“SASOL” компанияси кўмаги билан инвестицион лойиҳаларда замонавий механизм жорий этилади
“UzAssets” АЖ томонидан тасдиқланган трансформация йўл харитасига мувофиқ, “Ўзбекнефтгаз” АЖда инвестицион лойиҳаларни бошқариш самарадорлигини ошириш мақсадида “Stage-Gate” методологиясини жорий этиш ишлари олиб борилмоқда. Мазкур метод лойиҳанинг ҳар бир босқичида ижро натижаларини тизимли баҳолаш, хавфларни камайтириш ҳамда сарф-харажатларни оптималлаштиришга хизмат қилади.
Жорий йил 24 сентябрда “Ўзбекнефтгаз” АЖ бошқарув раиси ва халқаро “SASOL” компанияси вакиллари ўртасида бўлиб ўтган учрашувда компания ўз тажрибасини амалий қўллаб-қувватлашга тайёр эканлигини билдирган эди. Шу асосда “Ўзбекнефтгаз” АЖ томонидан “Stage-Gate” методологиясига мувофиқ инвестицион лойиҳаларни бошқариш тартиби тўғрисидаги Низом лойиҳаси ишлаб чиқилди.
2025 йил 2–3 декабр кунлари “SASOL” компанияси томонидан “Stage-Gate” модели бўйича Workshop ўтказилди. Тадбир давомида халқаро компанияларнинг илғор тажрибалари кўриб чиқилди ва компания тажрибасини “Ўзбекнефтгаз” АЖ фаолиятида тадбиқ этиш имкониятлари ҳамда афзалликлари ўрганиб чиқилди.
Келгусида “SASOL” тажрибаси ҳисобга олиниб, “Stage-Gate” моделини тўлиқ жорий этиш бўйича якуний қарор қабул қилиниб, компания тавсияларига мувофиқ, инвестицион лойиҳаларни бошқариш тўғрисидаги низом янада такомиллаштирилади.
Ушбу тадбирлар “Ўзбекнефтгаз” АЖнинг инвестицион фаолиятини халқаро стандартларга мувофиқ модернизация қилиш, харажатларни самарали бошқариш ва лойиҳа натижадорлигини оширишга хизмат қилади.