“Ўзбекнефтгаз”: Бухоро нефтни қайта ишлаш заводида омборхоналар ҳисобини автоматлаштиришнинг самарадорлиги ўрганилди
“Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаевнинг топшириғи билан моддий омборларини бошқаришни оптималлаштириш, заводларни моддий ва товар бойликлари билан ўз вақтида ва узлуксиз таъминлаш учун шароит яратиш, уларни тайёрлаш ва логистика учун иш вақтининг йўқотилишини камайтириш, шунингдек, сақлашни қисқартириш мақсадида Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи томонидан штрихкодлаш технологияси ёрдамида омбор жараёнларини автоматлаштириш бўйича иш олиб борилди.
Маълумот учун айтганда заводда 3 та асосий омбор хўжалиги мавжуд бўлиб, уларда ҳар хил моддий-техник заҳира(МТЗ)лар сақланади. Ҳар бир омбор маълум тоифадаги товарлар сақланадиган зоналарга бўлинади.
Бухоро нефтни қайта ишлаш заводининг Ахборот технологияларини жорий этиш ва ривожлантириш маркази ва Ускуналар базаси мутахассислари томонидан корхона омбор хўжаликларининг ушбу тизимини ўрганиш ва жорий этиш бўйича ишлар олиб борилди. Хусусан, корхона “1C” платформасида штрихкодлаш ёрдамида “1C-Омбор” қуйи тизими такомиллаштирилди.
Маълумот учун: Омборда товарларни штрихкодлаш тизимининг ишлаш принципи шундаки, товарга индивидуал идентификатор – штрихкод ўрнатилади. Ҳар бир кодда товар ва материаллар ҳақидаги одатий маълумотлар (номи, ишлаб чиқарувчиси, ишлаб чиқарилган жойи) ва унинг хусусиятлари ҳақида батафсил маълумотлар бўлиши мумкин: яроқлилик муддати, серия рақами, қандай ускунада ва қайси йўналиш учун ишлаб чиқарилганлиги ва бошқалар.
“Ўзбекнефтгаз” АЖ Молиявий ва комплаенс назорат департаментининг Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи бўйича бош комплаенс инспектори томонидан заводга тегишли бўлган 1, 2, 3-хўжалик омборхоналарида завод масъул ходимлари иштирокида ушбу тизим иш фаолиятининг самарадорлиги ва ишчи-хизматчиларга яратилган шарт-шароитлар ўрганиб чиқилди.
Жумладан, завод омборхоналарининг ҳолати текширилиб, қабул қилинаётган материалларнинг кириш назорати тартиби ўрганилди, товарларни сақлаш шароитлари ва муддатлари билан танишилди.
Ўз навбатида, комплаенс инспектори З.Сатторов штрих кодлаш тизимининг ишлаш принципи, товарлар қандай ёрлиқланиши, товар қабул қилиниши ва буларнинг барчаси 1C тизимига қандай интеграциялашгани билан танишди.
Штрихкоднинг асосий афзаллиги шундаки, у электроника томонидан осонгина "ўқилади". Штрихкодни "ўқиган" қурилма рўйхатга олиш ва қайта ишлаш учун маълумотларни омборнинг 1C ахборот тизимига ўтказади. Бу маълумотларни киритиш хатоликларини бартараф этишга имкон беради.
Шунингдек, Бухоро НҚИЗ омборхона хўжаликлари ишчиларининг ижтимоий-маиший шароитларини яхшилаш бўйича айрим масалалар ўша ернинг ўзида муҳокама қилинди.
“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати
#нефть#газ#энергия#скважин#инвестиция#добыча#углеводород#экономика#завод#нефтебаза#қудуқ#кон#иқтисод#аёқш
|web-sayt|facebook|instagram|telegram|vk.com|YouTube|twitter|