October 13

Йирик ҳажмдаги қурилмалар маҳаллийлаштирилиб, 12.9 млн доллар тежалди

“Ўзбекнефтгаз” АЖ сўнгги йилларда маҳаллий ишлаб чиқарувчилар билан саноат кооперациясини кенгайтириш, импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш ва маҳаллийлаштириш жараёнларини жадаллаштиришда муҳим қадамлар ташламоқда.

Жумладан, 2025 йил январ–август ойларида биргина “шатакка олиш” механизми доирасида маҳаллий ишлаб чиқарувчилар билан ҳамкорликда 81 турдаги маҳсулот ва хизматлардан 31 таси муваффақиятли саноат-тажриба синовларидан ўтди. Натижада 208,2 миллиард сўмлик шартнома имзоланди.

Бу йўналишда айниқса, “Ўзбеккимёмаш заводи” АЖ билан йўлга қўйилган ҳамкорликнинг аҳамияти катта. Жамият буюртмасига кўра, мазкур завод томонидан илк бор табиий газни тозалаш жараёнида муҳим аҳамиятга эга бўлган, йирик ҳажмдаги адсорбер қурилмалари маҳаллийлаштирилди. Лойиҳанинг иқтисодий аҳамияти ҳақида тўхталадиган бўлсак, адсорбер қурилмасини ўзлаштириш ҳисобига 12.9 миллион долларлик валюта тежалиб, 111.7 миллиард сўмлик иқтисодий самарага эришилди. Бугунги кунда мазкур қурилмалар Шўртан нефт ва газ қазиб чиқариш бошқармасига келтирилди.

Шу билан бирга, компания буюртмасига биноан завод томонидан 15,4 миллиард сўм қийматга эга 2 та бошқа турдаги десорбер қурилмаси ҳам “Ўзбекнефтгаз” АЖ объектларига етказиб берилди. Газларни тозалаш ва ажратиш жараёнларида қўлланиладиган мазкур ускуналар соҳадаги технологик жараёнларни янада самарали ва барқарор қилишга хизмат қилмоқда.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ ва “Ўзбеккимёмаш заводи” АЖ ўртасидаги узоқ муддатли ҳамкорлик йил сайин янги турдаги йириктоннажли ускуналар, эҳтиёт қисмлар ва хизматларни ўзлаштириш орқали нафақат ички бозор эҳтиёжини қондириш, балки халқаро бозорда ҳам рақобатбардошликни таъминлашга қаратилгани билан аҳамиятли.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Ахборот хизмати