Харидларда маҳаллий маҳсулотлар улушини ошириш бўйича янгича ёндашув амалга киритилди
Давлатимиз раҳбарининг Олий Мажлис ва халқимизга йўллаган мурожаатномасида харидларда маҳаллий маҳсулотлар улушини 85 фоизга етказиш белгиланган.
Шундан келиб чиқиб, “Ўзбекнефтгаз АЖ”да “долзарб 100 кунлик” доирасида маҳаллийлаштириш ва кооперация йўналиши бўйича чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилган эди.
Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 11 мартдаги 159-сон қарорига асосан давлат ва корпоратив харидларда шаффофликни ошириш, тадбиркорлик субъектларига импортга рақобатбардош маҳсулотларни ишлаб чиқариш учун шароит яратиш ва уларни қўллаб-қувватлаш мақсадида Иқтисодиёт ва молия вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган эко-тизим (ekoplatforma.uz) платформасида янги тизимда ишлаш йўлга қўйилди.
Куни кеча эко-тизимда бурғилаш ва қазиб чиқиш жараёнида талаб юқори бўлган қудуқ ости компрессор станциясини қуриш хизмати, тўғри чокли пайвандланган пўлат қувурлар, чоксиз пўлат қувурлар, қудуқ ости ва фаввора ускуналар, юқори босимга чидамли қувурлар, насос-компрессор қувурлари, винтли қудуқ туби двигателлари каби жами 20 га яқин товар позициялари бўйича маълумотлар жойлаштирилди.
Мазкур товар турларини маҳаллийлаштириш юзасидан тадбиркорлик субъектларидан келиб тушган таклифлар ички комиссия томонидан кўриб чиқилиб, тизим корхоналарида лаборатория ҳамда саноат-тажриба ишлари ташкил қилинади.
Айтиш жоизки, ушбу янги тизим маҳаллий саноатни қўллаб-қувватлаш мақсадида синов ишларидан муваффақиятли ўтган маҳсулотлар бўйича кафолатланган харид шартномаларни тузиш имконини беради.
Барча тадбиркорлик субъектларини ҳамкорликка чақирамиз.