Қазиб чиқариш самарадорлигини ошириш бўйича йиғилиш бўлиб ўтди
“Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқарув раиси табиий газ қазиб чиқариш ва захираларни ўстиришга бевосита масъул бўлган раҳбар ва мутахассислар иштирокида йиғилиш ўтказди.
Унда давлат раҳбари томонидан Жамият фаолиятини тиклаш, табиий газ қазиб чиқариш ҳажмларини барқарорлаштириш ва саноат маҳсулотлари ишлаб чиқаришни ошириш бўйича белгиланган устувор вазифалар ижроси танқидий-таҳлилий руҳда кўриб чиқилди.
Қайд этилганидек, сўнгги тўрт йилда табиий газ қазиб чиқариш ҳажмлари 21.7 фоизга камайган. Бу ҳолат соҳада стратегик режалаштириш етишмаслиги, фақат бугунги кун билан ишланиши оқибатида кутилган натижага эришилмагани билан изоҳланди. Шу боис ҳар бир кон бўйича иқтисодий самарадорлик ва рентабеллик кўрсаткичларини аниқ белгилаш зарурлиги айтилди.
Жорий йилда геологик-қидирув ва техник тадбирларга катта ҳажмда маблағ ажратилганига қарамасдан, қазиб чиқаришда ўсиш кузатилмаётгани, қазиб чиқариш суръатларининг 5–6 фоизга пасайиб бораётгани бошқа турдаги маҳсулотлар ишлаб чиқаришга ҳам салбий таъсир кўрсатиши таъкидланди.
Айни вақтда “Ўзбекнефтгаз” АЖ томонидан қазиб чиқарилаётган табиий газ таннархдан арзонроқ нархда кейинги босқичга етказиб берилмоқда. Бу эса, компаниянинг иқтисодий кўрсаткичларига таъсир қилиб, ташқи қарзларни кўпайишига сабаб бўлмоқда. Шу боис, йиғилишда қазиб чиқариш харажатларини максимал қисқартириш эвазига, Жамиятнинг молиявий барқарорлигини таъминлаш мумкинлиги қайд этилди.
Эндиликда ҳар бир масъулга қудуқ бириктириш амалиёти жорий этилиб, уларнинг ҳар биридан кафолат хати олинади. Кўрсаткичлар ижросини таъминлашда сусткашликка йўл қўйганларга қатъий чоралар кўриш белгиланди.
Йиғилиш якунида соҳадаги мавжуд муаммоларни бартараф этиш, қазиб чиқаришни барқарор ривожлантириш ва захираларни ошириш бўйича аниқ таклиф ва ташаббуслар тингланди. Ушбу таклифлар асосида соҳани ривожлантиришга қаратилган комплекс чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилиши топширилди.