December 14, 2022

“Ўзбекнефтгаз”: “Ишчи гуруҳ”лар томонидан нефть ва газ объектларидаги мавжуд муаммолар ўрганилмоқда

Бош саҳифа Русский

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқарув раиси Меҳриддин Абдуллаев топшириғи билан қишни беталафот ўтказиш мақсадида нефть ва газ қудуқларида бурғилаш ва таъмирлаш ишлари самарадорлигини ошириш, ишчиларнинг яшаш шароитларини янада яхшилашга қаратилган чоралар кучайтирилмоқда.

Хусусан, “Ўзбекнефтгаз” АЖ тасарруфидаги нефть ва газ қудуқларининг бурғилаш, мукаммал таъмирлаш объектларида йўналишлар бўйича иш жараёнларига амалий ёрдам бериш, ёш ходимларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг меҳнат шароитларини яхшилаш мақсадида департамент бошлиқлари ва ҳудудлардаги нефть базалари раҳбарларидан иборат “Ишчи гуруҳ” лар газ конлари ва технологик объектларида ўрганишлар олиб бормоқда. "Ишчи гуруҳ" таркибига Ёшлар иттифоқининг 24 нафар аъзоси ҳам киритилган.

Ёш кадрлардан иборат “Ишчи гуруҳ” томонидан жорий йилнинг 13 декабрь куни Устюрт газ қазиб чиқариш бошқармасининг “Қуйи Сургил” конидаги 16-, 17-, 24-, 20-сонли қудуқларига, ушбу конга қарашли 1 ва 2-сонли газ йиғиш пунклари ҳамда “Арслон” газни комплекс таёрлаш қурилмасининг ҳолати ва ишчиларнинr яшаш шароитлари ўрганилди.

Айни пайтда “Қуйи Сургил” конининг 16-сонли қудуқ “Ўзнефтгазқудуқтаъмирлаш” АЖ томонидан капитал таъмирланмоқда. Қудуқнинг чуқурлиги 4300 метр бўлиб, газни қайта қазиб чиқариш мақсадида 3055 метр чуқурликда торсовка ишлари олиб борилмоқда. Таъмирлаш ишларига жами бўлиб 16 нафар ишчи-ходим вахта режимида ишлашга жалб қилинган. Уларнинг яшаш шароити, озиқ-овқатлар билан ўз вақтида таъминланиш ҳолати, ювиниш ва ётоқхоналардаги шароитлар қониқарли эканлиги аниқланди. Ўрганиш давомида таъмир талаб бўлган электр таъминотининг кичик станциясини эҳтиёт қисмлар келтирилиб, қисқа муддатда ишга тушириш бўйича кўрсатма берилди.

Ҳозирда мазкур коннинг 17 ва 20-сонли қудуқларидан қазиб олинаётган газ “Арслан” ва “Сургил” газни комплекс таёрлаш қурилмасига етказиб берилмоқда. Қудуқларга ўрнатилган манометрларнинг ишлаш ҳолати кўздан кечирилди ва махсус ўлчов воситаси орқали газ босимлари тўғрисидаги кунлик маълумотлар операторлик штабига шаффоф тақдим қилинётганлиги аниқланди.

Конга қарашли 24-сонли қудуқда “Eriell” компанияси томонидан бурғилаш ишлари олиб борилаётган бўлиб, бугунги кунда қудуқ 4500 метрдан 4110 метргача қазилган. Ўрганишлар бурғилаш дастгоҳи учун зарур бўлган барча асбоб-ускуналар ҳамда ёқилғи маҳсулотлари тўлиқ мавжуд эканлигини кўрсатди.

Шунингдек, “Қуйи Сургил” конига қарашли 1-сонли Газ йиғиш пунктидаги паст босимли газ “Шарқий Бердақ” сиқув компрессор станциясига, 2-сонли Газ йиғиш пунктидаги юқори босимли газ эса “Арслон” газни комплекс таёрлаш қурилмасига бир маромда етказиб берилмоқда.

Ишчи гуруҳ томонидан “Арслон” газни комплекс таёрлаш қурилмасига ҳам ташриф амалга оширилди. Ҳозирда қурилмада 2 та технологик тармоқ мавжуд бўлиб, ушбу тармоқларга юқори босимли газ қудуқларидан табиий газ етказилмоқда. Ушбу қурилма орқали тозаланган кунлик 3,7 млн куб метр табиий газ “Ўзтрансгаз” АЖга қарашли магистрал қувирга узатилмоқда.

Шуни таъкидлаш жоизки, “Арслон” газни комплекс таёрлаш қурилмасини кенгайтириш мақсадида 3-технологик тармоқнинг қурилиш ишлари жадаллик билан давом этирилмоқда.

“Ишчи гуруҳ” томонидан олиб борилган ўрганишлар натижаси ва объектларда аниқланган муаммолар ҳамда уларни бартараф этиш учун билдирилган таклифлар юзасидан ҳисоботлар “Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқаруви раисига зудлик билан киритилди.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати

#нефть#газ#энергия#скважин#инвестиция#добыча#углеводород#экономика#завод#нефтебаза#қудуқ#кон#иқтисод#аёқш

|web-sayt|facebook|instagram|telegram|YouTube|