Халқаро стандартга асосланган сифат менежмент тизими жорий этилмоқда
"Ўзбекнефтгаз" АЖда бошқарув самарадорлигини ошириш, жараёнларни соддалаштириш ва мижозлар эҳтиёжларини янада тўлиқ қондириш мақсадида ISO 9001:2015 халқаро сифат менежмент тизими жорий этилмоқда. Ушбу ташаббус корхонанинг узоқ муддатли ривожланиш мақсадларига тўлиқ мос келиб, сифат маданиятини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.
ISO 9001:2015 тизими ёрдамида бошқарув жараёнлари такомиллаштирилади ва барча таркибий бўлинмалар фаолияти ягона стандартлар асосида уйғунлаштирилади. Бу эса корпоратив бошқарувни халқаро талаблар даражасига олиб чиқиш имконини беради.
Тизимни жорий этиш учун “Ўзбекнефтгаз” АЖ ва “Global Management Consult” МЧЖ ўртасида ҳамкорлик ўрнатилган. Марказий аппарат ходимлари учун ташкил этилган амалий тренингларда ISO 9001:2015 стандартининг асосий тамойиллари, жараёнларга йўналтирилган бошқарув, рискка асосланган ёндашув каби масалалар бўйича чуқур билимлар берилмоқда.
Машғулотларда ходимларга сифат сиёсатини шакллантириш, SMT ҳужжатларини тўғри юритиш, жараёнлар самарадорлигини баҳолаш, ички аудитларга тайёргарлик кўриш ва кўрсаткичлар мониторингини йўлга қўйиш каби амалий ёндашувлар ўргатилмоқда.
Тренингларнинг асосий мақсади — ходимларда ISO 9001:2015 талабларига мос фикрлаш маданиятини шакллантириш, жараёнларни бошқаришда ягона ёндашувни мустаҳкамлаш ва тизимни жорий этиш босқичларини изчил амалга оширишни таъминлашдир.