“Ўзбекнефтгаз”: “Мароқанд нефть базаси”нинг директори лавозимидан озод этилди, учта нефть база директорларига хайфсан берилди
“Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаевнинг топшириғи билан жамият тасарруфидаги нефть базаларнинг фаолияти доимий равишда танқидий таҳлил қилиб борилмоқда.
Танқидий таҳлил, қатъий тартиб-интизом ва шахсий жавобгарлик -бу ҳозирда долзарб вазифалардан биридир. Бу борада жамиятнинг тегишли департаментлари томонидан нефть базаларнинг фаолияти атрофлича таҳлил қилиниб, натижаси бўйича зарурий чоралар кўрилмоқда.
Бугунги кундаги таҳлиллар, истеъмолчиларга нефть маҳсулотлари, жумладан, автобензин етказиб берилиши бўйича керакли чора-тадбирлар амалга оширилаётганига қарамай, жойларда айрим раҳбарлар ҳамда масъулларнинг ўз вазифасини бажаришда сусткашликка йўл қўяётганликларини кўрсатмоқда.
Хусусан, нефть базаларнинг ўтган давр мобайнидаги фаолияти таҳлил қилинганда, дебитор қарздорликни ундириш бўйича кўрилаётган чоралар ўта қониқарсиз аҳволда эканлиги, дебитор қарздорликни қисқартириш бўйича етарли чоралар кўрилмаётганлиги, талон-тарожликлар, камомад ва мансаб ваколатини суистеъмол қилиш ҳолатлари аниқланмоқда.
Катта миқдорда қарздорлик Мароқанд, Жиззах, Бухоро, Навоий ва Андижон нефть базаларда сақланиб қолаётгани, айниқса, дебитор қарздорлик масаласида ижобий ҳаракатлар кўзга ташланмаётгани, умидсиз қарздорликнинг мавжудлиги ҳамда хатолар такрорланаётгани, тегишли раҳбарлар шу вақтга қадар тўғри хулоса чиқариб олмаганини танқидий таҳлиллар натижасида кўриш мумкин.
Таҳлиллар натижаси билан, жамият томонидан белгиланган кўрсаткичларнинг бажарилмаганлиги, нефть маҳсулотларини етказиб беришда камчиликларга йўл қўйганликлари, етказиб берилган нефть маҳсулотлари учун дебитор қарздорликларнинг кескин ошишига шароит яратиб берганликлари учун “Андижон нефть базаси” МЧЖ директори Қ.Юсупов, “Бухоро нефть базаси” МЧЖ директори И.Норов, “Жиззах нефть базаси” МЧЖ директори В.Қосимов ва “Навоий нефть базаси” МЧЖ директори О.Ҳасановларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 181-моддаси 1-бандига асосан “ҳайфсан” эълон қилинди ҳамда ишда йўл қўйилган камчиликларни тузатиш учун 3 ойлик синов муддати белгиланди.
Шунингдек, дебитор қарздорликни катта миқдорларда ошишига йўл қўйганлиги ҳамда талон-тарожликлар, камомад ва мансаб ваколатини суистеъмол қилиш ҳолатлари сурункали такрорланаётганлиги сабабли фаолияти қониқарсиз топилган “Мароқанд нефть базаси” МЧЖ директори А.Икромов эгаллаб турган лавозимидан озод этилди.
Нефть таъминоти соҳасини жадал ва барқарор ривожланишга қаратилган бундай танқидий таҳлиллар кейинчалик ҳам мунтазам давом эттириб борилади.
“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати
#нефть#газ#энергия#скважин#инвестиция#добыча#углеводород#экономика#завод#нефтебаза#қудуқ#кон#иқтисод#аёқш
|web-sayt|facebook|instagram|telegram|vk.com|YouTube|twitter|