January 5, 2023

"Ўзбекнефтгаз": 2022 йил Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи экологик дизель ёқилғиси ишлаб чиқариш бўйича завод тарихидаги рекорд кўрсаткични қайд этди

Бош саҳифа Русский

“Ўзбекнефтгаз” АЖ тасарруфидаги Бухоро нефтни қайта ишлаш заводида корхона фаолиятининг асосий йўналишлари ҳамда 2022 йилга мўлжалланган устувор вазифалар ижросининг якуний натижалари сарҳисоб қилинди.

Ўтган йил Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи учун жадал ривожланишнинг яна бир босқичи бўлди. “Ўзбекнефтгаз” АЖ кўмагида нефтни қайта ишлаш заводи кенг кўламли лойиҳаларни тизимли равишда амалга ошириб, мамлакатимиз истеъмолчиларини нефть маҳсулотлари билан режали таъминланди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг мамлакатимизда нефть маҳсулотлари ва углеводород хом ашёсининг импорт ўрнини босиш, иқтисодиёт барқарорлигини таъминлаш бўйича берган топшириқлари ижросини таъминлаш мақсадида “Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаев томонидан тизимда белгиланган вазифаларни амалга оширишга қаратилган мақсадли дастур амалга оширилмоқда.

Хусусан, ўтган йилда Бухоро нефтни қайта ишлаш заводида Суюлтирилган углеводород гази(СУГ)ни автоцистерналарга қуйиш қурилмаси муваффақиятли ишга туширилди. Бундан ташқари республиканинг бошқа ҳудудларини нефть маҳсулотлари билан таъминлаш имконини берувчи нефть қуйиш эстакадаси (НҚЭ) ҳам фойдаланишга топширилди.

Шунингдек, 2022 йилда Ўзбекистон тарихида биринчи марта “Евро-6” синфидаги экологик тоза ва сифатли дизель ёқилғиси ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Заводнинг “ISO 45001:2018” халқаро стандартидаги платина сертификати қўлга киритиши ҳам муваффақиятлардан бири бўлди.

Ушбу заводда ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш ва кенгайтириш доирасида “GTL” синтетик нафтасининг биринчи партияси қабул қилинди, эндиликда ундан автомобиль бензинининг юқори сифатли русумларини ишлаб чиқариш йўлга қўйилади.

Айни пайтда Бухоро нефтни қайта ишлаш заводида технологик янгилаш, инновацион технологияларни жорий этиш, аҳоли пунктларини ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш, маърифий йўналишларда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар изчил амалга ошириш давом этирилмоқда. Қулай экологик вазиятни сақлаш борасида мақсадли ишлар олиб борилмоқда.

Табиатга ғамхўрлик доимо “Ўзбекнефтгаз” АЖ стратегиясининг асосий таркибий қисмларидан бири бўлиб келган. Шу муносабат билан завод фаолиятининг яна бир муҳим йўналиши атроф-муҳит билан бевосита боғлиқ бўлган “Jet-A-1-SSF” газ турбинали двигателлари учун ярим синтетик авиация ёқилғиси ишлаб чиқаришдир.

Мазкур лойиҳани амалга ошириш учун Бухоро нефтни қайта ишлаш заводида кенг кўламли ишлар бошлаб юборилди. Корхонанинг барча инфратузилмаси синтетик ёқилғини қабул қилишга тайёрланиб, уни “Jet-A-1” (SSF) авиация ёқилғисини ишлаб чиқариш учун тайёр маҳсулот даражасига етказиш бўйича тўлиқ дастур ишлаб чиқилди.

Заводнинг ўтган йилги муваффақиятларидан яна бири - “ANAB” аккредитациясига эга халқаро сертификат ва эсдалик “Сифат белгиси” соҳибига айлангани бўлди.

Қайд этиш жоизки, ушбу завод “OASIS” маълумлотлар базасига киритилган Ўзбекистон Республикасидаги ягона корхона бўлиб, “Airbus”, “Honeywell”, “Lufthansa” каби авиация соҳасида дунёнинг энг йирик компаниялари билан бир хил рўйхатга киритилди.

Ўз навбатида, 2022 йилда Бухоро нефтни қайта ишлаш заводида 317,372 минг тонна экологик дизель ёқилғиси ишлаб чиқарилди. Шундан 94,944 минг тоннаси “Евро-4”, 53 910 минг тоннаси “Евро-5” ва 3 421 минг тоннаси “Евро-6”, 993 391 минг тоннаси автомобиль бензини ташкил этади. Бу миқдор заводнинг 25 йиллик тарихидаги энг юқори кўрсаткич бўлди.

“Ўзбекнефтгаз” АЖнинг ишлаб чиқаришни модернизация ва реконструкция қилиш, оптималлаштириш, энергия тежовчи ускуналар ва қайта тикланувчи энергия манбаларини жорий этиш бўйича ташкилий-техник чора-тадбирлар дастури доирасида Бухоро нефтни қайта ишлаш заводида ишлаб чиқариш жараёнларининг энергия сарфини оптималлаштириш имконини берувчи қайта тикланадиган энергия манбаларини жорий этиш бўйича ишлар амалга оширилди.

Натижада заводда 2022 йилда 8711,6 минг кВт/соат (106,8 фоиз) электр энергияси ва 1105,7 минг м3 (110,1 фоиз) ёқилғи гази тежалиши таъминланди. Ўз навбатида заводда умумий қуввати 255 кВт бўлган қуёш фотоэлектр станциялари ва умумий ҳажми 12,2 минг литр бўлган қуёш сув иситгичлари ишга туширилди.

Маълумки, давлатимиз раҳбари томонидан 2022 йил – “Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили” деб эълон қилинган эди. Президентнинг Бухоро вилоятига ташрифи доирасида ҳудуддаги объектларни ободонлаштириш ва аҳоли учун қулай яшаш шароитлари яхшилаш мақсадида мутасаддиларга топшириқлар юклатилди. Ушбу вазифаларни ижросини таъминлаш мақсадида "Ўзбекнефтгаз" АЖ кўмагида вилоятдаги болалар боғчаси, спорт мажмуаси ва стадион қурилиб, фойдаланишга топширилди.

Таъкидлаш жоизки, “Ўзбекнефтгаз” АЖнинг кенг кўламли стратегик дастури энергетика тармоғининг барқарор ишлашига катта ҳисса қўшмоқда.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати

#нефть#газ#энергия#скважин#инвестиция#добыча#углеводород#экономика#завод#нефтебаза#қудуқ#кон#иқтисод#аёқш

|web-sayt|facebook|instagram|telegram|