January 29

“E-KON” халқаро танловда йилнинг энг яхши лойиҳаси деб топилди 

O‘zbekcha Ruscha

Халқаро профессионал IT ҳамжамияти Global CIO томонидан ташкил этилган халқаро танловда “Ўзбекнефтгаз” АЖ томонидан амалга оширилган “E-KON” лойиҳаси ёқилғи энергетика соҳасидаги “Йилнинг энг яхши лойиҳаси” деб эълон қилинди. Бу натижа Ўзбекистоннинг рақамли трансформация соҳасидаги эришган ютуқларидан бири сифатида тарихга кирди ва мамлакатнинг нафақат ички, балки халқаро майдондаги нуфузини янада мустаҳкамлади.

Ушбу лойиҳа давлатимиз раҳбарининг “Рақамли Ўзбекистон - 2030 стратегиясини тасдиқлаш ва уни самарали амалга ошириш чора тадбирлари тўғрисида”ги фармонига мувофиқ амалга оширилаётган муҳим ислоҳотлардан бири ҳисобланади. Унинг асосий мақсади “Ўзбекнефтгаз” АЖ тасарруфидаги конларни рақамлаштириш орқали самарадорликни оширишдан иборат.

Лойиҳа доирасида шу кунга қадар “E-KON” ахборот тизими ишлаб чиқилиб, амалиётга татбиқ қилинди. Жамият тасарруфидаги нефт ва газ қазиб чиқариш бошқармаларида умумий ҳисобда 80та газни тайёрлаш қурилмаси қуриб битказилди. Бунинг натижасида қудуқлардан қазиб чиқарилаётган табиий газ параметрларини реал вақт режимида онлайн назорат қилиш ҳамда зарур бўлганда фавқулодда чоралар кўриш имкони яратилди.

“Global CIO” халқаро танлови ҳар йили дунёнинг энг илғор ва самарали IT лойиҳаларини аниқлаш, уларни кенг оммага таништириш мақсадида ўтказилади. Унда технологик соҳадаги энг яхши амалиётлар, инновацион қарорлар ва рақамли трансформация лойиҳалари сараланиб, халқаро миқёсда эътироф этилади.

2024 йилда танловга 30 дан ортиқ давлатдан жами 129 та лойиҳа тақдим этилган. Муҳокамаларда 500 дан ортиқ IT-менежер иштирок этган. Ғолиблар орасида Ўзбекистон, Хитой, Бразилия, Ҳиндистон, Покистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Беларус, Малайзия, Туркия, АҚШнинг нуфузли компаниялари жой олган.

Яна бир қувончли жиҳати, “Ўзбекнефтгаз” АЖ Ахборот коммуникация технологиялари департаменти бошлиғи Норқулов Инъом Эшмирзаевич, халқаро Global CIO профессионал IT ҳамжамиятида дунёнинг энг фаол IT лидерлар қаторига киритилди.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ жамоаси фурсатдан фойдаланиб “E-KON” лойиҳасида фаол иштирок этган барчани ушбу мукофот билан табриклайди.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Ахборот хизмати

web-sayt | instagram | telegram | youtube | facebook