“Ўзбекнефтгаз”: "InnoWeek" - ғоялар ҳафталигида нефть ва газ соҳасидаги янги инновацион маҳсулотлар ҳамда лойиҳалар намойиш этилмоқда
Жорий йил 17-21 октябрь кунлари Тошкент шаҳрида илмий ва инновацион фаолиятни ривожлантириш, жорий этиш ҳамда унинг натижаларига бағишланган "InnoWeek" халқаро инновацион ғоялар ҳафталиги ўтказилмоқда.
Ўзбекистон Инновацион ривожланиш вазирлиги ташаббуси билан ўтказилаётган ушбу тадбир “Барқарор ривожланиш учун яшил инновациялар” шиори остида ташкил этилди. Унда “Ўзбекнефтгаз” АЖ тасарруфидаги корхоналар ҳам ўзларининг янги инновацион маҳсулотлари ҳамда инновацион лойиҳалари билан фаол қатнашмоқда.
Кўргазмада ўрнатилган “Ўзбекнефтгаз” АЖ стенди иккита бўлимдан иборат бўлиб, унинг биринчи қисмида корхоналар томонидан ишлаб чиқарилаётган янги инновацион маҳсулотлар намуналари намойиш этилмоқда.
Хусусан, Бухора нефтни қайта ишлаш заводи томонидан ишлаб чиқарилаётган янги турдаги инновацион маҳсулотлар – “Евро 5” ҳамда “Евро 6” дизель ёқилғи турлари,”JET A-1” авиация ёқилғиси, “АИ-98”, “QuWatt АИ-95” этилланмаган автомобиль бензинлари ўрин олган. Шунингдек, кўргазмада намойиш этилаётган “Uzbekistan GTL” заводида тайёрланаётган “GTL” нафтаси, керосини, дизели ҳам ноёблиги билан ажралиб туради.
Бундан ташқари кўргазма стендида “Process and water chemicals” корхонаси билан ҳамкорликда ишлаб чиқарилаётган кўпик пайдо бўлишини олдини олувчи – “FoamTrol AF 2290”, совутиш тизимлари учун занглашга қарши ингибитори – “DeposiTrol* BL6501”, микроорганизмалар ўсиши олдини олувчи – “Spectrus NX1164”, кислород миқдорини назорат қилгич – “CorTrol IS300”, кислород ютгич – “CorTrol OS5601” маҳсулотлари ҳам жой олган.
Стенднинг иккинчи қисмида Республика илмий салоҳияти натижасида илмий инновацион тадқиқотлар ёрдамида маҳаллийлаштирилган кимёвий регантларнинг намуналари жойлаштирилган.
Бундан ташқари кўргазмада “Ўзбекнефтгаз” АЖ ва “Schlumberger” компаниялари ҳамкорлида инновацион фаолият натижасида тайёрланаётган маҳсулотларнинг ишлаб чиқариш жараёнлари акс этган видео лавҳалар намойиш этилиб, режалаштирилган лойиҳалар ҳақида ҳикоя қилувчи буклетлар тарқатилмоқда.
Марказий Осиёда ягона бўлган “Uzbekistan GTL” заводининг макети ва унинг фаолиятини намойиш этувчи видеоматериаллар иштирокчиларнинг янги завод ҳақидаги тасаввурларини бойитишга хизмат қилмоқда.
Нефть ва газ соҳасида фаолият олиб бораётган олимлар ва мутахассислар билан музокаралар ўтказиш учун алоҳида майдон ҳам ажратилган. Инновация бўйича менежерлар қизиқувчиларга ишлаб чиқариш корхоналарининг инновацион фаолияти ҳақида батафсил маълумотлар бериб боришмоқда.
“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати
#нефть#газ#энергия#скважин#инвестиция#добыча#углеводород#экономика#завод#нефтебаза#қудуқ#кон#иқтисод#аёқш
|web-sayt|facebook|instagram|telegram|vk.com|YouTube|twitter|