#huquqiy_axborot
February 6, 2019

Жаҳон банки ва Халқаро молия корпорациясининг “Бизнес юритиш” йиллик ҳисоботида Ўзбекистон Республикасининг рейтингини яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида​

Ўзбекистон Республикаси Президентининг

қарори

Сўнгги бир неча йиллар давомида тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш соҳасида норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар базасини ва тартибга солиш жараёнларини такомиллаштиришга, қулай бизнес муҳитини ва халқаро майдонда мамлакатнинг ижобий нуфузини шакллантиришга қаратилган чора-тадбирлар кўрилди. Охирги 5 йил давомида кўрилган чора-тадбирлар натижасида Жаҳон банки ва Халқаро молия корпорациясининг “Бизнес юритиш” рейтингида Ўзбекистон жаҳоннинг 190 та мамлакати орасида 146-ўриндан 76-ўринга кўтарилди.

Шу билан бирга, амалиётда, хусусан, қурилишга рухсатномалар олишда, мулкни рўйхатдан ўтказишда ва ташқи савдо операцияларини амалга оширишда тадбиркорлик субъектлари дуч келаётган ортиқча бюрократик тартиб-таомиллар ҳанузгача сақланиб қолмоқда.

“Бизнес юритиш” йиллик ҳисоботида мамлакатнинг рейтингини яхшилашга доир қўшимча чоралар кўриш, шунингдек, 2017-2021йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастури ижросини таъминлаш мақсадида:

1. Қуйидагилар:

а) Жаҳон банки ва бошқа халқаро молиявий институтлар билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган Жаҳон банки ва Халқаро молия корпорациясининг “Бизнес юритиш” йиллик ҳисоботида Ўзбекистон Республикасининг рейтингини янада яхшилаш бўйича “Йўл харитаси” (кейинги ўринларда – “Йўл харитаси”) 1-иловага мувофиқ;

б) 2022 йилга келиб республиканинг 20-ўринга эришишини назарда тутувчи Жаҳон банки ва Халқаро молия корпорациясининг “Бизнес юритиш” йиллик ҳисоботида Ўзбекистон Республикаси рейтингини яхшилашнинг “Бизнес юритишни яхшилаш – 2022” мақсадли кўрсаткичлари (кейинги ўринларда – Мақсадли кўрсаткичлар) 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

2. 2019 йил 1 мартдан бошлаб шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ:

а) тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш соҳасида – банклар Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш бўйича молиявий чоралар ишлаб чиқувчи гуруҳнинг (ФАТФ) талабларидан келиб чиқиб, ариза берувчиларни масофадан туриб идентификация қилиш учун зарур бўлган шарт-шароитлар мавжуд бўлганда таъсисчилари Ўзбекистон Республикаси резидентлари ҳисобланган юридик шахсларга ва якка тартибдаги тадбиркорларга уларни давлат рўйхатидан ўтказиш жараёнида банк ҳисобрақамларини масофадан туриб очиши мумкин;

б) қурилиш учун рухсатномалар олиш соҳасида:

ер участкасида қурилиши тақиқланган ёки рухсат этилган объектлар турларининг тўлиқ рўйхатини мажбурий тарзда кўрсатиб, “E-IJRO AUKSION” электрон савдо майдончасига аукцион орқали қўйилганда, ер участкаларидан мақсадли фойдаланиш тартиби бекор қилинади;

қурилиш органларига архитектура-шаҳарсозлик кенгашларининг лойиҳа-смета ҳужжатларини келишиш функциялари ушбу кенгашларда фақат тарихий ҳудудлар, шу жумладан, маданий мерос ёдгорликларини қўриқлаш ҳудудлари, шунингдек, давлат объектларининг лойиҳа-смета ҳужжатларини келишиш функцияларини сақлаб қолган ҳолда ўтказилади;

“E-IJRO AUKSION” электрон савдо майдончасида аукцион орқали реализация қилинган ер участкаларидаги қурилиш объекти фойдаланишга топширилганидан сўнг амалга ошириладиган топографик ва махсус суратга олишларни (зарур ҳолларда) янгилаш ишларининг қиймати ер участкаларини реализация қилишдан тушган маблағлар доирасида ер участкалари ва кўчмас мулк эгалари фаолиятига аралашмаган ёки тўсқинлик қилмаган ҳолда тўланади;

қурилиши тугалланган бино ва иншоотларни фойдаланишга қабул қилиш далолатномаси кўчмас мулк объектига бўлган ҳуқуқ давлат рўйхатидан ўтказилганлиги ҳақидаги гувоҳнома кўчирмаси билан бир вақтда берилади;

в) электр таъминоти тизимига уланиш соҳасида – истеъмолчиларни электр таъминотидан рухсатсиз узганлик учун иқтисодий санкциялар қўлланилади;

г) мулкни рўйхатдан ўтказиш соҳасида:

кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш ва кадастр ҳисобини юритиш учун ариза экстерриториаллик принципи асосида берилиши мумкин;

жисмоний ва юридик шахслар кўчмас мулк объектлари бўйича битим ва кўчмас мулкка эгалик ҳуқуқини олиш билан боғлиқ бўлган гувоҳномаларни нотариал тасдиқлаш учун мурожаат қилганда, нотариал идоралар мажбурий тартибда кўчмас мулк объектларига бўлган ҳуқуқни давлат рўйхатидан ўтказиш тўғрисидаги аризани ва тегишли ҳужжатларни давлат рўйхатидан ўтказишни амалга оширувчи органга ахборот-коммуникация тизимлари орқали бепул асосда юборади;

кўчмас мулк объектининг кадастр йиғмажилди ва кадастр ҳужжатларини тайёрлаш учун электрон шаклда мурожаат қилиш ва тайёрлаш механизмини жорий этиш орқали қоғоз шаклида мурожаат қилиш ва кадастр йиғмажилдини бериш тўғрисидаги талаб бекор қилинади;

д) миноритар акциядорларни ҳимоя қилиш соҳасида:

акциядорларга йирик битим ва аффилланган шахслар билан қиймати жамият соф активлари миқдорининг 10 ва ундан ортиқ фоизини ташкил қилувчи битим тузиш натижасида жамиятга етказилган зарар учун кузатув кенгашининг манфаатдор аъзосини суд тартибида жавобгарликка тортиш ҳуқуқи берилади;

масъулияти чекланган ёки қўшимча масъулиятли жамият фаолияти юзасидан қайсидир масалада келишувга эришилмаганлиги сабабли қарор қабул қилиш учун етарли овоз бўлмаганда, вужудга келган зиддиятли вазият суд тартибида ҳал қилинади;

акциялар бўйича ҳисобланган дивидендларни Қимматли қоғозлар марказий депозитарийси ёки инвестиция воситачилари орқали тўлаш механизми жорий этилади;

е) халқаро савдо соҳасида – товарнинг келиб чиқиши тўғрисидаги сертификатни бериш Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги билан бир қаторда ташқи иқтисодий фаолият иштирокчисининг ариза-декларацияси асосида, ариза топширилган вақтдан бошлаб бир иш кунидан ортиқ бўлмаган муддатда Савдо-саноат палатаси томонидан ҳам амалга оширилади;

ж) контрактлар ижросини таъминлаш соҳасида:

иқтисодий судда низоларни ҳал қилиш усули сифатида судгача мажлис ўтказиш имконини берувчи тартиб жорий этилади;

жиноят ва фуқаролик ишлари бўйича судларда, маъмурий ва иқтисодий судларда фуқаролар томонидан амалга ошириладиган барча тўловларни, шу жумладан, давлат божини ҳисобга олиш ва тўлашнинг ягона электрон тизими жорий этилади.

3. 2019 йил 1 мартдан бошлаб:

давлат органлари ва бошқа ташкилотлар томонидан тадбиркорлик субъектларидан ҳужжатларга муҳр босилиши ёки ҳужжатларнинг муҳр билан тасдиқланишини талаб қилиш;

қурилиш-монтаж ишларининг бошланиши ҳақида хабардор қи��иш механизмини жорий этиш орқали уларни амалга ошириш учун рухсатнома олиш;

оммавий офертани жорий этиш орқали қурилиш соҳасини назорат қилувчи ҳудудий инспекциялар томонидан шаҳарсозлик тўғрисидаги қонун ҳужжатлари, шаҳарсозлик фаолияти соҳасидаги техник жиҳатдан тартибга солиш бўйича норматив ҳужжатлар талабларига риоя этилиши, тасдиқланган лойиҳа-смета ҳужжатларига мувофиқ қурилиш-монтаж ишларининг сифати ва тўлиқлиги устидан назорат функцияларини бажариш юзасидан шартномалар тузиш тартиблари бекор қилинсин.

4. Тошкент шаҳар ҳокимлиги, Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги ва Бош прокуратуранинг 2020 йил 1 январдан бошлаб Тошкент шаҳрида эксперимент тариқасида қуйидагиларни назарда тутувчи тартиб жорий этиш ҳақидаги таклифлари маъқуллансин:

шаҳарсозлик фаолияти объектини қуришни лойиҳалаштириш учун меъморий-режалаштириш топшириғини ишлаб чиқиш ер участкасини “E-IJRO AUKSION” электрон савдо майдончасида аукцион орқали реализация қилиш учун материаллар тайёрланаётганда амалга оширилади ва аукцион ғолибига бепул асосда берилади;

меъморий-режалаштириш топшириғини ишлаб чиқиш бўйича ишларнинг қиймати маҳаллий бюджет маблағларидан, кейинчалик харажатларни ер участкасини “E-IJRO AUKSION” электрон савдо майдончасида аукцион орқали реализация қилишдан келиб тушган маблағлардан қоплаш орқали тўланади.

5. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги:

Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, бошқа масъул вазирлик ва идоралар билан биргаликда 2019 йил 1 апрелга қадар Интернет тармоғида Жаҳон банки ва Халқаро молия корпорациясининг “Бизнес юритиш” йиллик ҳисоботи сўровномалари асосида 10 та индикатор кесимида қатъий белгиланган ахборотларни ўз ичига олган, шунингдек, респондентлар – тадбиркорлик субъектлари томонидан қонунчиликни такомиллаштириш юзасидан таклифлар бериш имконини таъминловчи “Ўзбекистонда бизнес юритиш” веб-сайтини яратсин;

Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳамда Давлат солиқ қўмитаси билан биргаликда 2019 йил 1 майга қадар электрон рақамли имзо билан бир қаторда, шу жумладан, мобиль қурилмаларда шахсни идентификация қилишнинг замонавий шаклларини қўллаш имкониятлари юзасидан асослантирилган таклифларни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритсинлар.

6. Қуйидагиларга:

Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари Б.М.Мавлонов зиммасига – “Йўл харитаси”да назарда тутилган чора-тадбирларнинг давлат органлари ва ташкилотлари томонидан самарали амалга оширилишини мувофиқлаштириш ва Мақсадли кўрсаткичларга эришиш юзасидан;

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг инвестициялар ва ташқи иқтисодий алоқалар масалалари бўйича ўринбосари Э.М.Ғаниев ва Ўзбекистон Республикаси инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.У.Умурзоқов зиммасига – “Йўл харитаси”да назарда тутилган чора-тадбирлар ва лойиҳаларни молиялаштириш учун халқаро молия ташкилотларининг техник кўмак воситалари ва кредитларини жалб қилиш бўйича зарур ташкилий-амалий чоралар кўрилишини таъминлаш юзасидан;

“Йўл харитаси”да кўрсатилган давлат органлари ва ташкилотлар раҳбарлари зиммасига – чора-тадбирларнинг сифатли амалга оширилиши ва “Бизнес юритиш” ҳисоботида Ўзбекистон Республикасининг ўрнини яхшилаш ҳамда Мақсадли кўрсаткичларга эришиш юзасидан шахсий жавобгарлик юклансин.

7. Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги билан биргаликда “Йўл харитаси”ни амалга ошириш доирасида қонун ҳужжатлари талабларининг амалиётга жорий этилишини тизимли равишда ўрганиб борсин, бунда тасдиқланган чора-тадбирларнинг ўз вақтида бажарилишини таъминламаган ҳамда кечикишларга йўл қўйган давлат органлари ва ташкилотларининг мансабдор шахсларига нисбатан аниқ таъсир чораларини қўлласин.

8. Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси ҳамда Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан биргаликда Жаҳон банки ва Халқаро молия корпорациясининг “Бизнес юритиш” йиллик ҳисоботидаги индикаторлар доирасида амалга оширилаётган ислоҳотлар тўғрисидаги ахборотни оммавий ахборот воситаларида ва Интернет тармоғида кенг ёритилишини ҳамда аҳолига ва тадбиркорлик субъектларига тушунтирилишини таъминласин.

9. Вазирлик ва идоралар икки ой муддатда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни мазкур қарорга мувофиқлаштирсин.

10. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари З.Ш.Низомиддинов ва Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари Б.М.Мавлонов зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикаси

Президенти                             Ш.МИРЗИЁЕВ

Тошкент шаҳри, 

2019 йил 5 февраль

Алкоголь ва тамаки маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва уларнинг айланмасини давлат томонидан тартибга солишни такомиллаштириш ҳамда узумчилик ва виночиликни ривожлантиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида​

​Ўзбекистон Республикаси Президентининг

фармони

Узумчилик ва виночиликни янада ривожлантириш, ишлаб чиқарилаётган алкоголь ва тамаки маҳсулотларини реализация қилиш тизимини такомиллаштириш, уларнинг ишлаб чиқарилиши ва айланмасини самарали мониторинг қилиш, давлатнинг иқтисодиётдаги иштирокини қисқартириш ва мамлакатнинг инвестицион мафтункорлигини ошириш, шунингдек, 2017-2021йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастурида белгиланган вазифаларнинг ижросини таъминлаш мақсадида:

1. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Молия вазирлиги, Давлат активларини бошқариш агентлигининг:

а) Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузурида Узумчилик ва виночиликни ривожлантириш агентлигини (кейинги ўринларда – Агентлик) ташкил қилиш;

б) Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузурида Алкоголь ва тамаки бозорини тартибга солиш инспекциясини (кейинги ўринларда – Инспекция) ташкил қилиш;

в) “Ўзшаробсаноат” АЖнинг бошқарув органлари йиғилишларида жамиятнинг ташкилотлар устав капиталларидаги улушини 1-иловага мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлигига бериш билан жамиятни тугатиш масаласини кўриб чиқишни илгари суриш;

г) қуйидагиларнинг устав капиталидаги улушини:

“Ўзшаробсаноат” АЖ “Зомин узумчилик ўқув маркази” МЧЖни келгусида уни Агентлик қошидаги “Узумчилик ўқув маркази” ДУКга айлантирган ҳолда;

“Ўзшаробсаноат” АЖнинг “Марказий синов лабораторияси” МЧЖни келгусида уни Агентлик ҳузуридаги “Энология лабораторияси” ДУКга айлантирган ҳолда Агентликка бериш ҳақидаги таклифлари қабул қилинсин.

2. Қуйидагилар белгилансин:

а) Агентликнинг асосий вазифалари этиб:

узумчилик ва виночилик соҳасида ягона давлат сиёсатини юритиш, шунингдек, узумчилик ва виночиликни жадал ривожлантиришга йўналтирилган комплекс мақсадли дастурларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;

узум, асосан унинг техник навлари плантацияларини кенгайтиришга, ва виночиликни ривожлантиришга, замонавий ресурс тежовчи технологияларни жорий этишга, виночилик корхоналарини комплекс модернизациялашга кўмаклашиш;

рақобатбардош виночилик маҳсулотлари ишлаб чиқаришни ташкил қилиш учун тўғридан-тўғри инвестицияларни жалб этишда узум етиштирувчилар ва вино тайёрловчиларни қўллаб-қувватлаш, ташқи бозорлар конъюнктурасини чуқур маркетинг тадқиқотлари ўтказиш йўли билан соҳанинг экспорт салоҳиятини ошириш, шунингдек, маҳаллий виночилик маҳсулотларини республикада, жумладан, хорижда ҳам оммалаштириш;

хорижий ва маҳаллий таълим муассасалари, илмий-тадқиқот институтлари ва тармоқнинг етакчи ишлаб чиқарувчилари билан ҳамкорлик қилиш орқали узумчилик ва виночилик соҳасида юқори малакали мутахассисларни тайёрлашга кўмаклашиш;

узум кўчатлари етиштирувчилар фаолиятини тартибга солиш, узум, мева ва резаворлардан тайёрланган алкоголь маҳсулотлари сифатини аниқлаш юзасидан Инспекция билан ҳамкорлик қилиш;

Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси билан биргаликда узум плантацияларининг электрон реестрини юритиш;

б) Инспекциянинг асосий вазифалари этиб:

истеъмол ва техник этил спирти, алкоголь ва тамаки маҳсулотларини ишлаб чиқариш, шунингдек, алкоголь маҳсулотларининг улгуржи савдоси бўйича фаолиятни лицензиялаштириш;

истеъмол ва техник этил спирти, алкоголь ва тамаки маҳсулотларини ишлаб чиқариш ҳамда уларнинг айланмаси ҳажмларини мониторинг ва назорат қилиш бўйича ахборот тизимларини жорий этиш ва ривожлантириш;

алкоголь ва бошқа маҳсулотларни ишлаб чиқариш учун корхоналар ўртасида истеъмолэтил спиртини белгиланган тартибда тақсимлаш;

давлат стандартлари ва қонун ҳужжатлари талабларига қатъий амал қилган ҳолда истеъмол ва техник этил спирти, алкоголь ва тамаки маҳсулотларини ишлаб чиқаришда техник ва технологик нормаларга мувофиқлигини назорат қилиш;

истеъмол ва техник этил спирти, алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг сақланиш сифати ва айланмасини, шу жумладан, истеъмол ва техник этил спирти, алкоголь ва тамаки маҳсулотларини ишлаб чиқаришда қўлланадиган хомашё ва ёрдамчи материаллар сифатини назорат қилиш;

истеъмол ва техник этил спирти, алкоголь ва тамаки маҳсулотларини ишлаб чиқарувчилар ҳамда алкоголь маҳсулотларининг улгуржи савдоси билан шуғулланувчи корхоналар томонидан лицензион талабларга амал қилинишини назорат қилиш;

истеъмол ва техник этил спирти, алкоголь ва тамаки маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва улар айланмасининг ҳақиқий ҳажмларини мониторинг қилиш, шунингдек, алкоголь ва тамаки маҳсулотлари учун янги намунадаги акциз маркаларини ишлаб чиқишда қатнашиш;

истеъмол ва техник этил спирти, алкоголь ва тамаки маҳсулотларини ишлаб чиқарувчилар ҳамда алкоголь маҳсулотларининг улгуржи савдоси билан шуғулланувчи корхоналар томонидан солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларнинг ўз вақтида ва тўлиқ туширилишини таъминлаш бўйича давлат солиқ хизмати органлари билан ўзаро ҳамкорлик қилиш;

узум, мева ва резаворлардан тайёрланган алкоголь маҳсулотлари сифатини аниқлаш юзасидан Агентлик билан ҳамкорлик қилиш.

3. Шундай тартиб белгилансинки, унга мувофиқ:

истеъмол ва техник этил спирти, алкоголь ва тамаки маҳсулотларини ишлаб чиқариш ҳамда алкоголь маҳсулотларининг улгуржи савдоси Инспекция томонидан белгиланган тартибда бериладиган лицензиялар асосида амалга оширилади;

алкоголь маҳсулотларини ишлаб чиқарувчилар маҳсулотни фақат улгуржи ташкилотларга реализация қилади, пиво маҳсулотлари, кўпикланадиган ва табиий винолар бундан мустасно;

барча юридик шахслар қонунчиликда белгиланган тартибда алкоголь маҳсулотларининг улгуржи савдоси билан шуғулланишга ҳақли;

маҳаллий пиво маҳсулотлари, кўпикланадиган ва табиий виноларни реализация қилиш барча савдо корхоналари, шунингдек, меҳмонхоналар хизматларини ҳамда алкоголь маҳсулотларини реализация қилиш ҳуқуқини берувчи рухсат этиш гувоҳномаси бўлмасдан туриб умумий овқатланиш хизматларини кўрсатувчи ташкилотлар томонидан амалга оширилиши мумкин;

Инспекция ҳу��уридаги этил спирти сифатини аниқлаш бўйича лабораториялар, уларнинг тегишли тарзда ишлаши учун зарур техник шароитларни таъминлайдиган истеъмолэтил спиртини ишлаб чиқарувчи корхоналарда жойлашади;

ишлаб чиқарувчилар томонидан истеъмолэтил спиртини реализация қилиш 100 фоиз ҳақини олдиндан тўлаш шартларида амалга оширилади;

алкоголь маҳсулотларини ишлаб чиқарувчилар олдиндан тўловни амалга оширмасдан алкоголь маҳсулотларини реализация қилиш ҳуқуқига эга;

алкоголь маҳсулотларини ишлаб чиқарувчилар томонидан истеъмолэтил спиртини Инспекция томонидан тақсимланган ҳажмлардан ортиқча ҳажмда харид қилиш Инспекцияни белгиланган тартибда хабардор қилиш йўли билан амалга оширилади;

алкоголь ва тамаки маҳсулотларини ишлаб чиқариш ҳажмларини режалаштириш ишлаб чиқарувчилар томонидан бозор конъюнктурасини ҳисобга олган ҳолда амалга оширилади.

4. 2020 йил 1 январдан бошлаб ароқ ва (ёки) ликёр-ароқ маҳсулотларини ишлаб чиқарувчилар учун алкоголь маҳсулотларини ишлаб чиқариш бўйича фаолиятни амалга оширишга қуйидаги қўшимча лицензион талаблар жорий этилсин:

уч йил ичида ўзининг техник узум навлари плантацияларини бир текис яратиш ва келгусида вино материаллари ва (ёки) вино ишлаб чиқаришни ташкил қилиш. Бунда техник узум навлари экилганидан кейинги уч йилдан сўнг техник узум навлари плантацияларининг майдони ароқ ва (ёки) ликёр-ароқ маҳсулотларини йиллик ишлаб чиқариш ҳажмининг 75 фоизига мутаносиб келадиган вино материаллари ва (ёки) вино ишлаб чиқариш учун зарур бўлган ҳосилни йиғиш имконини бериши керак;

ароқ ҳамда истеъмолэтил спиртидан ароқ ва ликёр-ароқ маҳсулотларини ишлаб чиқариш бўйича мавжуд йиллик ишлаб чиқариш қувватларидан ўрнатилган қувватларнинг 60 фоизидан кам бўлмаган миқдорда фойдаланилишини таъминлаш. Бунда йиллик ишлаб чиқариш ҳажми абсолют алкоголга қайта ҳисоблаганда камида 100 минг декалитрни ташкил қилиши лозим;

ароқ ишлаб чиқармайдиган корхоналарда истеъмолэтил спиртидан ликёр-ароқ маҳсулотларини ишлаб чиқариш бўйича мавжуд йиллик ишлаб чиқариш қувватларидан ўрнатилган қувватларнинг 50 фоизидан кам бўлмаган миқдорда фойдаланилишини таъминлаш;

бунда узум, мевалар ва резавордан тайёрланган алкоголь маҳсулотларига минимал ишлаб чиқариш ҳажми бўйича лицензион талаб ўрнатилмайди.

5. Белгилансинки, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Этил спирти, алкоголли маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва тамаки маҳсулотлари ишлаб чиқариш фаолиятини лицензиялаш комиссияси томонидан алкоголли маҳсулотлар ишлаб чиқариш фаолиятини амалга оширишга илгари берилган лицензиялар, амал қилиш муддатидан қатъи назар, 2019 йил 1 июлгача ҳақиқий ҳисобланади ва янги лицензия талабларини ҳисобга олган ҳолда қайта расмийлаштирилиши шарт.

6. Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги:

Тошкент шаҳри, Абай кўчаси, 6-уй манзили бўйича жойлашган тугатилаётган “Ўзшаробсаноат” АЖнинг бино ва иншоотларини жиҳозлари ва ташкилий техникаси билан бирга Агентлик ва Инспекциянинг оператив бошқарувига бериш, шунингдек, тугатиш жараёни якунланганидан кейин жамиятнинг қолган пул маблағлари ва асосий воситаларини Агентлик ва Инспекцияга тенг улушларда тақсимлаш;

бир ой муддатда “Ўзстандарт” агентлиги балансидаги этил спиртнинг сифатини аниқлаш бўйича лабораториялар мулкини Инспекциянинг оператив бошқарувига бериш;

2019 йил 1 октябрга қадар Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги билан биргаликда алкоголь, ликёр-ароқ ва вино маҳсулотларини ишлаб чиқарувчи корхоналардаги давлат улушларини сотиш учун, жумладан, техник навли токзорларни яратиш ва ишлаб чиқариш қувватларини модернизациялашни кўзда тутган ҳолда инвестициявий талабларни тайёрлаш;

2019 йилнинг охиригача “Ўзшаробсаноат” АЖнинг мазкур Фармонга 1-иловада кўзда тутилган агрофирмалар, улгуржи базалар ва бошқа ташкилотлар устав жамғармаларидаги давлат улушларини белгиланган тартибда савдога қўйишни таъминласин.

Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳамда Давлат активларини бошқариш агентлиги салоҳиятли, жумладан, хорижий инвесторларни мазкур Фармонга мувофиқ реализация қилинадиган объектлар ҳақида кенг хабардор қилиш ва уларни харид қилишга жалб этиш бўйича зарур чора-тадбирларни қабул қилсин.

7. Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги Қишлоқ хўжалиги вазирлиги билан биргаликда бир ой муддатда, технологик ва иқтисодий мақсадга мувофиқлигини инобатга олган ҳолда, истеъмолэтил спиртини ишлаб чиқарувчилар томонидан ўз буғдойзорларини ташкил қилиш бўйича таклифларни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритсин.

8. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги икки ой муддатда мазкур Фармон талабларини инобатга олган ҳолда, жумладан, қуйидагиларни назарда тутувчи“Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиришлар ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун лойиҳасини Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритсин:

алкоголь маҳсулотлари айланмасини ҳисобга олиш ахборот тизимига уланишни асосий лицензия талаби сифатида белгилаган ҳолда алкоголь маҳсулотининг улгуржи савдосини амалга ошириш бўйича лицензия фаолиятининг янги турини жорий этиш;

алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг таълим, спорт ва диний муассасалардан тўғри чизиқ бўйича икки юз метрдан ортиқ радиусда жойлашган савдо объектларида, шунингдек, умумий савдо майдони минг квадратметрдан ортиқ бўлган савдо мажмуалари (бозорлар) ва ярмарка павильонларида реализация қилиш;

республика ҳудудига алкоголь маҳсулотларини полиэтилен, полистирол ва бошқа полимер материаллардан тайёрланган полимер истеъмол идишларида олиб киришга тақиқ ва жавобгарликни ўрнатиш, пиво ва вино маҳсулотлари бундан мустасно.

9. Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим ҳужжатларига 2-иловага мувофиқ ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.

10. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ва Қишлоқ хўжалиги вазирлиги бошқа манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонун ҳужжатларига мазкур Фармондан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритилсин.

11. Мазкур Фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари З.Ш.Низомиддинов ва Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари Б.М.Мавлонов зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикаси

Президенти                    Ш.МИРЗИЁЕВ

Тошкент шаҳри,

2019 йил 5 февраль

Ўзбекистон Республикасида 2022 йилда аҳолини рўйхатга олишни ўтказиш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг

фармони

Ўзбекистон Республикаси аҳолиси ва унинг фаровонлиги тўғрисидаги ишончли маълумот узоқ муддатли прогнозлар ва давлатнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиш мақсадли дастурларини, янги иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастурларини ишлаб чиқиш, барқарор ривожланиш Миллий мақсадлари индикаторларини шакллантириш, меҳнат ресурслари жойлашуви ва улардан фойдаланиш жараёнларини ўрганиш, илмий тадқиқотлар олиб бориш учун муҳим пойдевор ҳисобланади.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти 2015 йил 10 июндаги “2020 йилда аҳоли ва уй-жой фондини рўйхатга олиш борасидаги принциплар ва тавсиялар” резолюциясига таяниб, аъзо давлатларни 2020 йилда Бутунжаҳон аҳоли ва уй-жой фондини рўйхатга олиш дастури доирасида аҳоли ва уй-жой фондини рўйхатга олишга тааллуқли халқаро ва ҳудудий тавсияларни инобатга олган ҳолда камида бир марта аҳоли ва уй-жой фондини рўйхатга олишни ўтказишни қатъий даъват этади.

Мустақиллик йилларида Ўзбекистон Республикасида аҳолини рўйхатга олиш ўтказилмаган. Аҳоли сонига, ёш-жинс таркибига кескин таъсир кўрсатган ўзгаришлар, республика ҳудудидаги аҳоли жойлашуви хусусиятлари ва бошқа ижтимоий-демографик ўзига хосликлар аҳолининг жорий ҳисобига оид мавжуд маълумотларни қўллашни сезиларли даражада чекламоқда.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти 2020 йилда Бутунжаҳон аҳоли ва уй-жой фондини рўйхатга олиш дастурини қўллаб-қувватлашини эътиборга олган ҳолда, шунингдек, аҳоли сонининг аниқ ҳисоблаб чиқилишини таъминлаш, аниқ белгилаб қўйилган ягона ҳисобга олиш даврида аҳолининг жинси, ёши, оилавий аҳволи, маълумоти, ҳаёт даражаси, яшаш шароити, бандлиги, миллати, фуқаролиги ҳамда бошқа демографик, ижтимоий-иқтисодий хусусиятлари бўйича якка тартибда ҳисобга олиш ва батафсил тавсифлаш мақсадида:

1. Ўзбекистон Республикасида 2022 йилда аҳолини рўйхатга олиш ўтказилсин.

2. Қуйидагилар:

Ўзбекистон Республикасида 2022 йилда аҳолини рўйхатга олишни ўтказиш концепцияси 1-иловага мувофиқ;

Ўзбекистон Республикасида 2022 йилда аҳолини рўйхатга олишни ўтказишга доир комплекс чора-тадбирлар дастури 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

3. Қуйидагилар:

Ўзбекистон Республикасида 2022 йилда аҳолини рўйхатга олишни ўтказишга кўмаклашиш бўйича республика комиссияси 3-иловага мувофиқ таркибда;

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳузуридаги Ўзбекистон Республикасида 2022 йилда аҳолини рўйхатга олишни ўтказишга кўмаклашиш бўйича ҳудудий комиссиялар ташкил этилсин, уларнинг намунавий таркиби 4-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

4. Белгилаб қўйилсинки:

а) Ўзбекистон Республикасида 2022 йилда аҳолини рўйхатга олишни ўтказишга кўмаклашиш бўйича республика комиссиясининг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгилансин:

аҳолини рўйхатга олишга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш билан боғлиқ тадбирларнинг ўз вақтида ва сифатли бажарилишини таъминлаш;

аҳолини рўйхатга олишни ўтказишга ваколатли орган ҳамда бошқа давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ўртасидаги ўзаро ҳамкорликни мувофиқлаштириш;

аҳолини рўйхатга олишга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш жараёнини назорат қилиш;

аҳолини рўйхатга олишга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишни молиялаштириш, материалларни қайта ишлашни ташкил этиш ва якуний натижаларни эълон қилиш масалалари бўйича таклифларни кўриб чиқиш;

аҳолини рўйхатга олишни ўтказишда иштирок этиш учун жисмоний ва юридик шахсларни, уларнинг меҳнатига ҳақ тўлаш масалаларини ҳал қилган ҳолда, жалб этишни ташкил этиш;

ташкилотларни, уларнинг мулкчилик шаклидан қатъий назар, аҳолини рўйхатга олишга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш билан боғлиқ ишларга, шунингдек, халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликни фаоллаштириш ва ҳамкорлик самарадорлигини ошириш бўйича таклифлар ишлаб чиқишга жалб қилиш масалаларини кўриб чиқиш;

б) Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳузуридаги Ўзбекистон Республикасида 2022 йилда аҳолини рўйхатга олишни ўтказишга кўмаклашиш бўйича ҳудудий комиссияларнинг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгилансин:

ҳудудларда аҳолини рўйхатга олишга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича ишларни аниқ чора-тадбирлар ва масъул ижрочиларни кўрсатган ҳолда ташкил этиш;

ҳудудларда аҳолини рўйхатга олишга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш учун қулай шарт-шароитлар яратиш билан боғлиқ масалалар юзасидан, шунингдек, аҳолини рўйхатга олишни ўтказиш бўйича ваколатли орган ҳудудий бўлинмаларини ва бу жараёнга жалб қилинган бошқа ташкилотларни моддий-техник таъминланганлигини мустаҳкамлаш масалалари бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;

ҳудудларда аҳолини рўйхатга олишга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича комплекс ишлар бажарилишини назорат қилиш;

ҳудудларда аҳолини рўйхатга олишга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишга жисмоний ва юридик шахсларни жалб этиш ҳамда иштирок этганларни рағбатлантириш.

5. Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Молия вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Адлия вазирлиги бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда 2019 йил 1 июлга қадар муддатда қуйидагиларни назарда тутувчи Ўзбекистон Республикасининг “Аҳолини рўйхатга олиш тўғрисида”ги қонуни лойиҳасини ишлаб чиқсин ва Вазирлар Маҳкамасига киритсин:

аҳолини рўйхатга олишни ўтказишнинг мақсадлари, тартиби, даври ва муддатлари;

илғор хорижий амалиётда қабул қилинган замонавий технология ва услубиётлар асосида аҳолини рўйхатга олишни ташкил этиш ва ўтказиш;

аҳолини рўйхатга олишни ташкил этиш ва ўтказишда давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг иштироки, уларнинг вазифалари, функциялари ҳамда жавобгарлигини кўрсатиш;

аҳолини рўйхатга олишни ташкил этиш ва ўтказишда жисмоний ҳамда юридик шахсларнинг иштироки, улар меҳнатига ҳақ тўлашнинг аниқ механизмлари ва манбаларини белгилаш;

аҳолини рўйхатга олиш якунларини амалга ошириш бўйича ташкилий-амалий, ҳуқуқий, иқтисодий ва бошқа чора-тадбирлар.

6. Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги оммавий ахборот воситаларида ушбу Фармоннинг мақсад ҳамда вазифаларини кенг ёритиш бўйича чиқишлар ва мавзуга оид кўрсатувларни ташкил этсин.

7. Вазирликлар ва идоралар, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, тегишли комиссиялар раҳбарлари мазкур Фармонда назарда тутилган вазифаларнинг ўз вақтида, тўлиқ ва сифатли бажарилиши учун шахсан жавобгарлиги белгилаб қўйилсин.

8. Мазкур Фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари З.Ш.Низомиддинов ва Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – молия вазири Ж.А.Қўчқоров зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикаси

Президенти                    Ш.МИРЗИЁЕВ

Тошкент шаҳри,

2019 йил 5 февраль