“Ўзбекнефтгаз”: АҚШда “DeGolyer & MacNaughton”, “Schlumberger”, “Honeywell UOP” компаниялари вакиллари билан ўзаро манфаатли ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди
“Ўзбекнефтгаз» АЖ ходимларидан иборат “Ишчи гуруҳ” хизмат сафари билан АҚШнинг Хьюстон шаҳрида бўлиб турибди. Хизмат сафари доирасида жорий йилнинг 11 октябрь куни Хьюстон шаҳрида бир қатор учрашувлар ўтказилиб ва келишувларга ҳам эришилди.
Жумладан, “DeGolyer & MacNaughton” компанияси вице-президенти С.Пирс билан учрашувда томонлар шартнома имзоланишининг ҳозирги ҳолатини муҳокама қилдилар ва ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг кейинги йўналишларини кўриб чиқдилар ва қуйидаги келишувларга эришилди:
- 2021-2023 йилларга мўлжалланган “Ўзбекнефтгаз” АЖнинг 114 та конида халқаро PRMS тизими бўйича углеводород захиралари аудитини ўтказиш бўйича шартнома имзолашни тезлаштириш;
- 2021-2022 йилларга мўлжалланган захиралар аудитини 2023-йил март-апрель ойларида якунлаш учун жорий йилнинг ноябрь ойида зарур геологик, геофизик, ишлаб чиқариш ва иқтисодий маълумотларни тайёрлаш.
Маълумот учун: “DeGolyer & MacNaughton” нефть ва газ саноатидаги қўп йиллик тажрибага эга компаниялардан биридир. Корхона 1936 йилда ташкил этилган бўлиб, нефть ва газ саноатидаги мижозларига кенг кўламли консалтинг хизматларини тақдим этиб келмоқда.
Эслатиб ўтамиз, “DeGolyer & MacNaughton” мутахассислари “Ўзбекнефтгаз” АЖ учун 2017-2020 йилларга мўлжалланган захиралар ҳисоб-китобларини тайёрлаган.
Шу куни “Ишчи гуруҳ” аъзолари “Schlumberger” компанияси вице-президенти А. Ловатинни билан ҳам учрашув ўтказди. Унда келишувларни амалга ошириш жараёни муҳокама қилинди, ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг кейинги босқичлари белгиланди ва қуйидаги келишувларга эришилди.
- 2023 йилга мўлжалланган геологик-техник тадбирлар дастурини шакллантиришни жадаллаштириш зарурати;
- Schlumberger компаниясининг илғор технологияларидан фойдаланган ҳолда газни қайта ишлаш ва ҳавзаларни моделлаштириш соҳасида ҳамкорлик қилиш имкониятларини кўриб чиқиш.
Маълумот учун: “Schlumberger” - энг йирик нефть бўйича хизмат кўрсатувчи компания ҳисобланади. Компаниянинг асосий операцион марказлари Хьюстон, Париж, Лондон ва Гаагада жойлашган. “Ўзбекнефтгаз” АЖнинг 2022 йилга мўлжалланган ишлаб чиқариш дастурини шакллантириш, қўллаб-қувватлаш ва созлаш бўйича қўшма ишлар олиб борилмоқда, шунингдек, “Schlumberger” компанияси томонидан илғор техника билан қўллаб-қувватлаш хизматлари кўрсатилмоқда.
Шунингдек, “Ишчи гуруҳ” аъзолари “Honeywell UOP” компанияси Вице-президенти С. Керли билан учрашув ўтказди. Унда мавжуд келишувларни амалга ошириш ҳолати муҳокама қилинди ва қуйидаги натижаларга эришилди:
- GTL заводининг маҳсулотни қайта ишлаш бўлими (№ 50) учун катализаторлар этказиб бериш имкониятини ўрганиш;
- “Honeywell UOP” компаниясининг ЛАБ лойиҳаси учун лицензия шартномаси бўйича таклифини кўриб чиқиш.
Маълумот учун: “Honeywell UOP” – нефтни қайта ишлаш, газни қайта ишлаш, нефть кимёси ва асосий ишлаб чиқариш тармоқлари учун технологияларни ишлаб чиқадиган ва етказиб берувчи Американинг трансмиллий компанияси ҳисобланиб, Компания Ўзбекистон Республикаси нефть ва газ саноатидаги 20 дан ортиқ турли лойиҳаларда лицензиар ва технологик ускуналар пудратчиси сифатида иштирок этди. Шу жумладан, компания GTL лойиҳаси доирасида (КИПиА) пудратчи ҳисобланади.
Эслатиб ўтамиз, “Ишчи гуруҳ” аъзолари томонидан “Hydrocarbon Processing 2022 Awards” тадбирида иштирок этиш ва ушбу тадбирда иштирок этаётган компаниялар билан музокаралар олиб бориши режалаштирилган.
“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати
#нефть#газ#энергия#скважин#инвестиция#добыча#углеводород#экономика#завод#нефтебаза#қудуқ#кон#иқтисод#аёқш
|web-sayt|facebook|instagram|telegram|vk.com|YouTube|twitter|