоқаларини кенгайтириш йўналишида тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
“Ўзбекнефтгаз” АЖнинг Маҳаллийлаштириш дастурига мувофиқ, жорий йилида 18 та лойиҳа бўйича 4 трлн. сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилган бўлиб, режа кўрсаткичлари 125 фоизга бажарилди.
Хусусан, дастур доирасида Бухоро нефтни қайта ишлаш заводида “Евро-4,5”, “Евро-6”, “АИ-98” русумли автомобиль ёқилғилари, “GTL” синтетик керосин ҳисобига қўшимча “JET A-1” авиацион ёқилғиси, “GTL” синтетик керосин ҳисобига қўшимча углеводород эритгичи, “GTL” синтетик керосин ҳисобига қўшимча қишки дизел ёқилғиси ишлаб чиқарилиши йўлга қўйилди.
Шунингдек, Шўртан газ кимё мажмуасида томчилатиб суғориш тизими учун диаметри 32 мм дан 250 мм гача бўлган қувурлар ишлаб чиқилмоқда.
“Uz-Kor Gas Chemical” қўшма корхонасида пиролиз дистиляти, юқори тозаликдаги азот ва водород, “Uzbekistan GTL” МЧЖ да GTL синтетик дизел ёқилғиси, нафта ва синтетик авиакеросин ишлаб чиқариш йўлга қўйилди.
“Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқаруви Раиси Меҳриддин Абдуллаев ташаббуси билан тизим корхоналари эҳтиёжлари учун илгари импортдан келтирилган маҳсулотларни ишлаб чиқариш бўйича маҳаллий тадбиркорлик субъектлари билан ностандарт ва шаффоф усулларда ҳамкорлик алоқалари йўлга қўйилмоқда.
Тизимда “маҳсулотбай” принципи асосида бевосита ишлаб чиқарувчи ва сотиб олувчи ўртасида энг қисқа фурсатларда, ўртада бирор-бир воситачиларсиз алоқаларни йўлга қўйиш масаласига жиддий эътибор берилмоқда.
Олиб борилган ишлар натижасида, 2022 йил давомида маҳаллий ишлаб чиқарувчилар билан ҳамкорликда 16 хил турдаги 63,9 млрд сўмлик янги маҳсулотларни ўзлаштиришга эришилди. Натижада импортдан харид қилинаётган ушбу турдаги маҳсулотларни импорти қисқарди.
“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати
#нефть#газ#энергия#скважин#инвестиция#добыча#углеводород#экономика#завод#нефтебаза#қудуқ#кон#иқтисод#аёқш