“Ўзбекнефтгаз”: Мураккаб капитал таъмирлаш ишлари натижасида “Учқир” конидаги тугатилган қудуқдан табиий газ ва газ конденсати олина бошланди
“Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаев топшириғига асосан конларда табиий газ қазиб чиқаришни кўпайтириш, углеводородлар захирасини ошириш мақсадида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Жумладан, қудуқларда капитал таъмирлаш ишларини бажариш баробарида, янги қудуқлар бурғиланиб, тугатилган қудуқлар мажмуасида турганлари қайта таъмирланиб ишга қўшилмоқда. “Ўзбекнефтгаз” АЖ Газли нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармасига қарашли “Учқир” конидаги 38-сонли қудуқни “Ўзнефтгазқудуқтаъмирлаш” АЖ мутахассислари томонидан тугатилган қудуқлар мажмуасидан қайтариш бўйича ишлар амалга оширилди.
Мураккаб капитал таъмирлаш жараёнида қудуқда 229 метр (1607 дан 1836 метргача) иккинчи ён тана қазилди. Қудуқни ўзлаштириш натижасида саноат миқёсидаги табиий газ оқими олинди. Қудуқда олиб борилган тадқиқотлар натижасида 8 мм щтуцерда қудуқдан ўртача кунлик 56 минг куб метр саноат миқёсида табиий газ ва 0,5 тонна газ конденсати қазиб олиниши аниқланди.
Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, “Учқир” 38-сонли қудуғи 1966 йилда қазилган бўлиб, 1986 йилдан бери тугатилган қудуқлар мажмуасида турган эди. Ҳозирда ушбу қудуқда олдин тўлиқ ўрганилмаган ва тўлиқ ўзлаштирилмаган XVI маҳсулдор қатламдан газ оқими олинди.
“Ўзбекнефтгаз” АЖ ва Газли нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармаси мутахассислари билан биргаликда “Учқир” конидаги 38-сонли қудуқнинг геологик маълумотларини комплекс таҳлил қилиш асосида, ушбу кон ҳудудида қўшимча маҳсулдор қатламни синаш борасида таклифлар илгари сурилган эди. Ушбу мақсадларда “Учқир” кони ҳудудидаги юра даврининг XVI қатламини маҳсулдорлигини аниқлаш мақсадида 38-сонли қудуқда барча зарур тадқиқотларни бажарган ҳолда мураккаб капитал таъмирлаш ишлари олиб борилди.
Маълумот учун: “Учқир” газ конденсат кони Бухоро вилоятининг Қоракўл туманида жойлашган бўлиб, 1967 йилда ишга туширилган.
“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати
#нефть#газ#энергия#скважин#инвестиция#добыча#углеводород#экономика#завод#нефтебаза#қудуқ#кон#иқтисод#аёқш
|web-sayt|facebook|instagram|telegram|vk.com|YouTube|twitter|