#jinoyat_jazosiz_qolmaydi
January 21, 2019

Спортчининг қотиллигида айбланаётган жиноятчилар 18 йилга қамалди

uztime.uz

Олмаотадаги ихтисослаштирилган туманлараро суди қозоғистонлик фигурачи Денис Теннинг қотиллигида айбланаётган 24 ёшли Арман Қудайбергенов ва Нурали Қиясовни 18 йил муддатга озодликдан маҳрум қилди. Улар максимал хавфсизлик муассасасида жазони ўтайди.

Аввалроқ прокурор судланувчиларга 20 йил қамоқ жазоси берилишини сўраган эди. Уларнинг шериги – жиноят ҳақида маълумот бермаганликда айбланган 23 ёшли Жанар Толибаева 4 йил озодликдан маҳрум қилинди, у ўрта хавфсизлик муассасасида жазони ўтайди.

Суд мажлисларида чиқиш қилган судланувчилар, қилмишларидан пушаймон эканлигини айтди ва Денис Теннинг қариндошларидан узр сўради. Шу билан бирга улар айблов қайта кўриб чиқилишини илтимос қилди: айбланувчиларнинг версиясига кўра, улар фақат ўғирлик қилмоқчи бўлган, спортчини ўлдиришни мақсад қилмаган.

Прокурор суддан ўғирлик ва қотилликда айбланаётган Арман Қудайбергенов ва Нурали Қиясовларни айбдор, деб топиш ва уларнинг ҳар бирига 20 йил қамоқ жазоси берилишини сўради. Жиноят ҳақида маълумот бермаганликда айбланаётган Жанар Толибаевага прокурор тўрт йил қамоқ жазоси берилишини сўради. Прокурор Қунадиқ Досовнинг сўзларига қараганда, “суд жараёнида уларнинг айби тўлалигича тасдиқланди”.

Суд мажлисида марҳумнинг онаси жиноий иш яна терговга қайтарилишини сўради. Жабрдийда томоннинг фикрича, судланувчиларнинг ҳаракатларида буюртма қотиллик аломатлари бор. Оксана Тен судда баёнот беришича, видеокузатув камераларидан кўриниб турибдики, гумондорларнинг юрган йўли ва судда берган кўрсатмалари уларга автомашина эгаси кимлиги аввалдан маълум бўлган. Унинг сўзларига қараганда, иш бўйича мавжуд бўлган телефон суҳбатлари ва суд мажлиси давомида ўтказилган тадқиқотларга кўра, судланувчи Толибаева, шунингдек “суд мажлисида сўроққа тутилган айрим шахслар” умумий алоқага эга бўлган ва улар “қотилликка қадар ўзаро мулоқот қилишган”. “Кўриниб турибдики, ўта оғир бўлган жиноят судга қадар тергов давомида аниқланмаган”, дейди Оксана Тен.

“Менимча, юқорида кўрсатилган далиллар асосида суд Олмаота шаҳар прокурорига иш қайта тергов қилиниши юзасидан алоҳида қарор чиқариши керак ва айбдорларга тегишли модда бўйича, аниқроғи 99-модданинг 2-қисми 8-пункти буюртма бўйича қотиллик асосида айблов қўйилиши керак”, дея қўшимча қилади ўз сўзига. Прокуратура вакили жабрдийда томоннинг даъвосини қўллаб-қувватламади.

2014 йилги Сочида бўлиб ўтган Олимпиада ўйинларининг бронза медали соҳиби Денис Тен ўтган йилнинг 19 июль куни Олмаотадаги шифохонада вафот этди. У мазкур шифохонага ўша куни пичоқдан олган жароҳатлари туфайли олиб келинган эди. Полиция версиясига кўра, Тен ҳодиса жойида қўлга олинган автомобиль ўғриларининг қурбонига айланган. У жиноят ҳодисаси жойида автомобилининг кўзгусини ўғирламоқчи бўлган эркакларни кўриб қолган. Тен уларга халақит бермоқчи бўлганида, улар пичоқ билан ҳужум қилган. Қон шу қадар кўп кетганки, шифокорларнинг саъй-ҳаракатларига қарамай, спортчи ўша куни шифохонада вафот этди. 25 ёшли Денис Тен Қозоғистон, Россия ва бошқа мамлакатларда жуда ҳам машҳур эди. У VII-қишки Осиё ўйинлари чемпиони эди.​​