May 30, 2022

“Ўзбекнефтгаз”: "Денгизкўл" сиқув компрессор станцияси жадал суратларда барпо этилмоқда

Бош саҳифа Русский

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаевнинг топшириғи билан аҳоли ва мамлакат иқтисодиётининг углеводородларга бўлган эҳтиёжини барқарор таъминлаш, акциядорлик жамияти тассарруфидаги бошқарма ва заводларнинг ишлаб чиқариш ва экспорт салоҳиятини оширишга қаратилган “2017-2021 йилларда углеводородлар қазиб олишни кўпайтириш дастури” доирасида инвестиция лойиҳалари амалга оширилмоқда.

Ушбу дастур истиқболли майдонлар ва конларда қудуқлар ва объектлар қуришни жадаллаштириш йўли орқали углеводород қазиб олиш ҳажмларини янада барқарор сақлаб туриш ҳамда ошириш, шунингдек, хорижий инвестициялар ва замонавий технологияларни жалб қилиш ҳисобига уларни жиҳозлашга қаратилган.

Дастур доирасида “Ўзбекнефтгаз” АЖ қарашли “Денгизкўл” конида қолдиқ табиий газ заҳираларини максимал даражада ўзлаштириш мақсадида сиқув компрессор станциясининг 2-босқичи қурилиши давом этмоқда.

Лойиҳа Муборак газни қайта ишлаш заводига етказиб беришдан олдин, газ босимининг коллектор энергияси тугаши шароитида конда газ қазиб олишни сақлаб қолиш имконини беради.

Барпо этилаётган объектнинг қиймати 87,8 миллион АҚШ долларни ташкил этади. Сиқув компрессор станциясининг ишлаб чиқариш қуввати йилига 2,3 миллиард куб метр табиий газ ва 16 МВтни ташкил қилади.

Қурилиш бош пудратчи Сингапурнинг “Enter Engineering РТЕ. LTD” компаниясининг малакали мутахассислар иштирокида амалга оширилмоқда.

Асосий ускуналар Россиянинг “Борисоглебское Машиностроение”, “ИНГК” компаниялари, Туркиянинг “Akcelik Boru San”, Хитойнинг “Shandong Wintech Technology Co., Ltd.”, “Denair Energy Saving Technology (Shanghai) PLC” ҳамда Италиянинг “Baker Hughes”, “Nuovo Pignone International S.R.L.” компаниялари томонидан етказиб берилади.

Айни пайтда сиқув компрессор станциясига газ компрессор қурилмаси, кириш сепаратори, биринчи босқичли сепаратор, ҳаво совутгич жиҳозлари ўрнатилиб, объектнинг 68,7 фоизи қурилиб битказилди. 167 нафар мутахассис ва 39 та махсус технология сафарбар этилган қурилиш майдонида бугунги кунда ишлар жадал суратларда давом эттирилмоқда.

Мазкур иншоотнинг ишга туширилиши “Денгизкўл” конида тўлиқ ва барқарор қазиб чиқаришни таъминлаш, шунингдек, кунлик табиий газ олиш ҳажмини 800 минг куб метрга ошириш имконини беради.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати

#нефть#газ#энергия#скважин#инвестиция#добыча#углеводород#экономика#завод#нефтебаза#қудуқ#кон#иқтисод#аёқш

|web-sayt|facebook|instagram|telegram|vk.com|YouTube|twitter|