June 11, 2022

“Ўзбекнефтгаз”: ОАВ ходимлари ва блогерлар учун Бухоро нефтни қайта ишлаш заводига пресс-тур уюштирилди

Бош саҳифа Русский

“Ўзбекнефтгаз” АЖ томонидан автобензин нархларининг шаклланиши, тақчилликка йўл қўймаслик бўйича амалга оширилаётган ишлар, шунингдек “Ўзбекнефтгаз” АЖ Республика истеъмолчилари учун қанча миқдорда бензин ва дизель ёқилғиси ишлаб чиқараётганига оид саволларга жавоб бериш, жамоатчиликка тўғри ахборот етказиш мақсадида ОАВ ходимлари ва блогерлар учун пресс-тур ташкил қилинди.

“Ўзбекнефтгаз” AЖ Бошқаруви раиси Меҳриддин Aбдуллаев топшириғига биноан, нефть ва газ соҳасида амалга оширилаётган ишлар тўғрисидаги кенг қамровли маълумотларни жамоатчиликка ўз вақтида тақдим этиш, аҳолига тезкор ва тўлиқ ахборот етказиш ҳамда Жамият фаолиятини очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш мақсадида, ОАВ вакиллари ва блогерлар Бухоро нефтни қайта ишлаш заводига таклиф этилишди.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ тасарруфидаги Бухоро нефтни қайта ишлаш заводида оммавий ахборот воситалари вакиллари учун пресс-тур давомида дастлаб қадимий Бухоронинг тарихий обидаларига саёҳат ҳам уюштирилди.

Ушбу пресс-турда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербаев, журналист Хуршид Далиев, Шамсиддин Нодирбек, Қосимов Зафаржон, Касимов Хайрулла, Яхёев Файзулло, Санжар Саид, Муслим Мирзажонов, Суҳроб Шеров, Исомиддин Пўлатов, блогерлар Нурбек Алимов, Темур Малик, Баҳодир Аҳмедов, Отабек Ортиқов, Мақсуд Музаффаров, Шерзодбек Деҳқонов ҳамда “Ўзбекистон 24”, Бухоро телевидениеси, Менинг Юртим, Севимли, Зўр-ТВ телеканалари ижодий гуруҳи, “Kun.uz”, “Gazeta.uz”, “UzNews.uz”, “Xabar.uz”, “Human.uz”, “Darakchi.uz”, Geolog.uz”, “Jahon.uz”, “Nuz.uz”, Bukharanews, “Sof.uz” каби 15га яқин интернет нашрлари журналистлари ва 15га яқин маҳаллий ОАВ вакиллари иштирок этишди.

ОАВ ходимлари ва блогерларга “Ўзбекнефтгаз” АЖ ва унинг тизимидаги корхоналар очиқлик сиёсатини тўла қўллаб-қувватлаши ва уларни қизиқтирган барча саволларга жавоб берилиши билдирилди.

Бугунги кунда Ўзбекистон ҳукумати ва "Ўзбекнефтгаз" AЖ Бошқаруви раиси бошчилигида замонавий илғор инновацион технологиялар, юқори самарали ускуналар, янги материаллар, шу жумладан янги катализаторлар, эскирган ускуналарни алмаштириш, йирик инвестиция лойиҳаларини жалб этиш орқали Бухоро нефтни қайта ишлаш заводини ривожлантириш бўйича мақсадли ишлар олиб борилаётгани борасида ахборот берилди.

Йилига 2,5 млн тонна нефть ва газ конденсатини қайта ишлаш қувватига эга ушбу завод 1997 йилнинг 22 августида фойдаланишга топширилгани ва бугунги кунда заводда юқори октанли бензин (AИ-80, AИ-91, AИ-92, AИ-95, AИ-98), дизель ёқилғиси (ЭКО, Евро-4, 5), авиакеросин (Джет A-1), мазут, суюлтирилган газ, олтингугурт, пиролизли газолин, углеводород эритгичи каби нефть маҳсулотлари ишлаб чиқарилиши бўйича тўлиқ маълумотлар берилди.

Ўзбекистон саноатида муҳим ўринни эгаллаган, давлат стратегик аҳамиятидаги заводга ташриф қилган журналистлар, блогерлар махсус кийим, шахсий ҳимоя воситалари билан таъминланиб, ишлаб чиқариш жараёни билан яқиндан таништирилдилар.

Пресс-турнинг асосий дастури журналистларни автомобиль бензини ишлаб чиқариш билан таништиришга қаратилди. Дастлабки ташриф қуйиш-тўкиш эстакадасидан бошланди, бу ерда пресс-тур иштирокчилари заводга хомашё қаердан келтирилиши ва қандай келтирилишини билиб олишди, ҳамда ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олишди.

Пресс-тур давомида заводда ишлаб чиқариладиган турли нефть маҳсулотлари жумладан, юқори октанли бензин (AИ-80, AИ-91, AИ-92, AИ-95, AИ-98), дизель ёқилғиси (ЭКО, Евро-4, 5), авиакеросин (Джет A-1), мазут, суюлтирилган газ, олтингугурт, пиролизли газолин ишлаб чиқариш жараёнлари ҳам кўрсатилди.

Асосий ишлаб чиқариш цехининг марказий бошқарув пультида технологик жараённинг бошқарилиш жараёнларига гувоҳ бўлишди. Таъкидлаш жоизки, ишлаб чиқариш жараёнида Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи маҳсулот сифатини назорат қилишга алоҳида эътибор қаратади. Заводда технологик жараённинг ҳар бир босқичида мажбурий лаборатория синовлари ўтказилади. Заводнинг марказий таҳлилхонасига ташриф доирасида журналистлар ва блогерлар бензиннинг октан сонини аниқлаш қурилмасига катта қизиқиш уйғотди.

ОАВ вакилларининг бензинни ишлаб чиқариш борасидаги, нефть маҳсулотлари нархларининг шаклланиши ҳақидаги саволларига тўғридан-тўғри ишлаб чиқариш майдонларида жавоб берилди.

Бир сўз билан ифодаланганда пресс-тур иштирокчиларига заводга хомашёни қабул қилиш, қайта ишлаш, нефть маҳсулотларини сотиш – бутун ишлаб чиқариш занжирининг кузатишларига имкон яратилди.

Меҳмонлар корхона объектларига экскурсия пайтида бензин, дизель ва авиация ёқилғиси қандай ишлаб чиқараётганларини кўришди ва ишлаб чиқарилган нефть маҳсулотлари барча талабларга жавоб беришига шахсан амин бўлишди.

Бундай тадбирларнинг ташкил этилиши соҳа ва жамият ўртасида сифатли мулоқот ўрнатиш, аҳолини тезкор ва батафсил маълумот билан таъминлашга ёрдам беради.

Маълумот учун: Бухоро нефтни қайта ишлаш заводининг асосий мақсади Ўзбекистон Республикаси истеъмолчиларини сифатли нефть маҳсулотлари билан узлуксиз таъминлаш ва экспортни ўзлаштиришга йўналтирилган. 2021 йилда заводга жами 1 604,1 минг тонна углеводород хом ашёлари етказиб берилган бўлиб, режа 115,3%га, шундан 443,6 минг тоннаси (нефть 136,3 минг тонна, газконденсат 152,3 минг тонна, газойль 153,9 минг тонна, бирламчи бензин 1,1 минг тонна) импорт қилинган бўлиб, белгиланган режа 121,5%га бажарилган. Жами 1599,4 минг тонна углеводород хом ашёлари қайта ишланган бўлиб, режа 115,1%га бажарилган.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати

#нефть#газ#энергия#скважин#инвестиция#добыча#углеводород#экономика#завод#нефтебаза#қудуқ#кон#иқтисод#аёқш

|web-sayt|facebook|instagram|telegram|vk.com|YouTube|twitter|