“Ўзбекнефтгаз”: Маҳаллий корхоналарида ишлаб чиқарилган автобензин ва дизель ёқилғиси экспортига вақтинча чекловлар ўрнатилди
Бугунги кунда аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари томонидан муҳокамаларга сабаб бўлаётган автобензин ва дизел ёнилғиси нархларининг ўзгариши юзасидан оммавий ахборот воситаларида турли хил фикрлар билдирилмоқда.
Интернет наршлари ва ижтимоий тармоқ саҳифаларида билдирилаётган фикр ва мулоҳазалар юзасидан қуйидагиларни маълум қиламиз.
“Ўзбекнефтгаз” АЖнинг ҳисоб-китобларига кўра, автобензинга бўлган талаб 2022 йилда 1,3 млн тоннани (ўтган йилга нисбатан 18,2 фоизга кўп), дизель ёнилғисига талаб 1,2 млн тонна (ўтган йилган нисбатан 18,2 фоизга кўп) бўлиши кутилмоқда.
2022 йилда “Ўзбекнефтгаз” АЖ томонидан жами 835,2 минг тонна автобензин ишлаб чиқарилиб республика талабининг 65 % (завод ускунаси 130 % қувватда ишлайди), 584,7 минг тонна (шундан GTL 272,7 минг тонна) дизель ёнилғиси ишлаб чиқарилиб республика талабининг 48 % қопланиши режалаштирилган.
Йиллик талабнинг тайёр импорт маҳсулоти ҳисобига қондириш даражаси автобензин бўйича ўртача 23 фоизни, дизель ёқилғиси бўйича эса 37 фоизни ташкил қилади.
Бугунги кунда ички бозорда нефть маҳсулотлари нархлари ошишига қатор омиллар таъсир қилмоқда. Жумладан, Европа давлатларидаги геосиёсий вазиятлар фонида, Brent маркали нефтнинг 1 баррели 113 долларгача (ўсиш 129%), импорт қилинадиган 1 тонна автобензиннинг нархи 1 080 долларгача (135%), дизель ёнилғисининг нархи 1 157 долларгача (157%) ошгани, қўшни давлатларда хомашё ва тайёр маҳсулотни сотиш ҳажмларига чеклов ўрнатилгани, ички бозорда автобензинга талаб ошиб бораётган бир пайтда йирик миқдорда қўшни давлатларга экспорт қилинаётганлиги ва бошқа омиллар таъсир кўрсатмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси бошчилигида республикада нарх-наво барқарорлигини таъминлаш мақсадида қуйидаги чоралар кўрилмоқда:
- республика корхоналарида ишлаб чиқарилган автобензин ва дизель ёқилғиси экспортига вақтинча чекловлар ўрнатилди;
- “Ўзбекнефтгаз” АЖ томонидан биржа савдоларига қўйиладиган бензин ҳажми 2,8 минг тоннадан 3,3 минг тоннагача кўпайтирилди.
Шу билан бирга, жамият томонидан:
- АИ-80 русумли автобензин ишлаб чиқариш кунлик ҳажми 1 700 тоннадан 2100 тоннагача оширилди;
- аҳолига етказиб берилаётган автобензин нархларини кескин ошишини олдини олиш мақсадида “Ўзбекнефтгаз” АЖ томонидан АИ-80 русумли автобензин 1 литр чакана нархи 26 майгача 6 500 сўмдан, ундан кейин 6 800 сўмдан даражасида ушлаб турилибди.
- АИ-80 русумли автобензин ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш мақсадида, GTL синтетик нафта маҳсулотини қайта ишлашга жалб қилиш ишлари бошланди.
Нефть маҳсулотлари нархини барқарорлаштириш бўйича тегишли мутасадди ташкилотлар билан кечаю-кундуз ишлар олиб борилмоқда ва тадбирлар давом эттирилади.
2022 йилда Uzbekistan GTL заводида жами 1 382 млн. м3 табиий газ қайта ишланиши кутилмоқда (лойиҳавий қувватига нисбатан 38%).
Маълумот учун. Uzbekistan GTL заводининг йиллик табиий газни қайта ишлаш лойиҳавий қуввати 3,6 млрд. м3 бўлиб, бунда маҳсулот ишлаб чиқариш йиллик қувватлари синтетик нафта бўйича 437 минг тоннани, синтетик дизель ёнилғиси 724 минг тонна, синтетик керосин 307 минг тонна, суюлтирилган газ 53 минг тоннани ташкил этади.
“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати
#нефть#газ#энергия#скважин#инвестиция#добыча#углеводород#экономика#завод#нефтебаза#қудуқ#кон#иқтисод#аёқш
|web-sayt|facebook|instagram|telegram|vk.com|YouTube|twitter|