Бугун Ўзбекистон–Озарбайжон ҳамкорлигидаги “Ustyurt Operating Company” компаниясининг расмий офиси очилди
Аввал хабар берилганидек, Энергетика вазирлиги, Озарбайжон Республикасининг Давлат нефт компанияси (SOCAR) ва “Ўзбекнефтгаз” АЖ ўртасида Устюрт нефт-газ минтақасидаги инвестисия блокларида геология-қидирув ишларини олиб бориш ва кейинчалик углеводородларни қазиб олишни назарда тутувчи маҳсулотни тақсимлаш тўғрисидаги Битим имзоланган эди.
Бугун битим лойиҳаси оператори — “Ustyurt Operating Company” офисининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Ушбу воқеа мамлакат энергетика соҳасидаги ташаббусларни амалга ошириш ва Ўзбекистон ҳамда Озарбайжон ўртасидаги стратегик ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш йўлидаги муҳим қадамдир.
Оператор офисининг ташкил этилиши лойиҳани амалга оширилишининг фаол босқичга ўтилганини англатади. Қисқа муддат ичида маҳсулотни тақсимлаш тўғрисидаги битим тасдиқланди, оператор компанияси ташкил этилди ва рўйхатдан ўтказилди, профессионал жамоалар шакллантирилиб, зарур рухсатномалар олинди. Айни пайтда дала геология-қидирув ишларига тайёргарлик бошланган.
“Ustyurt Operating Company” мамлакат ресурс заҳирасини мустаҳкамлаш, геология-қидирув самарадорлигини ошириш ва узоқ муддатли энергетик барқарорликни таъминлашга хизмат қилади. Компаниянинг асосий вазифаси замонавий технологияларни жорий этиш, ишлаб чиқариш салоҳиятини ошириш ва тармоқни барқарор ривожлантиришга қаратилган.
Ушбу лойиҳа давлатлараро алоқаларни кенгайтиришда муҳим пойдевордир. Лойиҳа доирасида шаклланаётган янги бошқарув ва ҳамкорлик механизмлари икки мамлакатнинг умумий манфаатларига хизмат қилади. Янги офиснинг очилиши ҳамкорликнинг институционал базасини мустаҳкамлайди ва кейинги босқичлардаги фаол ишлар учун кенг шароит яратади.