December 12, 2023

Тажриба оқланди: Бурғилаш муддати икки ярим бараваргача қисқариб, 13,2 млрд сўм иқтисод қилинди

O‘zbekcha Ruscha

“Ўзбекнефтгаз” АЖ мутахассислари хориж тажрибасини ўрганиб, газ қудуқлари бурғилаш жараёнларини назорат қилишни рақамлаштиргани, соҳада такомиллаштирилган ускуналарни қўллаши натижасида бурғилаш муддати 65 кунга қисқарди.

Қайд этиш лозимки, шу вақтга қадар Қорақалпоғистон Республикасининг Устюрт ҳудудида 4,5 минг метр бўлган битта газ қудуғини бурғилашга ўртача 180 -185 кун сарфланган. Режага кўра, Устюрт газ қазиб чиқариш бошқармасига қарашли “Қуйи Шарқий Бердақ” конидаги 17-сонли қудуқ ҳам 150 кунда бурғилаб тугатилиши керак эди. Назорат тўлиқ рақамлаштирилгани, соҳа фидойиларининг захмати билан ушбу муддат 65 кунга қисқарди. Қазиш ишларининг эрта якунланиши ҳисобига қариийб 13,2 млрд. сўм тежаб қолинди. Бурғилаш якунланган қудуқдан айни пайтда кунига саноат миқёсидаги 594,0 минг куб метр табиий газ олинмоқда.

Қорақалпоғистон табиатининг инжиқликларида ишлаш қанчалик қийин бўлмасин ўз вазифаларини аъло даражада адо этган бурғилаш жамоаси ишчиларининг самарали меҳнати Жамият раҳбарияти томонидан муносиб эътироф этилди. Жумладан, бурғилаш тезлигини ошириш ва бригадалар ўртасида рақобат муҳитини шакллантириш мақсадида Бошқарув раиси ташаббуси билан кўчма кубок таъсис этилиб, ушбу бригада кўрсатган натижаларига кўра “Энг илғор бурғилаш жамоаси” кўчма кубогига муносиб деб топилди. Бурғиловчи бригаданинг 36 нафар аъзоси пул мукофоти, “Ташаккурнома” ҳамда кўчма кубог билан тақдирланди.

Маросимда “Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқаруви раисининг Геология ва қазиб чиқариш бўйича ўринбосари Рустам Шеров ва тегишли департамент бошлиқлари иштирок этди.

Қайд этилганидек, мазкур жамият аъзоларининг машаққатли меҳнати туфайли бундай натижага эришилди. Энди бу тажрибани республика миқёсида кенг ёйиш режалаштирилмоқда.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати