“Ўзбекнефтгаз”: Бухорода янги очилган қудуқдан кунига 140-150 минг куб метр табиий газ олишга эришилди
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2021 йил 25 декабрь куни “Uzbekistan GTL” заводига ташрифи давомида “Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаевга берган топшириқларнинг ижросини таъминлаш, шунингдек Республика аҳолиси ва иқтисодиёти тармоқларини ёқилғи-энергетика ресурслари билан барқарор таъминлаш мақсадида республиканинг бир қанча ҳудудларида нефть ва газ геология-қидирув ишлари жадал суратларда олиб борилмоқда.
Ушбу мақсадларда, 2022 йилнинг 7 февралида Бухоро вилоятида жойлашган “Андакли” конидаги 11-сонли қудуқда бурғилаш ишлар бошланди. Ушбу қудуқ 2650 метр чуқурликгача самарали бурғиланда ва қатламларни маҳсулдорликка синаш ишлари муваффақиятли якунланди.
Натижада жорий йилнинг 30 июнида қудуқнинг 2080-2041 метр оралиғида аниқланган юра даври карбонат қатламларидан табиий газнинг саноат аҳамиятига эга, дастлабки кунлик ҳажми 140-150 минг куб метр бўлган табиий газ олишга эришилди. Қудуқдан қазиб олинаётган табиий газнинг якуний рақамларига эса тадқиқот институтлари томонидан ҳозирда олиб борилаётган таҳлиллар натижасида аниқлик киритиш белгиланган.
Шуни алоҳида таъкидлаш кераккки, “Ўзбекнефтгаз” АЖ томонидан 2021-2022 йилларда “Андакли” конида амалга оширилган геология-қидирув ишлари натижасида унинг дастлабки 6,0 млрд куб метр ҳажмдаги табиий газ заҳиралари 2,5 млрд куб метрга кўпайтирилиб 8,5 млрд куб метрга етказилган бўлса, 264 минг тонна газконденсати заҳиралари 29 минг тоннага кўпайтирилиб, унинг жорий ҳажмлари 293 минг тоннага етказилди.
Ҳозирда ушбу коннинг истиқболли майдонларини кенгайтириш ҳамда табиий газ хом ашёсининг янги заҳираларини аниқлаш мақсадида кейинги – 12-сонли қудуқни бурғилаш ишлари давом эттирилмоқда. 2022 йилнинг III чорагида ушбу қудуқдан табиий газ маҳсулотларини олиш ҳамда углеводород хом ашёси заҳираларини кўпайтиришни таъминлаш бўйича барча зарурий чора ва тадбирлар амалга оширилмоқда.
Шуларнинг қаторида, “Ўзбекнефтгаз” АЖ бўйича режалаштирилган дастурларга асосан “Андакли” конида 2022 йил якунига қадар разведка ишларини тўлиқ якунлаш, кон бўйича табиий газ ва газ конденсатининг умумий заҳираларини тўлиқ ҳисоблаш ҳамда Давлат заҳиралар комиссиясида тасдиқдан ўтказиш бўйича таҳлил ва тадқиқот ишлари ҳам олиб борилмоқда.
“Ўзбекнефтгаз” АЖ томонидан Республика нефть ва газ саноатини ривожлантиришга ва унинг углеводород хом ашё базасини мустаҳкамлашга қаратилган нефть ва газ геология-қидирув ишларини амалга ошириш давом этмоқда.
“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати
#нефть#газ#энергия#скважин#инвестиция#добыча#углеводород#экономика#завод#нефтебаза#қудуқ#кон#иқтисод#аёқш
|web-sayt|facebook|instagram|telegram|vk.com|YouTube|twitter|