June 24, 2022

“Ўзбекнефтгаз”: Очиқ ва шаффофликни таъминлаш мақсадида барча харид жараёнлари махсус электрон порталлар орқали тўлиқ электрон шаклда ўтказилмоқда

Бош саҳифа Русский

Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 22 апрелдаги “Давлат харидлари тўғрисида” ги ЎРҚ-684-сонли Қонунига асосан, 2022 йилнинг 1 январидан бошлаб Жамият томонидан барча харид жараёнлари, шу жумладан, тендер ва энг яхши таклифларни танлаш савдолари ўрнатилган тартибда махсус электрон порталлар орқали тўлиқ электрон шаклда ўтказилиши йўлга қўйилди.

Жумладан жорий йилнинг 5 ойи мобайнида мазкур платформалар орқали жами 221,6 млрд сўмлик харидлар амалга оширилди. Бу эса давлат харидлари тизимини янада такомиллаштириш, соҳада очиқлик ва шаффофликни таъминлаш, харид жараёнларини соддалаштириш ва рақамлаштириш, коррупция ҳолатларини олдини олиш ҳамда харид жараёнларида инсон омили таъсирини қисқартиришга имкон яратмоқда.

Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, харид жараёнларига маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни жалб қилиш устувор вазифа этиб белгиланган бўлиб, харид қилиниши кўзда тутилган, келиб чиқиши импорт бўлган товарлар тўғрисидаги маълумотларни Электрон кооперация порталининг “Импорт муқобили бўйича сўров юбориш” бўлимига жойлаштириш орқали уларни ўзлаштириш доирасида потенциал ишлаб чиқарувчиларни аниқлаш бўйича ишлар олиб борилмоқда.

Шунингдек, Жамият тасарруфидаги корхоналарнинг Республика миқёсида мунтазам ўтказиладиган саноат ярмаркаларида алоҳида иштирок этиши натижасида авваллари импорт орқали олиб келинган товар-моддий бойликлари (котел утилизатор, теплообменник, абсорбер зулфинлар, насос қурилмаларива ҳ.к.), шунингдек бурғилаш ишлари учун ишлатиладиган кимёвий реагентлар хариди маҳаллий корхоналардан амалга оширилмоқда.

Хусусан, 2022 йилнинг 1 июнига қадар Ягона электрон кооперация портали орқали қиймати 134 млрд сўмга яқин шартномалар расмийлаштирилди. Бу ўтган йилнинг мос даврига (56,7 млрд сўм) нисбатан 77,3 млрд сўмга ёки 58% га ошган.

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, маҳаллийлаштиришни кенгайтириш ҳисобидан импорт ҳажми ва турларини мақбуллаштириш тендер ва энг яхши таклифларни танлаш савдолари доирасида маҳаллий ишлаб чиқарувчи корхоналарга ўрнатилан тартибда преференция қўлланилади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 10.01.2019 йилдаги ПҚ-4105-сонли Қарорига мувофиқ, ҳар йили Жамият хўжалик фаолиятини таъминлаш учун зарур моддий-техник ресурслар рўйхати шакллантирилади ҳамда давлат харидлари сайти ва “Ўзбекнефтгаз” АЖ расмий сайтида эълон қилиниб келинмоқда.

Жумладан, 2022 йилда Кузатув кенгаши томонидан тасдиқланган, умумий қиймати 1,9 трлн сўмлик моддий-техник ресурслар рўйхати шакллантирилган бўлиб, шундан 348 млрд сўмлик моддий-техник ресурслар айнан маҳаллий ишлаб чиқарувчилардан харид қилиниши белгиланган.

Шу билан бирга, жорий йилнинг июль ойида Қарши шаҳрида хусусий тадбиркорлар ва маҳаллий ишлаб чиқарувчилар билан кенг қамровли матбуот анжумани ўтказилиши режалаштирилмоқда. Матбуот анжуманидан кўзланган асосий мақсад – хусусий тадбиркорлар ва маҳаллий ишлаб чиқарувчиларимизни 2022 йилнинг 2-ярми ва 2023 йил учун дастлабки шакллантирилган моддий-техник ресурслар рўйхати билан шахсан таништириш, “Ўзбекнефтгаз” АЖда харид жараёналарини ўтказиш бўйича йўлга қўйилган тизим ва эълон қилинган амалдаги тендер ва танловлар бўйича маълумотлар тақдим этиш ҳисобланади.

Бунинг натижасида, Республика маҳаллий ишлаб чиқарувчи корхоналари давлат харидларининг очиқ ва шаффоф йўлга қўйилганлиги, уларда иштирок этиш соддалаштирилганлигига ишонч ҳосил қилишлари учун замин яратиш ва шу орқали “Ўзбекнефтгаз” АЖ харид жараёнларида соф рақобат муҳитини ривожлантириш ва уларнинг самарадорлигини ошириш кўзда тутилган.

Харидлар жараёнида шаффофликни таъминлаш ва соғлом рақобат муҳитини яратиш, мақсадида, Жамият томонидан расмий “UNG Procurement” телеграм канали яратилди. Мазкур каналда амалга оширилаётган харидлар бўйича эълонлар, барча керакли маълумотлар ва натижалар мунтазам равишда жойлаштирилиб борилади.

Расмий канал контрагентлар, ҳамкорлар, давлат органлари, мансабдор шахслар билан ўзаро адолатли ва ҳаққоний муносабатларини таъминлашга, харидлар соҳасида манфаатлар тўқнашувини аниқлашга, профессионал ва ахлоқ стандартларини белгилашга, тегишли корпоратив маданиятни шакллантиришга хизмат қилади.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ харид тизими фаолияти бўйича расмий каналда сўровнома ўтказилиши режалаштирилмоқда. Ушбу сўровномада харидлар соҳасида юзага келаётган муаммолар ва камчиликлар, таклифлар кўриб чиқилиб, харид жараёнларига тегишли ўзгартиришлар киритилиши кутилмоқда. Маҳаллий ва хорижий етказиб берувчи корхоналарни мазкур сўровномада фаол қатнашишларини сўраб қоламиз.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати

#нефть#газ#энергия#скважин#инвестиция#добыча#углеводород#экономика#завод#нефтебаза#қудуқ#кон#иқтисод#аёқш

|web-sayt|facebook|instagram|telegram|vk.com|YouTube|twitter|