October 16

Онкологик касалликлар профилактикаси бўйича тиббий кўрик ўтказилмоқда

Бухоро нефтни қайта ишлаш заводида 400 нафардан ортиқ ишчи-ходим онкологик касалликлар олдини олишга қаратилган чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилди.

Лойиҳа давлатимиз раҳбари ва ҳукумат қарорлари ижроси доирасида амалга оширилмоқда. Шунингдек, заводнинг ички ижтимоий дастурлари бўйича жорий йил сентябрдан бошлаб аёл ходимлар учун навбатдан ташқари кўриклар ҳам йўлга қўйилган.

Кўриклар Республика ихтисослаштирилган она ва бола саломатлиги илмий-амалий тиббиёт маркази билан ҳамкорликда ташкил этилди. “Оила ва никоҳ” бўлими мутахассислари замонавий диагностика усуллари — экстрагенитал аъзоларнинг УТТ, кольпоскопия ва суюқ цитологиядан фойдаланишмоқда. Ҳар бир ходим индивидуал қабул қилиниб, унга мутахассис хулосаси тақдим этилмоқда.

Бундай комплекс ёндашув хавф омилларини эрта аниқлаш, шу орқали корхона жамоасидаги аёллар саломатлигини муҳофаза қилиш имконини беради.

Ҳозирга қадар 403 нафар хотин-қиз профилактик тадбирлардан ўтган бўлди. Бу умумий иштирокчиларнинг ярмидан кўпини ташкил этади. Барча олинган биоматериаллар лаборатория таҳлилларига юборилган. Кўриклар режали равишда давом этмоқда.

— “Ходимларимизнинг саломатлиги ва фаровонлиги — нафақат корпоратив маданият элементи, балки заводнинг барқарор ривожланиши ва ижтимоий масъулиятининг асосидир. Биз профилактика ва меҳнат муҳофазаси тизимини янада мустаҳкамлаш ташаббусларини қўллаб-қувватлаймиз,” — деди корхона директори Акбар Фозилов.

Бухоро НҚИЗ меҳнат муҳофазаси, касалликларнинг олдини олиш ва барча ходимлар учун хавфсиз, соғлом иш муҳитини таъминлашга қаратилган узоқ муддатли дастурларни изчил амалга оширмоқда.

“Бухоро НҚИЗ” МЧЖ PR бўлими