December 5, 2022

“Ўзбекнефтгаз”: “Тегирмон” гуруҳи конларида газ қазиб чиқариш тўлиқ қайта тикланди

Бош саҳифа Русский

Куни кеча “Ўзбекнефтгаз” АЖ Муборак нефт ва газ қазиб чиқариш бошқармасига қарашли “Тегирмон гуруҳи” конларида узунлиги 47 км бўлган қувурнинг 41 км. дан газ сизиб чиқиш ҳолати рўй бераётгани аниқлангани ҳақида хабар берган эдик.

Бахтсиз ҳодисалар содир бўлишининг олдини олиш мақсадида тезкор чоралар кўрилиб, қувурдан юқори олтингугуртли газ узатилишини инобатга олган ҳолда, қувурга уланган “Тегирмон гуруҳи”даги “Тегирмон”, “Ғарбий Тегирмон” ва “Шимолий Тегирмон”, “Янги Алат” конлардаги газ қудуқлари ишдан тўхтатилган эди.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаев бошчилигида тегишли мутахассислар билан биргаликда ташкил этилган тезкор тадбирлар натижасида “Тегирмон” конлари гуруҳи газ қувурини таъмирлаш-тиклаш ишлари қисқа муддатда амалга оширилди.

Натижада, “Тегирмон” гуруҳидаги “Тегирмон”, “Шимолий Тегирмон” ва “Ғарбий Тегирмон”, “Янги Алат” конларидаги барча ишлатиш қудуқларидан газ қазиб чиқаришни қайта тиклашга эришилди.

Ҳозирда газ қувурининг бир маромида ишлаши таъминланиб, конлардан қазиб олинаётган газ Муборак газни қайта ишлаш заводига барқарор узатилмоқда.

Шу билан бир қаторда, кунлар совуганлигини эътиборга олган ҳолда Республика аҳолиси ва истеъмолчиларни бир маромида табиий газ билан таъминлаш мақсадида “Ўзбекнефтгаз” АЖ Муборак нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармаси ва тегишли мутахассислардан иборат тезкор “ишчи гуруҳ” лар томонидан табиий газ қазиб чиқаришни кўпайтириш бўйича амалий ишлар ташкил этилмоқда.

Хусусан, кунлар совуқ бўлишига қарамасдан “Янги Алат” конида геологик излов-қидирув ишлари доирасида бурғилаш ишлари якунланган 3- сонли қудуқни ўзлаштириш ишлари олиб борилмоқда.

Ушбу қудуқдан қазиб олинадиган табиий газни узатиш мақсадида қудуқнинг шлейф қувурини қисқа муддатда қуриб ишга тушириш учун “Нефтгазмонтаж” МЧЖ қурилиш-монтаж бригадалари жалб қилиниб, газ қувурини қурилиш ишлари бошлаб юборилди.

Қудуқни ишга тушириш билан яна қўшимча табиий газ қазиб чиқаришни оширишга эришилади.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати

#нефть#газ#энергия#скважин#инвестиция#добыча#углеводород#экономика#завод#нефтебаза#қудуқ#кон#иқтисод#аёқш

|web-sayt|facebook|instagram|telegram|vk.com|YouTube|twitter|