“Ўзбекнефтгаз”: Шўртан регионида табиий газ қазиб чиқариш ҳажмини ошириш борасидаги ишлар ҳолати ўрганилди
Қиш мавсумида аҳоли ва иқтисодиёт тармоқларига энергия ресурсларини барқарор етказиб беришни таъминлаш мақсадида “Ўзбекнефтгаз” АЖ нинг барча қазиб чиқариш бошқармалари ҳамда заводларида “Штаб” лар ташкил этилиб, қазиб чиқариш, ишлаб чиқариш жараёнлари, жойларда амалга оширилаётган тадбирлар Бошқарув раиси Меҳриддин Абдуллаев бошчилигидаги “Ишчи гуруҳ” томонидан доимий назорат қилиб борилмоқда.
Бошқарув раиси бошчилигидаги “Ишчи гуруҳ” аъзолари томонидан “Шўртан” нефт ва газ қазиб чиқариш бошқармасига қарашли “Шўртан” конидаги 360, 362, 377 ва 393-сонли бурғилаш қудуқлари ҳамда “Терриген” 1-сонли излов-қидирув қудуғини бурғилаш ишлари ҳолати жойидан ўрганилди.
Иш жойида меҳнат қилаётган ишчи-ходимлар янги йил байрами муносабати билан табрикланди ва уларнинг фаолияти учун миннатдорчилик билдирилди.
“Шўртан” бошқармасида 2022 йилда табиий газ қазиб чиқариш кўрсаткичи 8,95 млрд. куб метрни ташкил этиб, табиий газ 10 та газ конларидаги 273 та ишлатиш қудуқларидан қазиб олинади.
Ушбу конлардан ўртача бир кунда 24,5 млн. куб метр табиий газ қазиб чиқарилмоқда.
Конлардан қазиб олинган газ 8 та газни дастлабки тайёрлаш қурилмаларида бирламчи тайёрланиб, Сиқув компрессор станцияларида босими оширилиб қайта ишлаш учун “Шўртан бош иншооти”га узатилади.
Шунингдек, “Шўртан” конлари “Шўртан газ кимё мажмуаси” ва “Uzbekistan GTL” заводининг асосий хом ашё базаси ҳисобланади.
Шундан келиб чиқиб, “Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқарув раиси корхонада ишлаётган раҳбарлар ва геолог ходимларга, янада қазиб олиш ҳажмларини ошириш йўналишида ишларни ташкил этиш, шу ҳудудда излов қидирув ишларини жадаллаштириш йўналишида кўрсатмалар бериб ўтди.
Шуни таъкидлаш жоизки, жорий 2022 йилда “Шўртан” бошқармасида геолого-техник тадбирлар доирасида 16 та янги бурғилаш қудуқлари бурғиланиб ишга топширилди, мавжуд 116 та қудуқларда таъмирлаш ва интенсификация ишлари бажарилди ҳамда 6 та технологик объектлар ишга туширилиб, қўшимча 363,8 млн куб метр газ ва 6,9 минг тн газ конденсати қазиб олишга эришилди.
Ушбу йўналишда технологик тадбирлар доирасида “Шўртан” конидаги газ йиғув жойларида қудуқларидан қазиб олинаётган газни дастлаки тайёрлаш учун 3 та газни дастлабки тайёрлаш қурилмаси қурилиб ишга туширилди, ушбу қурилмалардаги ускуналар “Ўзбекнефтгаз” АЖ тасарруфидаги корхонларадан олиб фойдаланилиши, шунингдек қурилиш бригадалари эса “Шўртан” бошқармасининг қурилиш цехи ходимлари томонидан ўз кучлари билан қуришга эришилиб, сарф харажатларни қисқартирилишига ҳам олиб келди.
Газ конларида газ узатиш тизими қувурлари ўтказувчанлигини ошириш мақсадида 41,5 км газ қувурлар қурилди. “Шимолий Нишон” сиқув компрессор станцияси газ ҳайдаш агрегатларида модернизация ишлари амалга оширилди, натижада конларда қатлам босимининг табиий тушиш шароитида газ қазиб чиқаришнинг барқарорлигини таъминлашга эришилди.
Жорий йилнинг декабр ойида Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси Раҳбари ҳузурида қиш мавсумини беталофат ўтказиш, энергия ресурсларидаги узилишларни камайтириш бўйича ўтказилаётган йиғилишда “Ўзбекнефтгаз” АЖга кунлик қазиб олишни ошириш бўйича топшириқ белгилаб берилган эди.
Ушбу тадбирлар доирасида “Шўртан” бошқармаси “Шўртан” конида 357-сонли қудуқ мукаммал таъмирланди, 378- сонли қудуқ бурғилашдан ишга туширилди. “Ниёз” кони 2-сонли қудуқ излов-қидирув ишларидан бурғилаш ишлари якунланиб, саноат миқёсида газ оқими олинди, 26 км газ қувури монтаж қилинди. 2022 йилнинг 24 декабрида ишга қўшилиб, жами “Шўртан” бошқармаси бўйича кунлик 228 минг куб метр табиий газ қазиб чиқариш оширишга эришилди.
“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати
#нефть#газ#энергия#скважин#инвестиция#добыча#углеводород#экономика#завод#нефтебаза#қудуқ#кон#иқтисод#аёқш