“Ўзбекнефтгаз”: “Uzbekistan GTL” заводида 5 ойда янги турдаги 170 минг тонна синтетик нефть маҳсулотлари ишлаб чиқарилди
Президентимиз Шавкат Мирзиеёв ташаббуси билан Қашқадарё вилоятида барпо этилган ва 2021 йилнинг декабрь ойида ишга тушириш ишларига расман старт берилган “Uzbekistan GTL” заводида бугунги кунда жами 172 мингдан зиёд бўлган, қиймати 3 трлн сўмга яқин, янги турдаги синтетик нефть маҳсулотлари ишлаб чиқарилди.
Аввал хабар берилганидек, “GTL” заводининг технологик қурилмаларида пуско-наладка ишлари якунига етказилиб, жорий йилнинг 15 июнь куни Ўзбекистон тарихида биринчи синтетик нефть ишлаб чиқарилиб, 29 июндан заводда синтетик дизель ёқилғиси ва нафта ишлаб чиқарилиши бошланган эди.
2022 йилнинг 11 сентябрь куни эса заводда халқаро стандарти ва технология лицензиарининг техник талабларига мос бўлган синтетик керосин ишлаб чиқариш йўлга қўйилди.
Июнь ойидан бошлаб, бугунги кунга қадар “Uzbekistan GTL” заводи 110,3 минг тонна “Евро-6” стандартидаги, юқори сифатли ва экологик тоза бўлган “GTL” дизель ёқилиғиси, 52,1 минг тонна синтетик нафта ва 9,7 минг тонна “GTL” керосин ишлаб чиқарган.
Ҳозирги кунда заводнинг 2 та маҳсулот ишлаб чиқариш блокининг, биринчиси тўлиқ қувватга ишга туширилган бўлиб, “Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқарув раиси Меҳриддин Абдуллаевнинг топшириғига кўра, иккинчи босқичи 2022 йил ноябрь ойида фойдаланишга топширилади.
Заводнинг иккинчи босқичи ишга туширилиши билан, ўртача кунлик дизель ишлаб чиқариш ҳажми ҳозирги 1500 тоннадан 3 минг тоннагача етказилади. Бу ўз навбатида маҳсулотнинг ишлаб чиқариш тан нархининг пасайишига олиб келади ва аҳоли ҳамда йирик истеъмолчиларни сифатли ёқилғисига бўлган эҳтиёжни тўлиқ қоплашга имконият яратади.
Шу жумладан, маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми босқичма-босқич оширилиб бораётгани ҳисобга олиб, “Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқарув раисининг кўрсатмасига биноан “GTL” дизелнинг нархи сўнги 3 ойда уч маротаба арзонлаштирилишига эришилди.
Бунда 1 тонна маҳсулот 15,5 млн сўмдан 12,9 млн сўмгача арзонлаштирилди. Заводнинг иккинчи навбати ишга туширилиши ва маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми кўпайиши ҳисобига сифатли ва юқори тозаликдаги бўлган “GTL” дизелнинг нархи янада пасайишига олиб келади.
Заводда маҳсулот ишлаб чиқарилиши бошланиши ҳисобига, республика бюджетига бугунги кунга қадар қисқа муддат ичида жами 120,7 млрд сўм солиқ тўловлари амалга оширилган бўлиб, йил якунига қадар жами тўланиши кутилаётган солиқлар миқдори 178,9 млрд сўмни ташкил этилиши кўзда тутилган.
Экологик тоза “GTL” дизель республиканинг йирик ишлаб чиқариш, кимё, қишлоқ хўжалиги, транспорт-логистика, қурилиш, коммунал хўжалиги ва бошқа қатор соҳа корхоналарига шу жумладан тадбиркорлик субъектларига етказилиб берилмоқда. “GTL” дизель ёқилғисида ишлайдиган транспорт воситалари атмосферага зарарли чиқиндилар чиқиши 40 фоизга кам бўлиб, ҳаво ифлосланиши сезиларли даражада камайишига эришилмоқда. Бу ўз навбатида мамлактимизнинг экология, ҳаво ва атроф-муҳит яхшиланишига оилб келади.
Куз-қиш мавсумида, шу жумладан ерларни шудгорлаш мавсумида қишлоқ хўжалиги соҳа корхоналари, кластер ва фермерларга узлуксиз равишда, эҳтиёжга кўра, тўлиқ миқдорда, турли хил чеклов ва чегаралаш шартлари киритилмаган ҳолда, ёқилғи билан, шу жумладан “GTL” дизели билан таъминлаш ишлари “Ўзбекнефтгаз” АЖ томонидан тизимли равишда йўлга қўйилди.
“GTL” заводи ишга туширилиши ҳамда ички бозорга юқори сифатли дизель ёқилғиси билан таъминлаш имконияти яратилганлиги ҳисобига, республикага импорт қилинаётган дизель ёқилғисининг сезиларли даражада пасайиши кузатилмоқда.
“Uzbekistan GTL” заводининг маҳсулотларига Хитой, Туркия, Озарбайжон, Тожикистон, Афғонистон ва қатор бошқа мамлакатларининг тадбиркорлари ҳамда йирик корхоналари ҳам катта қизиқиш билдирмоқда. Бугунги кунга қадар қисқа муддат ичида қиймати 3,4 млн долларга тенг бўлган жами 3,3 минг тонна “GTL” дизели ва 20 млн долларга тенг нафта маҳсулоти экспортга сотилди.
Шу билан биргаликда заводда ёқилғи маҳсулотларидан ташқари, ишлаб чиқариш жараёнида ҳосил бўладиган буғ ҳисобига электр энергия ишлаб чиқарилиши йўлга қўйилган бўлиб, бугунги кунга қадар жами 116,15 минг МВт/соат электр энергияси ишлаб чиқарилган бўлиб, бундан 16 минг МВт/соат электр энергияси республика энерготизимига узатилди, бу ўз навбатида аҳолимизнинг минглаб хонадонларига, тадбиркорлик субъектлари, ишлаб чиқариш корхоналари учун электр энергиясини етказишда ўз хиссасини қўшмоқда.
Заводда йилига 3,6 млрд метр куб табиий газни қайта ишлаш орқали 307 минг тонна авиакеросин, 724 минг тонна дизель ёнилғиси, 437 минг тонна нафта, 53 минг тонна суюлтирилган газ ишлаб чиқарилади.
Завод тўлиқ ишга тушиши ҳисобига йилига 10 трлн сўмдан ортиқ маҳсулот ишлаб чиқарилиб, республика бюджетига 2 трлн сўм миқдорида солиқ ва тўловлар амалга оширилади. Йилига 500 млн долларлик импорт ўрни қопланиб, 200 млн доллар ҳажмидаги маҳсулотлар экспорти йўлга қўйилади.
Дунё бозорида бир баррель нефть нархи 90-100 доллар бўлиб турган бугунги даврда, мазкур лойиҳанинг қанчалик долзарб экани янада аниқ-равшан тасдиқланмоқда. Албатта, бу мамлакатимизнинг ёқилғи-энергетика хавфсизлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.
Республика нефтни қайта ишлаш заводларида асосан “Евро-3” стандартига мос келувчи ёнилғи ишлаб чиқараётган бир пайтда, “GTL” заводи ҳисобига бир неча қадам илгарилаб, ушбу янги заводда “Евро-6” талабларига жавоб берадиган маҳсулот ишлаб чиқаришни йўлга қўйдилди.
Бухоро нефтни қайта ишлаш заводида йилига 120 минг тоннага яқин анъанавий авиация ёқилғиси ишлаб чиқарилмоқда. “GTL” керосинини компонент сифатида қўллаш орқали ички бозорга етказиб бериладиган “Jet А-1” авиация ёқилғиси ҳажмлари икки баробарга оширилади.
Бунда “Боинг” ҳамда “Airbus” компаниялари ўз самолётларида синтик авиакеросинни, анъанавий “Jet А-1” авиаёқилғиси билан 50%гача аралашмасини ишлатиш мумкинлигини маълум қилди.
Мамлакатимизда ишлаб чиқарилаётган ярим синтетик “Jet А-1” авиаёқилғиси билан ички талаб тўлиқ қопланиши билан бирга, хорижий авиакомпанияларнинг ҳам эхтиёжини қондирган ҳолда минтақавий хаб барпо этишга катта туртки берилади.
2023 йилда “GTL” заводида жами 1 млн тоннагача синтетик суюқ ёқилғи ишлаб чиқарилиши, 1,4 трлн сўм миқдорида солиқлар тўланиши кутилмоқда.
Яқин йилларда “GTL” заводи бошқа саноат соҳаларининг ҳам тараққий этиши учун ўзининг муносиб ҳиссасини қўшади.
Шу ўринда таъкидлаш жоизки, “Uzbekistan GTL” заводи дунё нефть-газ ва кимё саноати соҳасидаги энг нуфузли мукофоти, жаҳон энергетика саноатининг “Оскар” мукофоти сифатида эътироф этилган “2022 Platts Global Energy Awards” – АҚШнинг “S&P Global” нуфузли ҳакамлар ҳайъати томонидан “Углеводородларни қайта ишлаш соҳаси ва кимё саноатидаги улкан ютуқлари учун” номинациясида дунёнинг етакчи корхоналари қаторида номзод сифатида танланди. Ушбу юксак ва нуфузли мукофотларга “GTL” заводи номзод сифатида киритилиши Ўзбекистонда амалга оширилган ушбу лойиҳанинг долзарблиги ва муҳимлиги халқаро экспертлар жамиятлари томонидан тан олинмоқда.
“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати
#нефть#газ#энергия#скважин#инвестиция#добыча#углеводород#экономика#завод#нефтебаза#қудуқ#кон#иқтисод#аёқш
|web-sayt|facebook|instagram|telegram|vk.com|YouTube|twitter|