“Ўзбекнефтгаз”: “QazaqGaz” компанияси билан ўзаро ҳамкорлик масаласи муҳокама қилинди
“Ўзбекнефтгаз” АЖ ва Қозоғистоннинг “QazaqGaz” АЖ компаниялари ўртасида нефть ва газ саноатини ривожлантиришга қаратилган лойиҳаларни ҳамкорликда амалга ошириш ва тажриба алмашиш бўйича ўзаро англашув меморандуми имзоланган. Меморандумга асосан ҳамкорликни кенгайтириш борасида “йўл харита”си ишлаб чиқилиб, чора тадбирлари белгиланган.
Куни веча видео конференция орқали томонлар ишчи гуруҳлари ўртасида музокара олиб борилди. Унда томонлар яқин йилларда эришилган натижалар ва амалга оширилаётган лойиҳалар бўйича фикр алмашишди.
Хусусан “QazaqGaz” компанияси томонидан “Ўзбекнефтгаз” АЖда амалга оширилаётган лойиҳалар эътироф этилиб, кадрларини тайёрлаш ва малакасини оширишда эришган бой тажриба қозоқ компаниясига қўл келишини таъкидлашди.
Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон ва Қозоғистон нефть ва газ компаниялари ўртасида узоқ йиллик ҳамкорлик алоқаларининг мустаҳкамланиб бораётганига биргаликда амалга оширилаётган лойиҳалар ҳам яққол мисол бўла олади.
Муҳокамада “QazaqGaz” компанияси мутахассислари ҳозирда “Кошаган” кони ресурларидан самарали фойдаланиш мақсадида газни қайта ишлаш истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш имкониятлари хорижий ҳамкорлар билан биргаликда ўрганилаётганини айтиб ўтишди. Бунда газ таркибидан қўшилган қийматдаги углеводород маҳсулотларини ишлаб чиқариш асосий мақсад эканлиги ва бу борада томонлар минтақада юқори самарали лойиҳаларни ҳамкорликда амалга ошириши мумкинлиги таъкидланди.
Олиб борилган видео конференц алоқа мобайнида томонлар ўзаро кадрлар малакасини ошириш ва газни қайта ишлаш ва углеводородларни чуқур қайта ишлаш бўйича ишчи гуруҳларни шакллантириш ҳамда дастлабки ўрганишларни бошлашга келишиб олишди.
Маълумот учун: “QazaqGaz” компанияси Қозоғистоннинг вертикал интеграллашган миллий газ компанияси бўлиб, геологик қидирувдан тортиб қазиб олиш ҳамда маҳсулотлар реализацияси фаолиятини олиб боради.
“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати
#нефть#газ#энергия#скважин#инвестиция#добыча#углеводород#экономика#завод#нефтебаза#қудуқ#кон#иқтисод#аёқш