#mahalliy
March 18, 2019

​Педагогика - ҳақиқий жасорат “Эл-юрт ҳурмати” ордени соҳиби Улаш Қораев ҳаётига чизгилар

Педагогларни чинакам жасоратли инсонлар, деймиз. Боиси, таълим-тарбия сиёсатининг бош ижрочиси бўлиш, ёш авлод камолоти йўлида залворли юкни зиммасига олиш жасоратдан ўзгаси эмас.

Ғузор туманидаги 18-умумий ўрта таълим мактабида ана шундай фидоий, ўз касбини севувчи устоз, жамоадошлари ва шогирдлари эъзозидаги педагог Улаш Қораев раҳбарлик қилади. Улаш домланинг касбга меҳри жуда ёшлигида куртак ёзди. Мана ярим асрдан ошдики, у ҳамон таълим-тарбия билан ҳамнафас.

-Мактабимиз тумандаги энг илғор ва намунали таълим даргоҳларидан бири,-дейди биз билан суҳбатда Улаш Қораев. Ўқиб-ўрганишнинг катта ҳикмати бор экан, -дея эслайди ўтган кунларни устоз. Авваллари худди бир қанотда учиб юрган қушга ўхшардим, ишлаш давомида касбимга меҳр қўйиб, педагогика ҳаётим мазмунига айланиб бора бошлагач эса гуёки қўшқанотли қушга айлангандек ҳис қилдим ўзимни. Педагогика – ҳақиқий жасорат. Чунки, инсон бу касб орқали ҳаёти давомида қанча машаққат чекса, шунча олқиш олади. Бу исбот талаб қилинмайдиган ҳақиқат.

Устоз таълим соҳасидаги фидокорона меҳнатлари эвазига 1995 йилда “Халқ таълими аълочиси” кўкрак нишони билан, 2004 йилда эса Президент фармонига кўра, “Эл-юрт ҳурмати” ордени билан тақдирланди. Бундай юксак мукофот фидоий, жонкуяр ташкилотчи ва педагогнинг кучига куч, ғайратига ғайрат қўшгани шубҳасиз. Улаш Қораев раҳбарлик қилиб келаётган жамоа бугунги кунда ҳам нафақат тумандаги, балки вилоятдаги энг аҳил жамоалардан бири. Бугун Улаш ака фақат таълим-тарбия соҳаси билан чекланиб қолмасдан айни пайтда Қашқадарё вилоят халқ депутатлари кенгаши депутати сифатида ҳам халқ хизматида. У ўзининг таълим билан боғлиқ ҳаётидан ҳар лаҳза маъно топа олади.

Муқаддас ИСМОИЛОВА