September 12, 2023

Шўртан нефт ва газ қазиб чиқариш бошқармасида куз-қиш мавсумига тайёргарлик ҳолати ўрганилди

O‘zbekcha Ruscha

2023-2024 йил куз-қиш мавсумини барқарор ва беталофат ўтказиш мақсадида ҳудудларда жойлашган корхоналарда олиб борилаётган ишлар "Ўзбекнефтгаз" акциядорлик жамияти Бошқарув раиси бошчилигидаги Ишчи гуруҳ томонидан доимий назорат қилиб борилмоқда.

Қашқадарё вилояти Шўртан нефт ва газ қазиб чиқариш бошқармаси Шўртан конидаги штабда ўтказилган йиғилишда табиий газ қазиб чиқариш, сиқув компрессор станциялари ва газни тайёрлаш ҳамда қайта ишлаш қурилмаларини куз-қиш мавсумида барқарор ишлашини таъминлашга қаратилган тадбирлар ижроси танқидий, таҳлилий муҳокама қилинди.

Хусусан, мавсумга пухта ҳозирлик кўриш мақсадида сиқув компрессор станциялари эҳтиёжи учун 2 та НК-16/18стд русумли газ турбинали двигател Россиянинг «КМПО» АЖ компаниясида таъмирланиб етказиб келинди. 2 та General Electric компаниясининг LM-2500 газогенератори таъмирлаш учун юборилган бўлиб уларни тезлаштириш бўйича зарур қарорлар қабул қилинди.

Шунингдек, Жанубий Тандирча конида янги сиқув компрессор станциясини қуриш ишларини жадаллаштириш, “Е-KON” лойиҳаси доирасида йиғув жойларида газни дастлабки тайёрлаш қурилмалари қуриш ва қудуқларни зарур назорат ўлчов воситалари билан жиҳозлаш ишларини жадаллаштириш юзасидан тегишли департаментлар бошлиқларига керакли топшириқлар берилди.

Шунингдек бурғилаш ишлари ҳамда углеводород қазиб чиқариш жараёнларида йўл қўйилган камчиликлар ҳам танқидий муҳокама қилиниб, тегишли раҳбар ва мутахассисларга уларни бартараф этиш, материал-техник ресурслар таъминотини тезкор ҳал қилиш, қисқа муддатларда тадбирлар самарадорлигини ошириш бўйича ҳам зарур кўрсатмалар берилди.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Ахборот хизмати

web-sayt | instagram | telegram | youtube