“Ўзбекнефтгаз”: Маҳсулотларни электрон савдо платформалари орқали сотилиши ҳақиқий бозор иқтисодиётига ўтишга асос бўлмоқда
Сўнгги йилларда “Ўзбекнефтгаз” АЖ завод ва бошқармалари томонидан ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларнинг Ўзбекистон республика товар-хомашё биржаси орқали сотилиши туфайли ҳақиқий бозор иқтисодиётига ўтиш борасида салмоқли ютуқларга эришилди. Иқтисодиётнинг муҳим ва ажралмас бўғини ҳисобланган биржа механизми ҳам сифат жиҳатдан янада такомиллаштирилиб, ривожланишнинг янги босқичига кўтарилди.
Ушбу ютуқларга эришишда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 18 мартдаги “Товар хом-ашё биржалари фаолиятига илғор ахборот технологияларини кенг жорий этиш ва электрон тижорат фаолиятини изчил ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 170-сонли қарори билан тасдиқланган “Биржа савдоларида юқори ликвидли ва монопол турдаги маҳсулотларни сотиш тартиби тўғрисидаги Низом” ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилмоқда. Бунда биринчидан, тадбиркорларнинг ҳеч қандай тўсиқларсиз, шаффоф ва эркин ҳолда биржа савдоларига иштирок этиб, зарур товар ресурсларини харид қилиш имконини яратилса, иккинчи томондан эса, сотувчи корхоналар биржада ўтказиладиган аукционлар ҳисобига қўшимча даромадга эришиб, биржада тузилган битимларнинг бажарилиши кафолатланади.
“Ўзбекнефтгаз” АЖ Тижорат департаментининг маълумотига кўра, ана шундай ютуқлар самараси ўлароқ, 2022 йилда “Ўзбекнефтгаз” АЖ корхоналари томонидан суюлтирилган газ, олтингугурт ва полиэтилен маҳсулотларини товар-хомашё биржаси орқали ички бозорга сотиш натижасида 2 898,1 млрд сўмлик битимлар тузилди. Ушбу кўрсаткич 2021 йилга таққосланган ўсиш суръати 118,8 фоизни ташкил этмоқда.
Шунингдек, 2022 йил давомида биржа савдолари орқали 8,5 миллион долларлик олтингугурт ва суюлтирилган газ маҳсулотлари экспорт қилинди.
Шу ўринда таъкидлаш жоизки, экспорт шартномаларининг бажарилиши ҳам тўлиқ автоматлаштирилди, яъни экспорт шартномасини расмийлаштириш ва турли давлат инстанцияларида рўйхатга қўйиш жараёни 5 кундан 1 кунгача қисқартирилди.
2022 йил давомида “E-auksion” электрон савдо платформаси орқали Жамиятга тегишли бўлган 41 та автомототранспорт воситалари, махсус техника, транспорт механизмлари ва 6 та бўш турган, фойдаланилмаётган активлар савдога чиқарилди. Умумий ҳисобда 11 та автомототранспорт воситалари, махсус техника, транспорт механизмлари 1,2 млрд сўмга ва 2 та бўш турган, фойдаланилмаётган активлар 6,9 млрд сўмга очиқ аукцион савдолари орқали сотилди.
“Ўзбекнефтгаз” АЖ корхоналари томонидан сифатли, дунё стандартларига мос маҳсулотларни ишлаб чиқариш қувватларини янада ошириш ва Республиканинг барча турдаги истеъмолчиларига биржа савдолари орқали узлуксиз етказиб бериш бўйича тизимли ишлар давом эттирилмоқда.
“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати
#нефть#газ#энергия#скважин#инвестиция#добыча#углеводород#экономика#завод#нефтебаза#қудуқ#кон#иқтисод#аёқш