“Ўзбекнефтгаз”: Нефть базаларнинг молиявий ҳолати ва ғалла ўрим-йиғим мавсумига тайёргарлиги бўйича устувор вазифалар белгилаб олинди
“Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқарув раиси Меҳриддин Абдуллаевнинг топшириғига асосан, Бошқарув раисининг иқтисодиёт ва молия бўйича ўринбосари Сардор Мирзаев бошчилигида нефть базаларнинг молиявий-иқтисодий ҳолати, уларни соғломлаштириш ва фаолиятининг самарадорлигини ошириш бўйича 2021 йил ва жорий йилнинг январь-май ойлари натижалари таҳлили ҳамда йил якуни учун устувор вазифалар муҳокамасига шунингдек, ғалла ўрим-йиғим мавсумига тайёргарлик бўйича устувор вазифаларга оид йиғилиш ўтказилди.
Йиғилиш аввалида республикамиз истеъмолчилари хусусан қишлоқ хўжалиги мавсумий агротехник тадбирларини нефть маҳсулотлари билан таъминлашда узилишларга йўл қўймаслик мақсадида, нефть базалар томонидан нефть маҳсулотлари заҳираларини яратиш зарурлиги ва бу ҳозирда долзарб вазифалардан бири эканлиги таъкидланди. Шу билан бир қаторда, республикамиз истеъмолчиларини зарур миқдордаги нефть маҳсулотлари билан таъминлашда маҳсулотнинг сифат кўрсаткичи ҳам муҳим омил эканлиги, бу борада ҳар бир корхона раҳбари масъул эканлиги яна бир бора қайд этилди.
Бошқарув раисининг ўринбосари, “Ўзбекнефтгаз” АЖ томонидан нефть базаларнинг молиявий аҳволини соғломлаштириш бўйича бир қатор ижобий ишлар амалга оширилаётган бўлишига қарамай, жойларда айрим раҳбарлар ҳамда масъулларнинг ўз вазифасини бажармаётганлиги ҳолатлари аниқланаётганини кескин танқид қилди.
Ҳозир ошкоралик, очиқлик сиёсати юритилаётганини ҳар бир раҳбар ёдда тутиши кераклиги ҳамда нефть база фаолиятини яхшилаш, самарадорликни ошириш учун виждонан ишлаш кераклиги таъкидланди.
Нефть базаларнинг ўтган давр мобайнидаги фаолияти таҳлил қилинганда, дебитор қарздорликни ундириш бўйича кўрилаётган чоралар етарли эмаслиги, талон-тарожликлар, камомад ва мансаб ваколатини суистеъмол қилиш ҳолатлари ҳанузгача аниқланиб келинаётгани билдирилди. Шунингдек ўзгариш қилмаган раҳбарга нисбатан интизомий жазо чоралари кўрилиши ва келгусида ҳолат ўзгармаса ўз лавозимидан озод этилиши таъкидланди.
Катта миқдорда қарздорлик Жиззах, Бухоро, Мароқанд, Қарши, Андижон ва Гулистон нефть базаларда сақланиб қолаётгани, айниқса, дебитор қарздорлик масаласида ижобий ҳаракатлар кўзга ташланмаётгани, умидсиз қарздорликнинг мавжудлиги ҳамда хатолар такрорланаётгани, тегишли раҳбарлар шу вақтга қадар тўғри хулоса чиқариб олмагани кескин танқид қилинди.
Жамият тасарруфидаги барча нефть база раҳбарларининг ҳисоботлари тингланди. Бошқарув раисининг ўринбосари ҳисоботларни тинглаб, кузатувчи бўлиб ишлаётган нефть базалардаги айрим раҳбар ва мутахассислар ҳам йўқ эмаслигини, молиявий таваккалчилик, камомад ва ўзлаштиришлар, манфаатлар тўқнашуви ҳамда даромадларни бой бериш каби йўналишлар бўйича ҳам қолоқликлар мавжуд эканлигини танқид қилди.
Йиғилиш давомида Бошқарув раисининг ўринбосари Нефть маҳсулотлари логистикаси департаменти бошлиғи Улуғбек Кадировга сўз берди. Департамент бошлиғи, Бошқарув Раиси ташаббуи билан нефть базалардаги мавжуд автомобиль ва темир йўл транспорт воситаларининг тарози тизими учун махсус “Tarozi.UNG” дастури ишлаб чиқилганлиги ва ҳозирда Жиззах, Урганч, Мароқанд ва Фарғона нефть базаларда ушбу дастур жорий этилиб, “1С: Бухгалтерия” тизимига интеграция қилинганлиги лекин айрим нефть базаларда ушбу йўналишда камчиликларга йўл қўйилаётганлигини билдириб ўтди.
Мазкур ҳолат бўйича Жиззах нефть базаси директори В.Қосимовга сўз берилиб, йўл қўйилган камчиликлари учун оғзаки огоҳлантирилди.
Шунингдек, Департамент бошлиғи - Қарши нефть база ва унинг филиалларида мавжуд нефть маҳсулотларини сифат жиҳатидан назорати етарли йўлга қўйилмаганлиги натижасида, сифатсиз нефть маҳсулотлари аниқланганлиги ва ҳозирда ушбу ҳолатлар бўйича жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилаётганини таъкидлаб ўтди.
Департамент ходимларидан иборат ишчи гуруҳ ташкил этилиб, улар томонидан сифатсиз нефть маҳсулотларининг келиб чиқиш сабаблари шунингдек коррупциявий хавф-хатарларни аниқлаш юзасидаги ҳолатлар батафсил ўрганиб чиқилаётганини билдириб ўтди.
Нефть база раҳбарлари томонидан, корхонада ижро интизоми назоратининг сусайишига йўл қўйилганлиги сабабли, улар томонидан ўз вақтида топшириқлар ва кўрсатмалар ижросини бажармаслик ва ўз вақтида таъсирчан чоралар кўрмаслик ҳолатлари кузатилмоқда ва бунинг оқибатида иш фаолиятида камчиликлар вужудга келмоқда – деди, Департамент бошлиғи.
Бошқарув раиси ўринбосари Департамент бошлиғининг ҳисоботини тинглаб, нефть база раҳбарларига Бошқарув раиси ўринбосари ва Нефть маҳсулотлари логистикаси департаменти бошчилигида жамиятнинг тегишли департаментлар ходимларини жалб қилган ҳолда ишчи гуруҳлар тузилганлигини, ҳамда улар томонидан жойига чиқиб, нефть базаларнинг молиявий ҳолатини яхшилашга қаратилган амалий ишлар олиб бораётганликларини қўшимча қилиб ўтди.
Хусусан, чегирмалар тақдим этишда амалдаги Методикага ўзгартириш киритиш, автобензинни сотиш тизимига ижобий ўзгартиришлар киритиш, маҳсулотларнинг сақлов тарифларини қайта кўриб чиқиш ва бу каби нефть базаларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга қаратилган тизимли соғломлаштириш бўйича амалий ишлар олиб борилаётганлиги юзасидан ўзаро фикрлар алмашилди.
Йиғилиш сўнгида, аниқланган хато-камчиликларни бартараф этиш, зарар ва камомадларни ўз вақтида қоплаш, даромадни ошириш ва харажатларни оптималлаштириш, мавжуд дебитор қарздорликларнинг ундирилишини таъминлаш, айбдор ходимларга нисбатан чоралар кўриш, салбий ҳолатларга тегишли баҳо берилиши бўйича тегишли департаментларга топшириқлар берилди.
“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати
#нефть#газ#энергия#скважин#инвестиция#добыча#углеводород#экономика#завод#нефтебаза#қудуқ#кон#иқтисод#аёқш
|web-sayt|facebook|instagram|telegram|vk.com|YouTube|twitter|