“Ўзбекнефтгаз”: Бирлашган касаба уюшма қўмитаси томонидан 2022 йилда ҳам ишчи-ходимларни қувонтирадиган бир қатор ижобий ишлар амалга оширилди
“Ўзбекнефтгаз” АЖ Бирлашган касаба уюшмаси қўмитаси томонидан ижтимоий шерикликни ривожлантириш, меҳнатга ҳақ тўлаш, меҳнат муҳофазаси, меҳнаткашлар ва уларнинг оила аъзоларини соғломлаштириш, ишчи-хизматчиларнинг ойлик маошларини ўз вақтида тўланишини назорат қилиш, маданий-маърифий ва спорт-соғломлаштириш ишлари борасида 2022 йилда ҳам бир қатор ижобий ишларни амалга оширилди. Зеро, ҳар бир ходим ўзининг эътибор марказида эканлигини ҳис қилса, фаолият юритаётган корхонасига, жамоасига кўпроқ наф келтиради, ўз вазифасини чин дилдан бажаради.
Хусусан, ўтган йилда 185 нафар ходимга пенсияга чиқишига ёрдам берилди. 464 нафар ходимга юбилей саналари муносабати билан моддий ёрдам кўрсатилиб, рағбатлантирилди. Тизимда узоқ йиллар меҳнат қилиб ва ҳозирда нафақада бўлган меҳнат фахрийлар ҳолидан ҳам мунтазам хабар олинмоқда. Нуронийларга кўрсатилаётган эътибор ёшларда бугун қилаётган меҳнатлари келажакда қадр топишга ишонч ҳосил қилмоқда.
Уч ёшгача бола парвариши учун таътилда бўлган 125 нафар ёш онага моддий ёрдам кўрсатилди. 342 нафар кам таъминланган оилага иш берувчи ва касаба уюшма қўмитаси маблағлари ҳисобидан моддий ёрдамлар кўрсатилди. Ходимларнинг 14 ёшдан ошмаган фарзандлари учун Янги йил байрами арафасида болалар совғалари тарқатилди.
Шунингдек, “Ўзбекнефтгаз”АЖ Бошқаруви ва Бирлашган касаба уюшма қўмитасининг тегишли қўшма қарорларига мувофиқ, Қашқадарё вилояти, Муборак туманида жойлашган “Ўзбекнефтгаз" АЖ қарашли кўп тармоқли (терапия, кардиология, неврология, гинекология, жарроҳлик бўлимлари мавжуд бўлган) замонавий тиббиёт асбоб-ускуналар билан жиҳозланган “UNG Medline” МЧЖ клиник шифохонасида жорий йилнинг бошидан Жамият тизимидаги завод, бошқармалар ҳамда корхона ва ташкилотларда меҳнат қилаётган ишчи-ходимларнинг 1001 нафари даволанди. Шу билан бир қаторда, ишчи-ходимлар клиник шифохона томонидан тиббий кўрикдан ўтказилиб, унинг натижасига кўра касаллик аниқланган ходимлар даволаниб келинмоқда.
Бундан ташқари, Тошкент вилояти, Пискент туманида жойлашган Жамиятга қарашли замонавий ташхислаш ва даволаш учун физиотерапевтик ускуналар билан жиҳозланган “UNG TOSHKENT DENGIZI OROMGOHI” МЧЖда жорий йилнинг бошидан Жамият тизимидаги завод, бошқармалар ҳамда корхона ва ташкилотларда меҳнат қилаётган 1173 нафар ишчи-ходимлар ва уларнинг оила аъзолари имтиёзли равишда соғломлаштирилди.
674 нафар ишчи-ходимга республика ҳудудларида жойлашган Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясига қарашли “Зомин”, “Оқтош”, “Чинобод”, “Турон”, “Чортоқ”, “Чимён”, “Бўстон”, “Умид Гулшани” каби санаторийларда имтиёзли йўлланмалар ажратилди.
Ёзги таътил даврида ишчи-ходимлар фарзандларининг мароқли ҳордиқ чиқаришлари ва соғломлаштирилишида болалар оромгоҳларининг иш фаолияти муҳим аҳамиятга эга. “Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқаруви ва Ўзбекистон энергетика, нефт-газ ва геология ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгашининг қўшма қарорга асосан “Ўзбекнефтгаз” АЖ меҳнаткашларининг жами 10203 нафар болажонларига оромгоҳларида мароқли дам олдирилди. Шу қаторда кам таъминланган, боқувчиси йўқотган, ижтимоий ҳимояга муҳтож, ногирон ва меҳрибонлик уйи тарбияланувчиларнинг 398 нафари ҳамда Қорақапоғистон Республикаси Оролбўйи минтақасининг 271 нафар болалари соғломлаштирилди.
2022 йил “Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили” Давлат дастури доирасида “Ўзбекнефтгаз” АЖ марказий аппарати ҳамда жамият тизимидаги завод ва бошқармаларда меҳнат қилаётган 1743 нафар ишчи-ходим учун “Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қилинг” шиори остида Тошкент, Самарқанд, Хива, Бухоро каби тарихий ва замонавий шаҳарларга саёҳатлар уюштирилди.
“Ўзбекнефтгаз” АЖ тизимидаги корхона ва ташкилотларда меҳнат қилаётган ишчи-ходимлар ҳамда уларнинг оила аъзолари ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, маънавий ва жисмоний камолотига ёрдам бериш, ёш авлоднинг жисмоний бақувват ва маънавий рухда тарбиялаш, спорт турлари билан шуғулланишларини кенг йўлга қўйиш, спортнинг оммавийлигини таъминлаш борасида бир қанча ижобий ишлар амалга оширилди.
Ушбу вазифалардан келиб чиқиб “Ўзбекнефтгаз” АЖ марказий аппарати, бошқармалар, завод ва жамият тизимига кирувчи корхоналарнинг ходимларидан иборат жамоалар ўртасида “Футбол-2022” турнири, “Спорт-мустаҳкам оиламиз пойдевори” шиори остида оилавий спартакиада ташкил этилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Шахматни янада ривожлантириш ва оммавийлаштириш ҳамда шахматчиларни тайёрлаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида Тошкент шаҳридаги Халқаро шахмат академиясида “Шахмат кунлари” турнири ўтказилди.
“Ўзбекистон Республикаси касаба уюшмалари куни” байрами муносабати билан “Ўзбекнефтгаз” АЖ тизимидаги завод, бошқармаларда спорт тадбирлари ташкил этилди. Шу жумладан, “Ўзбекнефтгаз” АЖ Муборак нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармаси ишчи-ходимлари ўртасида спортнинг мини-футбол тури бўйича мусобақа турнири, Устюрт газ қазиб чиқариш бошқармасида хотин-қизлар ўртасида спортнинг шахмат, шашка, стол-тенниси турлари ҳамда ота-она ва бола иштирокида оилавий “Спартакиада” мусобақалари ўтказилди. Газли нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармаси ишчи-ходимлари ва ёшлари иштирокида "Заковат" интеллектуал ўйинлари ташкил этилди. Муборак газни қайта ишлаш заводи, Шўртан ва Муборак нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармаларида “Юрт тараққиёти йўлида бирлашайлик”, “Касаба уюшмалари бугун ва келажакда” мавзусида давра суҳбатлари ўтказилиб, касаба уюшма қўмитаси фаоллари, меҳнат фахрийлари эсдалик совғалари билан тақдирланишди.
Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги спорт маркази ўқ отиш базасида “Ўзбекнефтгаз” АЖ марказий аппаратида меҳнат қилаётган эркак ва аёл ишчи-ходимлар ўртасида спортнинг пневматик қуролдан ўқ отиш спорти бўйича ўтказилган мусобақа ҳам ходимларни спортга бўлган қизиқишларини янада оширди, десак муболаға бўлмайди.
Ўтган йилда маданий-маърифий тадбирлар йўналишида бир қанча ижобий ишлар амалга оширилди.
Баҳорнинг илк байрами 8-март - “Халқаро хотин-қизлар куни”нини муносиб нишонлаш мақсадида аёллар жамият маблағи ҳисобидан моддий рағбатлантирилиб, касаба уюшма қўмитаси томониданг эсдалик совғалари топширилиб, маданий-маърифий концерт дастурлари ташкил этилди. Бундан ташқари, “Ўзбекнефтгаз” АЖ Хотин-қизлар жамоатчилик кенгаши билан хамкорликда “Жамоани шакллантириш ва жипслаштириш”, “Касб этикаси”, “Психологик тўсиқлар” мавзусида психологик тренинг, “Аёллар ва оилавий вазифаларни бажариш билан машғул шахсларга бериладиган қўшимча ва кафолатлар” мавзусида лекция, “Мен Онам билан фахрланаман” мавзусида болалар ўртасида расм чизиш кўрик танлов ташкил этилди.
“Наврўз” умумхалқ байрами арафасида ходимлар учун байрамона дастурхон безатилиб, маданий-маърифий концерт дастурлари ташкил этилди.
Ходимларнинг бўш вақтларини сермазмун ўтказишлари, уларни маънавий озуқа олишлари мақсадида концерт, театр, музей, кино ва кўргазма залларига ташрифлар уюштирилди.
“Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 30 йиллиги” байрами арафасида “Ўзбекнефтгаз” АЖ тизимидаги завод ва бошқармаларда кенг нишонланиб, жойларда мутасадди ходимларни таклиф этилган ҳолда давра сухбатлари ташкил этилди.
Албатта шуни таъкидлаш жоизки, корхоналардаги ишчи-ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий ва ҳуқуқий манфаатларин ҳимоя қилиш уларнинг меҳнатини алоҳида эътироф этиш, моддий ва маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, маданий-маърифий тадбирлар ташкил этиш каби масалалар касаба уюшма ташкилотнинг биринчи галдаги вазифасидир. Шу боисдан касаба уюшма қўмитаси, тизимда меҳнат қилаётган ҳар бир ишчи-ходимнинг манфаати йўлида хизмат қилишга доимо тайёр. Келгусида касаба уюшма ташкилоти томонидан иш берувчи билан биргаликда янада бир қанча ижобий ишларни амалга оширилиши режалаштирилган.
“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати
#нефть#газ#энергия#скважин#инвестиция#добыча#углеводород#экономика#завод#нефтебаза#қудуқ#кон#иқтисод#аёқш