“Ўзбeкнeфтгаз”: Мутахассисларнинг рискларни бошқариш бўйича хабардорлиги оширилмоқда
Рискларни бошқариш нефть ва газ соҳасидаги операцияларнинг муҳим таркибий қисмидир. Хавфли операцион фаолият билан боғлиқ рискларга ёнғин, узоқ муддатли атроф-муҳитга етказилган зарар, одамларнинг йўқотилиши ва операцион рисклар ёки ушбу рисклардан келиб чиқадиган суд жараёнлари туфайли молиявий йўқотишлар киради.
“Ўзбекнефтгаз” АЖ томонидан корхоналар кесимида рискларни бошқаришни такомиллаштириш ва самарали ташкил этиш ҳамда Жамият марказий аппарати ва тассаруфидаги корхоналар мутахассисларининг рискларни бошқариш бўйича хабардорлигини ошириш мақсадида қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
2023 йилнинг биринчи чораги учун тасдиқланган режа-жадвалга асосан Рискларни бошқариш бўлими мутахассислари томонидан Жамият марказий аппарати ва тассаруфидаги корхоналари ишчилари учун “Рисклар ва уларни бошқариш” мавзусида семинар-тренинглар ўтказилмоқда.
Мазкур семинар-тренинглар давомида ходимларга рискларни бошқариш тизимининг Жамият умумий фаолиятида тутган ўрни, мақсади ва вазифалари, рискларни аниқлаш ва бошқариш, уларнинг таъсири тўғрисида маълумот бериб келинмоқда.
Семинар-тренинглар давомида ишчилар ўзларининг фикр ва мулоҳазаларини ҳамда таклифларини билдиришмоқда. Раҳбарият томонидан қўйилган қатор вазифаларни ўз вақтида ва сифатли бажаришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Шу билан бирга, маълумот етказиш самарадорлигини ошириш мақсадида махсус телеграм канали йўлга қўйилган бўлиб, ходимлар учун Рискларни бошқариш йўналиши бўйича фойдали бўлган хабарлар бериб келинмоқда.
Яқин келажакда Жамият марказий аппарати ва тассаруфидаги корхоналар ўртасида Рискларни бошқариш бўйича маълумотларни киритиш, сақлаш, алмашиниш ҳамда умумлаштириш жараёнини рақамлаштиришга хизмат қилувчи махсус ечимларни ишлаб чиқиш ва амалда татбиқ этиш режалаштирилмоқда.
“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати
#нефть#газ#энергия#скважин#инвестиция#добыча#углеводород#экономика#завод#нефтебаза#қудуқ#кон#иқтисод#аёқш