November 7

Шўртан – барқарор ривожланиш йўлида

Юртимиз нефт-газ саноати корхоналаридан бири — Шўртан нефт ва газ қазиб чиқариш бошқармаси ўз фаолиятини бошлаганига 45 йил тўлди. Сана муносабати билан тантанали байрам тадбири бўлиб ўтди.

1980 йилда ташкил этилган бошқарма мамлакатимиз энергетика тизимининг ишончли таянчига айланган.

Бошқарма фаолияти бугунги кунда ҳам ривожланиш ва янгиланиш сари қадам ташламоқда. Янги конларни ўзлаштириш, инновасион технологияларни жорий этиш ва иш жараёнларини рақамлаштириш орқали бошқарма мамлакатимиз энергетик хавфсизлигини таъминлашга муносиб ҳисса қўшмоқда.

Байрамнинг очилиш маросимида Энергетика вазирлиги масъуллари, Қашқадарё вилояти ҳокими, "Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқарув раиси ўринбосари Р.Шеров, нефт-газ саноатида катта тажриба ва салоҳиятга эга мутахассис Қаюм Хаққулов ва бошқарма фахрийлари сўзга чиқиб, бошқарма ходимларини юртимиз энергетика тизимининг барқарор ишлаши ва иқтисодий ривожланишдаги беқиёс ҳиссаси билан табриклашди. Шунингдек, жамоанинг фидокорона меҳнати ва соҳа тараққиётидаги улкан хизматлари алоҳида таъкидланди.

Тадбир давомида “Шўртан НГҚЧБ – 45 йиллик тараққиёт йўлида” номли қисқа видеолавҳа намойиш этилди. Унда бошқарманинг яратилиш тарихи, йиллар давомидаги ютуқлари ва замонавий технологиялар асосида амалга оширилаётган модернизация ишлари ҳақида маълумот берилди. Шундан сўнг Қаюм Хаққулов ва Тўлқин Омонов қаламига мансуб китоблар тақдимоти ўтказилди.

Фаол ходимлар, мутахассислар ва соҳада узоқ йил ишлаганлар фахрий ёрлиқлар ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирландилар.

Байрам иштирокчилари бошқарма ҳудудидаги ишлаб чиқариш бўлинмаларида амалга оширилаётган модернизация ишлари ва Ишлаб чиқариш диспетчерлик хизмати фаолияти билан танишдилар.

Тадбир якунида меҳмонлар учун консерт дастури намойиш этилиб, байрам дастурхони ташкил этилди.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Ахборот хизмати