Профессор-ўқитувчилар учун Самарқандга саёҳат
И.М.Губкин номидаги (МТУ) Россия давлат нефт ва газ университетининг Тошкент шаҳридаги Филиали профессор-ўқитувчилари ҳамда ходимлари учун қадимий ва гўзал Самарқанд шаҳрига саёҳат ташкил этилди.
Саёҳат давомида иштирокчилар шаҳарнинг бой тарихи ва маданий мероси билан яқиндан танишишди. Экскурсия Шоҳизинда меъморий ансамблидан бошланиб, Регистон майдони ва Амир Темур ҳамда унинг авлодлари дафн этилган Гўри Амир мақбарасига қадар давом этди. Шунингдек, Мирзо Улуғбекнинг обсерваториясида улуғ алломанинг илм-фанга қўшган ҳиссаси ҳақида маълумот берилди.
Педагоглар мамлакатимиз Биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг болалик уйи ҳамда Хазрати Ҳизр масжидидаги мақбарасини зиёрат қилиб, давлат арбобининг хотирасини ёдга олдилар.
Қадимий шаҳарга уюштирилган мазкур саёҳат нафақат ўтмишга ҳурмат ва тарихий меросни англаш, балки педагогларни ватанга садоқат, миллий ифтихор ва бирдамлик руҳида бирлаштирган муҳим тадбир бўлди.