Ёшлар билан юзма-юз
“Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқарув раисининг ёшлар масалалари бўйича маслаҳатчиси Ўткирбек Маматқулов Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи ёш мутахассислари билан очиқ ва самимий мулоқот ўтказди.
Учрашувда ёш мутахассислар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олиш, фаол иш жараёнлари, касбий ўсиш имкониятлари ва заводдаги меҳнат муҳитини яхшилаш бўйича таклифларини баён этиш имкониятига эга бўлдилар.
Суҳбат чоғида ёшлар билан ишлаш — компаниянинг устувор йўналишларидан бири эканлиги таъкидланиб, кадрлар салоҳиятини ошириш, устоз-шогирд анъанасини кучайтириш, ёш мутахассисларни инновацион лойиҳаларга жалб этиш ва уларнинг ғояларини амалга ошириш учун имконият яратиш муҳимлиги қайд этилди.
Ёшлар томонидан илгари сурилган фикр ва таклифларни амалга ошириш бўйича тегишли чоралар кўриш белгиланди.
Келгусида янги ўқув ва амалиёт дастурларини йўлга қўйиш, ёш ходимлар ташаббуси билан бошланган лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш, марказий офис ҳамда ҳудудий заводлар ўртасидаги ҳамкорликни кучайтириш, шунингдек, фикр алмашиш ва касбий ривожланиш учун замонавий платформалар яратиш режалаштирилган.
Учрашув сўнггида ёш мутахассислар бундай очиқ мулоқотлар жамоа ичидаги ўзаро ишончни мустаҳкамлаб, илҳом ва мотивацияни ошираётганини таъкидладилар.