“Uzbekistan GTL” заводида халқаро экспертлар томонидан навбатдаги мониторинг ишлари якунланди
“Uzbekistan GTL” заводида меҳнат муҳофазаси, экология ва ижтимоий масъулият борасидаги ишлар халқаро ва миллий стандартлар асосида баҳоланиш ишлари давом этмоқда. Шу мақсадда заводда “Environ Consult CIS” консалтинг компанияси мутахассислари навбатдаги мониторинг ташрифини амалга оширди.
Ушбу компания – лойиҳа бўйича ёрдамчи банклар ва молиявий институтлар номидан кузатув олиб борувчи мустақил экспертлар гуруҳи ҳисобланади. Қоидага кўра, кредит тўлиқ ёпилгунча мониторинг ташрифлари қурилиш босқичида — йилига икки марта, эксплуатация даврида — йилига бир марта ўтказилади.
Уч кунлик ташриф давомида экспертлар завод ҳудудидаги ишлаб чиқариш обектларини, ходимлар учун мўлжалланган шаҳарчаларни кўздан кечириб, меҳнат муҳофазаси, экологик хавфсизлик, аҳоли саломатлигига таъсир кўрсатиши мумкин бўлган омиллар ва ижтимоий шароитларни батафсил ўргандилар. Шунингдек, олдинги мониторинг даврида берилган тавсияларнинг ижроси ҳам текширилди.
Ташриф якунида корхона раҳбарияти ва экспертлар иштирокида якуний брифинг ўтказилди. “Environ Consult CIS” мутахассислари кузатувлар бўйича ўз хулосаларини баён этишди ва заводнинг барқарор фаолиятини таъминлашга қаратилган қўшимча тавсияларни тақдим этдилар.